Yangi hujjatlar

Жиноят процессида ҳимоя ҳуқуқи кенгайтирилмоқда

ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА ҲИМОЯ ҲУҚУҚИ КЕНГАЙТИРИЛМОҚДА
Суҳбатни «Адвокат» журналининг махсус мухбири Саҳобиддин СИРОЖИДДИНОВ олиб борди
“Адвокат”, 2009 йил 1-сон.

Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қо­нуни 2009 йил 1 январда матбуотда эълон қилинди ва шу кундан эътиборан кучга кирди.

Мавзунинг ғоятда долзарблигидан келиб чиқиб, мазкур қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига, Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги ва «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонунларига киритилган бир қатор ўз­гартиш ва қўшимчаларни батафсил шарҳлаб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти гурух раҳбари, юридик фанлари доктори, проффессор Шуҳрат РЎЗИНАЗАРОВга, шу инс­титут бош мутаҳассиси, юридик фанлари номзоди Дилшод РАҲИМОВга ва шу институт етакчи мутахассиси Нодиржон МУХТОРОВларга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

— Шуҳрат НУРАЛИЕВИЧ, адвокатура тизимининг мавқеи ва аҳамиятини кескин кўтариш лозимлигига мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ алоҳида эътибор берган Президентимиз И.Каримов биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ИВ сессиясида сўзлаган нутқида ”Биз адвокатура тизимини кучайтириш ва унинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ваколатлари ва мақомини прокуратура мақомига тенглаштириш учун қонунчилик соҳасида ҳам, амалий ишлар соҳасида ҳам кўпгина чора тадбирлар кўрмоқдамиз“деган эдилар. Мазкур қонун ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси эмасми?

— Дарҳақиқат, мазкур қонунни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бевосита ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган, фуқаролик жамиятининг асосий ва муҳим инс­титутларидан бири бўлган адвокатура институтини янада ислоҳ қи­лиш, уларнинг ваколатлари ва мақомини янада оширишдан иборатдир.

Шу мақсадда, мазкур Қонуннинг 6-моддаси билан “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонуннинг “Адвокатлик фаолиятининг асосий принциплари” номли 2-моддаси, “Адвокатнинг ваколатлари” номли 4-моддаси ва “Адвокатлик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги” номли 7-моддаси янги қўшимчалар билан тўлдирилиб, бир хиллаштириш ёки янги киритилган тушунчаларни қўллашга қаратилган аниқлаштирувчи ўз­гартишлар киритилди.

Илгари ушбу қонуннинг 7-моддасида адвокатнинг муайян ишни ўрганишига тўсқинлик қилиш, адвокатга таҳдид қилиш, уни ҳақоратлаш каби адвокатнинг профессионал фаолиятини бажаришга ҳалақит қилганлик учун қонун ҳужжатларига биноан жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар адвокатлик фаолиятини амалга оширишга ёки адвокатларнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишларига тўсқинлик қилганлик учун қонун хужжатларида жавобгарлик назарда тутилмаган эди. Шу сабабли Мазкур Қонуннинг 3-моддаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси “Адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш” номли 197-1-модда билан тўлдирилдики, унга кўра адвокат сўровига жавоб тақдим этмасликда ифодаланган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш, шунингдек, адвокатнинг ишда иштирок этишига тўсқинлик қилиш мақсадида адвокатга қандай шаклда бўлмасин, таъсир ўтказиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳамда бундай ҳуқуқбузарликлар учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкинлиги ҳамда бундай ҳуқуқбузарлик судлар томонидан маъмурий тартибда кўрилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг 4-моддаси билан Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, ушбу қонуннинг “Адвокат” номли 3-моддасига қўшимча киритилиб, адвокат илмий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Бундан кўзланган мақсад фуқароларга адвокатлар томонидан малакали ва сифатли юридик ёрдам кўрсатишни таъминлашга эришишдир.

“Адвокат мақомига эга бўлиш” номли 3-1-модда билан тўлдирилди ва унга кўра адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади ҳамда адвокатга лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар адлия бош­қармалари томонидан тегишли малака комиссияларининг қарорлари асосида берилади.

Лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши, шу жумладан адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюросида, адвокатлик фирмасида, адвокатлар ҳайъатида, юридик маслаҳатхонада) камида олти ой муддат стажировка ўтаган бўлиши керак ҳамда малака имтиҳонини топшириши шарт.

Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгор уни такроран топширишга камида бир йилдан кейин қўйилади.

Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор лицензия олиш учун тегишли адлия органига уч ой ичида мурожаат қилиши керак. Бу муддатни ўтказиб юборган талабгор лицензия олиш учун адлия органига малака имтиҳонини такроран топширганидан кейингина мурожаат қилиши мумкин.

