Yangi hujjatlar

“Билайн” акциясида квартира ютган андижонликлар можароси ижобий ҳал бўлди

Эслатма: Ушбу мақола юртимиздаги нуфузли компаниялардан бирининг имиджи билан чамбарчас боғлиқ бўлганлиги сабабли, воқеалар тўлалигича баён қилинмасдан, умумийроқ мазмунда берилмоқда.
Шунингдек, шахсий маълумотлар борлиги сабабли, мақоладаги исмлар аслидан ўзгартирилиб берилмоқда.

 
Куни кеча Xushnudbek.uz сайти 1 ёшга тўлганлиги ҳақида маълумот берган эдим. Ўтган давр мобайнида сайтим орқали муштарийлар томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатларнинг асосий қисми ҳуқуқий масалада бўлиб, муштарийлар ўзларини қизиқтирган ёки ўзлари дуч келган ҳуқуқий муаммолар ҳақида баён қилишган. Тан оламан, барча саволларга ҳам тўлиқлигича жавоб беришга имконим бўлмайди, аммо қўлимдан келганича мендан маслаҳат сўраганларга ёрдам беришга ҳаракат қилиб келяпман. Яқинда Facebook ижтимоий тармоғи орқали келган бир мурожаат мазмун жиҳатдан мени шу даражада қизиқтириб қўйди-ки, ушбу муаммо бўйича нафақат маслаҳат бериш, балки шахсан ўзим шуғулланишга қарор қилдим.

Мурожаатда Жонибек исмли андижонлик йигит бир муаммо ҳақида баён қилиб, маслаҳат сўраганди. Мурожаат мазмуни қуйидагича эди:

Facebook орқали юборилган хатдан скриншот

Facebook орқали юборилган хатдан скриншот

Маълум бўлишича, “Билайн” компанияси томонидан ўтказилаётган “Инновация” глобал акцияси доирасида андижонликларга квартира ютуғи чиққан. Ютуқ чиққан рақам Жонибекнинг онаси Роҳатой опа номига расмийлаштирилган бўлиб, Роҳатой опа 2010 йилда вафот этган эканлар (жойлари жаннатдан бўлсин). Уларнинг вафотидан кейин Жонибекнинг оиласи ушбу рақамни онасидан хотира сифатида 4 йил давомида фойдаланиб келган. Бироқ рақамни қайта расмийлаштириш хаёлларига ҳам келмаган. Тўғри-да, компания томонидан ўчирилмагандан кейин, харажатлар учун зарур пулни тўлаб, бемалаол ишлатиб юраверишган.

"Билайн" расмий сайтидаги акция ғолиби ҳақидаги маълумот

“Билайн” расмий сайтидаги акция ғолиби ҳақидаги маълумот

Ютуқ чиққандан сўнг, улар “Билайн” компаниясининг Андижон вилояти бўйича бош офисига мурожаат қилишган. Ҳудудий офис вакиллари дастлаб ютуқни беришни, уни олиш учун қандай ҳужжатлар кераклигини айтишган. Маълум муддат ўтгач эса, улар квартирани бермасликка ҳаққи борлигини, ушбу масала фақат Тошкентдаги Бош офис орқалигина ҳал бўлиши мумкинлигини таъкидлашган.

Шундай вазиятда Жонибек менга маслаҳат сўраб хат ёзишга қарор қилган. Ютуқ 3 октябрда чиққан бўлса, менга 6 октябрь куни мактуб ёзганлар. Бу ҳолат ҳақида ўқишим ҳамоно, мени қизиқтириб қўйди ва телефон рақамимни ёзиб, қўнғироқ қилишларини, телефон орқали батафсил гаплашиб олишимиз мумкинлиги айтдим.

Ростини айтсам, бундай ҳаётий, амалий казуслар ҳуқуқшуносларнинг жон-у дили. Ҳамма ҳуқуқшуносларнинг десам, балки нотўғри бўлар, шахсан мен учун шундай.

Жонибек билан телефонда гаплашиб, вазият ҳақида батафсил билиб олгач, компания Бош офисига боришимни, натижаси ҳақида эса хабар беришимни маълум қилдим. Суҳбатнинг эртаси куни, яъни 7 октябрь куни, қайдасан “Билайн” дея, компания Бош офисига келдим. Мақсад компания юристлари билан юқоридаги масалада гаплашиш эди. Бироқ ҳар қанча уринмай, юристлар билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. Уларнинг ўрнига Назокат исмли “Инновация” глобал акцияси координаторларидан бири билан гаплашдим.

Ярим соат атрофидаги суҳбат давомида лойиҳа координатори шуни маълум қилдики, амалдаги тартиб-қоидага кўра, “Билайн” ютуққа чиққан квартирани бермасликка ҳақли. Фуқаролик Кодекси, қонунлар ҳамда абонент ва компания ўртасида тузилган шартнома, “Инновация” глобал акцияси қоидалари шартларига асосан, вафот этган абонент номига чиққан ютуқ ҳақиқий эмас деб топилиши керак. Уларнинг даъвоси бўйича, абонент вафот этгач, яқинлари 3 ой ичида рақамни қайта расмийлаштиришлари лозим эди ва ўшанда ютуқ ҳақиқий ҳисобланарди.

Хуллас, координатор билан суҳбатдан шу нарса аён бўлдики, мен келгунимгача андижонликлар билан боғлиқ вазият компания раҳбарияти, координаторлари ва юристлари орасида жиддий муҳокама бўлиб улгурган. Барча қонуний асослар кўриб чиқилган, координаторларга бу ҳақида батафсил маълумот берилган. Суҳбат давомида қонунларга аниқ ҳаволалар қилинганлиги, тутилмасдан гапирилганлиги бундан далолат бериб турар эди.

Шу ўринда бир гапни айтиб ўтмасам бўлмайди. “Билайн” координатори суҳбат сўнгида “гарчи ҳуқуқий томондан ҳаққимиз бўлса ҳам, аммо бу квартирани бермаймиз дегани эмас, ҳозирда ушбу масала раҳбарият билан муҳокама қилинмоқда, чунки бу кичкина масала эмас, компания имиджини ҳам ҳисобга оламиз” дея таъкидлади.

Бор гап шу. Йўқ, Сиз нотўғри тушунманг. Бу суҳбатда мен ҳеч нарса демасдан, фақат эшитиб кетганим йўқ, албатта. Лойиҳа координаторига ҳуқуқий томондан ютуқни олишга бизнинг ҳам ҳаққимиз борлигини, бунинг учун қонунчиликда тегишли асослар етарли эканлигини, акция шартида ҳам, абонент билан тузилган шартномада ҳам вафот этганлик ҳолати билан боғлиқ қоидалар йўқлигини, бундан ташқари айнан ўзи таъкидлаганидек, компания ўз имиджини ўйлаши лозимлигини, агарда квартира берилмайдиган бўлса, бу кенг жамоатчиликда катта шов-шув билан қарши олиниши ва компания ҳақида салбий таассурот қолишини тушунтирдим.

Аслида ҳам шундай эди. Келинг вазиятни муҳокама қилиб чиқайлик. “Билайн” ушбу вазиятда квартирани бермаса, нима йўқотар эди-ю, нимага эришарди?

Эришадигани битта – квартира ёнга қолади.

Аммо йўқотадигани кўп. Булар:

1) Энг аввало юқорида айтганимиздек, компания имиджига жуда катта зарба бўларди. Ушбу вазиятда компаниянинг ҳуқуқий томондан қанчалик ҳақ ёки ноҳақлиги одамларни барибир қизиқтирмасди. Ушбу воқеадан хабар топган тахминан 90-95% инсон “Акцияда ғолиб бўлдими, квартирани бериш керак, тамом” деган фикрга келарди.

2) “Инновация” глобал акциясига эндигина старт берилганди ва иккинчи ютуқлар тиражидаёқ шундай муаммонинг пайдо бўлганлиги акциянинг келажагига салбий таъсир ўтказарди. Агарда муаммоли вазиятда ғолибга квартира берилмаганлиги маълум бўлса, йил охиригача ўтказилиши режалаштирилган акцияга абонентларда ишонч йўқолиши шубҳасиз эди. Бунинг натижасида ўз-ўзидан акция катта зарар кўрарди.

3) Ўзбекистон алоқа бозорига UMS номи остида МТС компанияси қайтиб келаётган бир пайтда, бундай муаммолар вақтида хасислик қилиш “Билайн” учун тўғри келмасди. Абонентлар учун рақобат ва кураш янада авж оладиган пайтда компания бундай можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш йўлини тутиши керак эди.