Белгиланган тартибда лицензия олган талабгор уч ой ичида адвокат қасамёдини қабул қилиши ва якка тартибда ёки лицензияга эга бўлган бошқа шахслар билан биргаликда адвокатлик тузилмасини тузиши ёхуд фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмаларидан бирига кириши шарт.

Талабгорга адвокатлик гувоҳномаси адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилган ёки талабгорнинг фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмасига кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар адлия органи томонидан олинган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида берилади.

Талабгор адвокатлик гувоҳномаси берилган кундан эътиборан адвокат мақомини олади, Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бош­қармасини адлия органи бу ҳақда уч кунлик муддатда хабардор қилади. Шундай хабарнома олинган пайтдан эътиборан адвокат Адвокатлар палатасининг аъзоси бўлади.

“Адвокат фаолиятининг принциплари ва ташкилий шакллари” номли 4-моддасига қўшимча киритилиб, адвокатлик лицензиясини олган шахс фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмаларидан бирига киришга ёки юридик маслаҳатхонада ишлаган ҳолда адвокатлик фаолиятини амалга ошириши мумкинлиги ва айни пайтда адвокат ўз фаолиятини фақат битта адвокатлик тузилмасида амалга оширишга ҳақли эканлиги қатъий белгилаб қўйилди.

Адвокатлик тузилмалари ҳисобланган адвокатлик бюроси, адвокатлар ҳайъати, адвокатлик фирмаси ва юридик маслаҳатхоналарнинг ҳуқуқий мақомини алоҳида белгилаш мақсадида “Адвокатлик бюроси” номли 4-1-модда билан, “Адвокатлик фирмаси” номли 4-2-модда билан, “Адвокатлар ҳайъати” номли 4-3-модда ҳамда “Юридик маслаҳатхона” номли 4-4-модда билан тўлдирилди.

Унга кўра адвокатлик бюроси адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси бўлиб, адвокатлик бюросининг таъсис ҳужжати муассис томонидан тасдиқланадиган устав ҳисобланади.

Адвокатлик фирмаси шерикликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси бўлиб, адвокатлик фирмасининг таъсис ҳужжати ҳам унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган устав ҳисобланади.

Адвокатлар ҳайъати аъзоликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, аъзоларнинг сони ўнтадан кам бўл­маган нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмаси бўлиб, адвокатлар ҳайъатининг таъсис ҳужжатлари унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган устав ҳамда улар томонидан тузиладиган таъсис шартномаси ҳисобланади. Адвокатлар ҳайъатларининг муҳим ўзига хос белгиси улар юридик ёрдам кўрсатиш учун ўзи турган ердан ташқарида жойлашган филиаллар тузишга ҳақли.

Юридик маслаҳатхона — адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этиладиган ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган адвокатлик тузилмаси бўлиб, Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан тасдиқланадиган низомга асосан иш олиб боради.

Юридик маслаҳатхона тегишли ҳудудда юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжларни қаноатлантириш учун адвокатлик тузилмаларининг сони етарли бўлмаган ҳолларда Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилади.

Тегишли ҳудудлардаги юридик ёрдамга бўлган эҳтиёж Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси томонидан тасдиқланадиган нормативларга мувофиқ аниқланади.

Юридик маслаҳатхонанинг моддий-техника таъминоти тартиби ва шартлари, юридик маслаҳатхоналарга ишлаш учун юборилган адвокатлар учун хизмат хоналари ва зарур бўлган ҳолларда, турар жойлар ажратиш билан боғлиқ масалалар Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан туман ва шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда ҳал қилинади.

“Адвокатнинг ҳуқуқлари” номли 6-моддага киритилган қўшимча билан адвокат стажёрга эга бўлиши мумкинлиги белгиланди. Шунингдек, “Адвокатнинг вазифалари” номли 7-моддага киритилган қўшимча билан адвокат ўз билимларини доимий равишда такомиллаштириб бориши, Адвокатлар палатаси томонидан белгиланган тартибда уч йилда камида бир марта касбий малакасини ошириши шартлиги белгилаб қўйилди. “Адвокатнинг ёрдамчиси” номли 8-моддага киритилган қўшимчага мувофиқ адвокат ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда белгиланиши кўрсатилди.

Энг муҳим янгиликлардан бири қонунга “Адвокатнинг стажёри” номли 8-1-модда киритилди. Унга кўра камида уч йиллик иш стажига эга бўлган адвокат стажёрга эга бўлишга ҳақли.

Олий юридик маълумотга эга бўлган шахс адвокатнинг стажёри бўлиши мумкин. Адвокатнинг стажёри ўз фаолиятини адвокат раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда адвокатлик тузилмасида амалга оширади. Айни пайтда стажёр адвокатлик фаолияти билан мустақил равишда шуғулланишга ҳақли эмас.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлиги бекор қилинмаган ёки олиб ташланмаган шахс адвокатнинг стажёри бўлиши мумкин эмас.

Адвокат стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси би­лан келишилган ҳолда белгиланади.

“Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома)” номли 9-1-модда киритилиб, унга кўра адвокатлик фаолияти адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги ёзма шаклда тузиладиган битим (шартнома) асосида амалга оширилади.

Адвокатлар меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш мақсадида “Адвокатлар меҳнатига ҳақ тўлаш” номли 11-моддага қўшимча киритилиб, Адвокатларнинг жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатган юридик ёрдамлари учун адвокатлик тузилмаларига келиб тушган маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, Адвокатлар палатасининг юридик маслаҳатхонани ташкил этган ҳудудий бошқармаси ушбу юридик маслаҳатхонанинг таъминоти учун қўшимча маблағлар ажратиши белгилаб қў­йилди.

— Дилшод ФАХРИЕВИЧ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги ПФ-3993-сонли “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 2 ва 4-бандларига мувофиқ ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва унинг фаолиятига оид қандай ҳуқуқий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди?

— Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ва унинг фаолиятига оид ҳуқуқий асосни белгилаш мақсадида «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунга “Адвокатлар палатаси” номли 12-1-модда, “Адвокатлар палатасининг асосий вазифалари” номли 12-2-модда, “Адвокатлар палатасининг органлари ва мансабдор шахслари” номли 12-3-модда, “Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари” номли 12-4-модда киритилди.

Унга кўра Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотдир.

Адвокатлар палатаси ўзининг Қо­рақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ўзини ўзи бошқариш ягона тизимини ташкил этади.

Адвокатлар палатаси адвокатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади. Адвокатлар палатасининг вазифалари ва ваколатларига ўхшаш функциялар ва ваколатларга эга бўлган бошқа ташкилотларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Адвокатлар палатаси ва унинг ҳу­дудий бошқармаларининг мажбуриятлари бўйича адвокатлар жавоб бермайди, адвокатларнинг мажбуриятлари бўйича эса, Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари жавобгар бўлмайди.

Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини бажариш барча адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар учун мажбурийдир.

Адвокатлар палатаси фаолиятини молиялаштириш миқдори Адвокатлар палатаси Конференцияси томонидан миқдори белгиланадиган кириш ва аъзолик бадаллари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Адвокатлар палатасининг асосий вазифалари адвокатлик тузилмаларининг фаолиятини марказлашган ҳолда мувофиқлаштириб бориш; ад­вокатурани янада ривожлантиришга, унинг обрў-эътиборини оши­ришга, адвокатуранинг инсон ҳу­қуқлари ва эркинликларини ҳимоя қи­лишдаги ролини кучайтиришга кў­маклашиш; аҳолининг ҳуқуқий билимларини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқ тарғиботига доир чора-тадбирларни амалга ошириш; қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқнинг қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг яхлитлигини ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар киритиш; адвокатура фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, улар юзасидан таклифлар тайёрлаш; адвокатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек, судда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш; адвокатларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ таъқиблардан, чеклашлар ва тажовузлардан ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш; адвокатларнинг касбий тайёргарлиги ва малака оширишини ташкил этиш; аҳолининг юридик ёрдамдан фойдалана олиш имкониятини туманлар ва шаҳарларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этиш орқали таъминлаш; адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, адвокатларнинг ижобий иш тажрибасини оммалаштириш, адвокатлик тузилмаларига услубий ёрдам кўрсатиш; адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига, Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкинлиги белгиланди.

Адвокатлар палатасининг Конференцияси палатанинг юқори органи бўлиб, камида беш йилда бир марта чақирилади. Адвокатлар палатаси Бошқаруви Адвокатлар палатасининг адвокатлар орасидан сайланадиган ижро этувчи органи бўлиб, палатанинг фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади. Адвокатлар палатасининг тафтиш комиссияси Адвокатлар палатасининг молиявий назорат органи ҳисобланади ва адвокатлар орасидан сайланади.

Адвокатлар палатасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Адвокатлар палатасининг Конференцияси томонидан ушбу Конференция сайлаган Адвокатлар палатаси Бошқаруви аъзолари орасидан беш йил муддатга сайланади.

Адвокатлар палатасининг раисини лавозимидан муддатидан олдин чақириб олиш Адвокатлар палатасининг уставида белгиланган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Адвокатлар палатасининг Конференцияси томонидан амалга оширилади.

Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари юридик шахс бўлиб, Адвокатлар палатаси томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида фаолият кўрсатади.