4) Компания ўзига қаратилиши мумкин бўлган миш-мишлар, туҳматлардан сақланиши ҳам керак эди. Яъни мабодо квартира берилмаса, “компания ўз дилерлари орқали вафот этган инсонларни қидириб топиб, атайин ютуқни шу рақамга чиқартирган, мақсад квартира бермаслик бўлган” деган миш-мишлар ёмғири ёғилиши мумкин эди. Кейинчалик абонентларни аслида ундай эмаслигига ишонтириш қийин бўларди. Ахир эсланг, яқиндагина “Билайн” ёпилиши ҳақидаги миш-мишлар “болалаганда”, компания анча қийналди-ку. Худди шунақа ҳолат яна қайтарилиши мумкин эди.

Мана шу тўртта асосга кўра, “Билайн” анидижонликларга квартирани бериши керак деб ҳисобладим ва бу албатта менинг шахсий фикрларим эди холос.

Компанияда суҳбат бўлиб ўтгач, кечки пайт Жонибек телефон қилди. Унинг айтишича, компания вакиллари унга телефон қилишган ҳамда “Биласиз, квартирани узил-кесил бермаймиз деганимиз йўқ, ҳозирда муҳокама қилинмоқда, 14 кун ичида натижаси ҳақида Сизга хабар берамиз. Фақат ушбу воқеа ҳақида оммавий ахборот воситаларида ҳеч қандай хабар чиқмаслиги керак. Йўқса, кенг жамоатчилик нотўғри тушуниши мумкин” дея маълум қилишган.

Ушбу суҳбатни эшитиб, “Олға силжиш бор” деб қўйдим ичимда. Лекин вақтни йўқотмаслик керак эди. Компаниядан ҳар қандай қарорни қабул қилиши мумкин эди. Шу сабабли, фуқаролик ҳуқуқи масалалари бўйича энг билимли адвокатлар, устозлар билан учрашиб маслаҳат олдим. Мабодо компания рад жавоби берадиган бўлса, судга даъво аризаси киритиш масаласида.

Лекин бир нарсани тан олиб айтишим керак. Соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашгач, ҳуқуқий томондан судда ютиб чиқиш имконияти кам эканлигига амин бўлдим. Хулоса қуйидагича бўлганди: “Бундай вазият юртимизда илк марта бўлиши ва қонунчиликда тўғридан-тўғри бу масалани тартибга солувчи қоида йўқ, лекин умумий қоидалар орқали ҳал қилишга уриниб кўриш мумкин. Аммо барибир “Билайн”да имкониятлар кўпроқ бўлади, суд компания фойдасига қарор чиқариши мумкин. Сабаби хизмат кўрсатиш шартномаларининг шартлари ва она вафотидан кейин 6 ой ичида мерос ҳуқуқи масаласининг кўтарилмаганлиги компания фойдасига ишлайди”.

Бундай вазиятда судгача бориш, раҳматли Хожибой Тожибоев тили билан айтганда, “невыгодно” эди. Бироқ жуда ожиз ҳам эмасдик. Ютуқни олиш учун камида тўртта ҳуқуқий асос топиб қўйдик. Ҳар эҳтимолга қарши.

Шундай кунларнинг бирида, аниқроғи 12 октябрь куни, Андижондан телефон бўлди. Жонибекнинг айтишича, компания вакиллари телефон қилиб, Тошкентга, компания Бош офисига келишларини сўраган. Рақам фойдаланувчиси сифатида унинг отаси (аслида телефон рақами уйда “домашный номер” сифатида ишлатилган) бораётганлигини, уларга боғланиш учун менинг телефон рақамимни бериб қўйганлигини айтди.

14 октябрь куни кечки пайт Жонибекнинг отаси телефон қилиб, эртага соат 11:00 га компанияга чақиришганини маълум қилди. Улар билан мен ҳам бирга боришимни айтдим ва учрашадиган вақт, жойимизни келишиб олдик.

15 октябрь куни айтилган вақтда “Билайн” офисига бордик. Компания вакиллари билан учрашишдан олдин Жонибекнинг отаси – Шароф ака билан суҳбатлашдим. Бўлиб ўтган воқеалар, оилавий аҳволи, меҳнат фаолияти ва бошқа зарур маълумотларни сўраб олдим. Чунки компания вакиллари билан бўлган аввалги учрашувда “Сиз ким бўласиз?” дея берилган саволга, “Ютуқ чиққан оиланинг дўстиман” деб жавоб бергандим. Шунинг учун, ҳар эҳтимолга қарши андижонликлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиб олишим зиён қилмайди деб ўйладим.

Маълум бўлишича, Шароф ака мактабда физика ўқитувчиси бўлиб ишлар экан. Раҳматли Роҳатой опамиз билан тўрт нафар ўғилни улғайтиришган, шундан 3 нафари оила қурган экан. Энг охирги бўлиб, ўтган йили Жонибекни уйлантиришибди. Барча 4 та рўзғор битта ҳовлида истиқомат қилишаркан.

Хуллас, шу каби маълумотлар билан танишиб, кейин компания вакиллари билан учрашиш учун офисга кирдик.

Хўш, шу жойини қисқароқ қиламан, хафа бўлмайсиз. Ичкарида қандай суҳбатлар бўлганини, нима ҳақида муҳокама қилганимизни батафсил айтиб ўтирмайман. Бу хизмат сири сифатида қолақолсин. Аммо шу нарсани айтишим мумкинки, “Билайн” вакиллари музокара жараёнида тўлиқ абонент фойдаси учун ҳаракат қилишди ва ютуқни Шароф ака номига расмийлаштириш учун тегишли ҳужжатларни тўлдиришди.

Хусусан, телефон рақамидан ҳақиқатдан ушбу оила фойдаланганини аниқлаш мақсадида махсус тест-сўров ўтказишди. Ушбу тест-сўровда “Телефон рақами қайси тарифда эди?”, “Охирги бир ой ичида қачон ва қанча пул тўлагансиз?”, “Асосан кимларга қўнғироқ қилар эдингиз?”, “Сизга қайси рақамлардан кўпроқ қўнғироқ бўлган?” каби саволларни беришди. Бир сўз билан айтганда, расмиятчилик ишлари амалга оширилди.

Барча керакли ҳужжатлар расмийлаштириб бўлингач, компания вакиллари Шароф акадан ютуқни қандай кўринишда – квартиранинг ўзини ёки шунга тенг миқдордаги пул мукофотини олишни хоҳлашини сўрашди. Шароф ака пул мукофотини танлади.

Энди шу ўринда ушбу ҳолатга изоҳ бериб ўтсам. “Билайн”нинг мазкур акцияси қоидаларига кўра, ғолибларга ўзлари доимий рўйхатдан ўтган ҳудудидан 2 хонали, ремонтсиз, 65 кв. м. майдонли, “Ақлли уй” (“Умный дом”) тизими билан жиҳозланган квартира берилиши назарда тутилган. “Ақлли уй” тизими домофон, тутун детектори, иқлимни назорат қилувчи тизим (климат-контроль), ёритишни бошқариш тизими ва “ақлли” розеткадан ташкил топган.

Компания томонидан белгиланган прейскурант бўйича Андижон вилоятида юқоридаги мезонларга тушадиган квартира 42 минг АҚШ долларига баҳоланган экан. Бу ўша кунги Марказий банк томонидан ўрнатилган валюталар курси бўйича 99 миллион 773 минг 520 сўмга тўғри келди.

Қоидаларга кўра, ғолиб хоҳласа квартира, хоҳласа ушбу квартира қийматига тенг пул мукофотини олиши мумкин. Шароф ака эса пул мукофотини танлади. Умуман олганда бу тўғри қарор, менимча. Сабаби энг аввало квартира излаб топиш, унинг ҳужжатларини расмийлаштириш кўп вақтни олиши мумкин эди. Бундан ташқари, ютуқни олган ғолиб ютуқнинг 22 фоизини даромад солиғи сифатида тўлаши лозим бўларди. Агар квартира варианти танланганда, 22 миллион сўмга яқин миқдорда солиқ тўланишига тўғри келарди. Э, хуллас, бу ғолибнинг шахсий қарори, буни муҳокама қилишимиз ҳам шарт эмас аслида.

Шундай қилиб, якунда “Билайн” компанияси томонидан андижонлик оилага 99 миллион 773 минг 520 сўм тўлаб бериладиган бўлди. Даромад солиғини чиқариб ташласак, 77 миллион 823 минг 345 сўм маблағ қолади. Бу уларнинг ҳалол ҳаққи. Ҳа, ҳа, айнан бу маблағ акция доирасида олиниши керак бўлган ва турли муаммоларга қарамасдан компания томонидан абонент манфаатларини кўзлаб ўтказиб берилган ҳалол маблағ.

Хулласи калом, ушбу можаронинг якуни хайрли тугаганидан бағоятда хурсандман. Андижон туманларидан бирида мактаб ўқитувчиси сифатида фаолият юритаётган, бир неча ўн йиллардан буён ёш авлодга таълим ва тарбия бериб келаётган заҳматкаш бир инсон оиласидаги қувончли воқеага шерик бўлганимдан шодман. Илоҳим, олинган маблағлар яхшиликларга, хайрли ишларга ва хурсандчилик кунларида ишлатилиши насиб қилсин.

Айтганча, ушбу воқеадан икки ҳафта ўтиб, Жонибекдан SMS олдим. Бахт келса, қўша-қўша бўлиб келади деганидек, Жонибекжон ўғил фарзанд кўрибди. Бу хабарни ўқиб, бирам қувондим, бирам қувондим, асти қўяверасиз. Ютуққа чиққан пулнинг “почини” бешик тўйларига ишлатиладиган бўлибди.

SMSдан скриншот

SMSдан скриншот

“Билайн” афсонаси шу билан ўз ниҳоясига етди, азизлар. Йўқ, тўхтанг, яна айтилмаган иккита гап қолди. Шуларни ҳам фурсатдан фойдаланиб айтиб олмасам бўлмас.

Биринчиси, ҳақ масаласида. Менинг ҳаққим. Ушбу воқеа ҳақида хабар топган кўпчилик инсонлардан бир хил савол эшитдим: “Қанча ҳақ беришди сенга?”. Имконият туғилган экан, ушбу саволга жавоб бериб кетишни маъқул кўрдим.

Энг аввало гапни шундан бошламоқчиманки, мазкур можаронинг ҳал бўлишида катта рол ўйнадим, мен туфайли мукофотни олишди деб ҳисобламайман. Бундай ҳисоблашга ҳаққим йўқ. Балким мен умуман шу ишдан хабар топмаганимда ҳам, компанияга бирон марта бормаганимда ҳам, вакиллар билан учрашмаганимда ҳам, якуний натижа ҳозиргидек бўлиши мумкинлигини тушунишингизни истардим. Мен шунчаки, кичик сабабчи бўлгандирман, аммо бу бирон нарса талаб қилиш учун камлик қилади, чамамда.

Хўп, мен туфайли олинган деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам, нега энди бу хизматни пул билан баҳолашимиз керак? Агар ҳамма нарса пул, моддий қимматликлар билан ўлчанса, унда инсонлар орасидаги яхшилик, меҳр-оқибат қаерда қолади? Аслида улар бебаҳо нарсалар-ку бу дунёда!

Шу ўринда бир суҳбатни эслаб ўтсам. Шароф ака билан бирга “Билайн” компаниясидан мукофот пулини расмийлаштириб, ташқарига чиқдик. Шунда гап орасида Шароф ака мендан сўраб қолдилар:
– Хушнудбек, Сизни “Заковат” орқали кўриб турардик, лекин ўғлим билан танишлигингизни ҳеч билмасканман. Қаердан танийсиз ўғлимни?
Саволга уялибгина жавоб бердим:
– Ака, бир гап айтаман, фақат кўнглингизга тегмасин, илтимос. Ростини айтсам, ўғлингизни умуман танимайман. Шунчаки, интернет орқали мендан маслаҳат сўраб мурожаат қилгани учун қўлимдан келганича ёрдам бердим. Ўғлингизнинг фақат исмини биламан холос.
Жавобимдан Шароф аканинг ажабланганларига гувоҳ бўлдим, аммо буни сездирмасликка ҳаракат қилдилар.

Аслида ҳам, танимасдим-да. Ва таниш-танимаслигимни ишга алоқаси ҳам йўқ эди. Яқин инсонимми ёки бегонами, дўстимми ёки нотанишми, бу яхшилик билан боғлиқ ишларда аҳамият касб этмаслиги керак. Менимча шундай.

Майли, бу масалани ёпамиз. Энди айтмоқчи бўлган, иккинчи гапим. Бу энг, энг, энг асосийси аслида.

Мақоланинг ушбу қисми кўпроқ мистика жанрига тўғри келади. Чунки руҳлар билан боғлиқ масалада, инсонлар якдил фикрда эмас, кимлардир ишонади, кимлардир йўқ. Шу сабабли ҳам мистика жанри дея таъкидлаяпман.

Биласизми, ҳозирги айтмоқчи бўлган гапларим менга қаттиқ таъсир қилди. Жуда таъсирландим, ҳатто кўзимга ёш ҳам келди. Беҳазил.

Ушбу мақолани ёзиш вақтида Жонибекнинг Facebook ижтимоий тармоғи орқали менга ёзган мактубидан скриншот олмоқчи бўлдим. Ишонарли чиқиши, мақолани ўқиётган муштарийда тасаввур пайдо бўлиши учун.

Скриншот олаётган вақтимда эътибор берсам, Жонибек илгари ҳам менга хат ёзган экан. Буни рости билмасдим. Кўпчилик хат ёзгани, кўпчилик маслаҳат сўрагани учун, ҳамма ҳам эсимда қолмайди унчалик. Хуллас, Жонибек билан ушбу можаро пайдо бўлишидан олдин ёзишган суҳбатимизни ўқиб, этларим жимирлаб кетди. Бир сонияга бўлса-да хаёлимга келган фикрларни таҳлил қилиб, ўрнимдан туриб кетдим.

Келинг, яхшиси ўша суҳбатни Сизларга ҳам ҳавола қилсам:

Август ойидаги суҳбатдан скриншот

Август ойидаги суҳбатдан скриншот

Хат ёзилган вақтга қаранг: 16 август.
Хатнинг мазмунини қаранг: Оилада 4 ўғилмиз, 2010 йилда ойижоним вафот этган. Ўтган йили уйландим, ёш оилалар учун уй олишда имтиёзли кредитлар ҳақида маълумот берсангиз.

“Билайн”дан ютуқ 3 октябрь куни чиққан. Демак, тахминан 1 ярим ой аввал Жонибекнинг хаёли кредитга уй олиш масаласи билан банд бўлган, айтиш жоиз бўлса, ушбу оила олдида уй билан боғлиқ эҳтиёж бўлганини тасаввур қилиш мумкин.

Энди бошқа масала. “Билайн” компаниясида абонентлар сони 10 миллиондан ошганига анча бўлган. Майли, ўша куни “Инновация” акциясида қатнашиш ҳуқуқи бўлган абонентлар сони тахминан 3-4 миллион дейлик. Лекин тасодифни қарангки, ютуқ айнан Жонибекнинг раҳматли онасининг номига расмийлаштирилган рақамга чиққан. Аниқроғи фарзанди уй-жой масаласида қийналиб турган, ўзи эса омонатини топшириб, Яратганнинг қошига кетган онага.

Бўғзимга тиқилган туғён сабаби ҳам шу эди. Ажабландим. Қайта-қайта ўқидим. Саналарга қарадим. Охирида “Воҳ!” деб юбордим, беихтиёр.

Ё, Аллоҳ! Бу не мўжиза, не тасодиф бўлди энди? Шунчалар меҳрибон Зотсан-ки, банданг учун ғойибидан бераман десанг, инсон ақли етмаган воқеаларга қодирсан. Қудратинг олдида фақат жимгина кузатамиз холос. Машоллоҳ!

Ёки оналарни айтинг. Оналар ўз фарзандлари учун шу қадар меҳрибон, шу қадар ғамхўр-ки, у дунёда ҳам, бу дунёда ҳам бу ғамхўрлик давом этса, не ажаб?!

Сизларни билмадим-у, аммо мен бунга ишонаман. Тасодифлар тасодиф эмаслигига ишонаман. Чин дилдан йиғласа, сўқир кўздан ёш чиқишига ишонаман. Аллоҳнинг мислсиз меҳрибонлигига ишонаман. Мўжизаларга ишонаман. Яхшиликларга ишонаман. Эзгуликнинг ғолиб чиқишига ишонаман. Мен шунақа, ишонувчан инсонман. Таъсирчан инсонман. Ҳозир ҳам кўзимда ёш билан мақолага нуқта қўйяпман. Ва охирида “Худога шукур” дея, ўтганлар ҳаққига дуо қилиб қўйиш ҳам эсимдан чиқмади.

Саломат бўлинг, азизлар.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (31)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

8 фикр

  1. qoyil o’qib ancha ta’sirlandim