Адвокатлар палатаси ҳудудий бош­қармаларининг раҳбарлари тегишли ҳудудда фаолият кўрсатаётган адвокатлар орасидан Адвокатлар палатасининг раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

“Малака комиссиялари” номли 13-моддага киритилган ўзгартиш ва қўшимча билан зарур билимлар ва касбий малакаларга эга бўлган шахс­ларга лицензиялар бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, адвокат қасамёдини қабул қилиш, шунингдек, адвокатларга нисбатан интизомий иш юритишни олиб бориш мақсадида Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг ва адлия органларининг қўшма қарорлари билан адвокатлар ҳамда адлия органлари ходимларини тенг миқдорда киритган ҳолда Малака комиссиялари тузилиши белгиланди.

Шунингдек, малака комиссияларининг қарорлари устидан келтирилган шикоятларни кўриб чиқиш, малака комиссияларининг иш тажрибасини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун Адвокатлар палатаси ҳузурида Адвокатлар палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қўшма қарорлари билан адвокатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларидан тенг миқдорда киритилган ҳолда Олий малака комиссияси тузилиши белгиланди.

Вақтинчалик тусга эга бўлган адвокатлик мақомини тўхтатиш асосларини кўрсатиш ҳамда адвокатлик мақомини тўхтатишга сабаб бўлган ҳолатлар тугатилганда адвокатлик мақомини тиклаш тартибини белгилаш мақсадида “Адвокат мақомини тўхтатиб туриш” номли 13-1-модда билан тўлдирилиб, унда адвокат мақомини тўхтатиб туриш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан адвокат адвокатлик фаолияти билан бирга олиб бориб бўлмайдиган доимий лавозимга сайланганда ёки тайинланганда – иш даврига; адвокат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда – бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга; адвокат ҳарбий хизматга чақирилганда – ҳарбий хизматни ўташ даврига; суд томонидан адвокатга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда, агар суднинг мазкур қарори ушбу Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлмаса, – тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари суд томонидан бекор қилингунига қадар ёки ўзгартирилгунига қадар бўлган даврга; ушбу Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда – лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврга; адвокатлик тузилмаси тугатилганда ёки адвокат ундан чиққанида – адвокат томонидан уч ойдан ошмайдиган муддатда амалга ошириладиган бошқа адвокатлик тузилмаси ташкил этилгунига қадар ёхуд мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига киргунига қадар бўлган даврга амалга оширилиши белгиланди.

Адвокатлик мақомини тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилинган кундан эътиборан адвокат мақоми тўхтатилади.

Адлия органи уч кунлик муддат ичида адвокатнинг гувоҳномасини олиб қўяди, адвокат бедарак йўқолган деб топилган ҳол бундан мустасно ва Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига адвокат мақоми тўхтатилганлиги ҳақида хабар беради. Адвокат мақомининг тўхтатиб турилиши адвокатнинг Адвокатлар палатасига аъзолиги тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Адвокат мақоми тўхтатиб турилган шахс адвокат мақомини тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳоллар тугатилганидан кейин уч ой ичида адвокатлик фаолиятига киришиши керак. Мазкур талабни бажармаслик лицензиянинг амал қилиши ушбу Қонуннинг 16-моддасида белгиланган тартибда тугатилишига сабаб бўлади.

Шунингдек, амалдаги 14-модда номи ва мазмуни ўзгартирилиб “Адвокатнинг интизомий жавобгарлиги” деб номланди. Унга кўра адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги унга нисбатан интизомий чоралар қўлланилишига сабаб бўлади.

Интизомий иш юритиш Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ёки адвокатга гувоҳнома берган адлия органи томонидан кўзғатилади.

Интизомий иш қўзғатиш учун адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сирининг ва адвокат қасамёдининг адвокат томонидан бузилиши Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ёки адлия органи томонидан аниқланганлиги; адвокатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари; суднинг адвокатга нисбатан чиқарган хусусий ажрими асос бўлади.

Интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижалари бўйича адвокатга нисбатан огоҳлантириш (малака комиссиясининг қарорига асосан); лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш; лицензиянинг амал қилишини тугатиш каби интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

Малака комиссияси томонидан қарор қабул қилингунига қадар адвокат интизомий иш кўзғатилишига сабаб бўлган шикоятни берган шахс билан ярашув чораларини кўришга ҳақли.

Шунингдек, адвокатлик тузилмалари меҳнат интизомини бузганлик учун адвокатга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли.

“Адвокатура ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги” номли 17- моддага киритилган қўшимча билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги адвокат гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини, ордер шаклини тасдиқлайди, шунингдек ҳамманинг фойдаланиши учун очиқ бўлган Адвокатларнинг Йиғма давлат реестрини юритади. Адлия органлари эса адвокатларнинг тегишли давлат реестрларини юритади. Адвокатларнинг Йиғма давлат реестрини ҳамда Адвокатларнинг давлат реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

— Нодиржон ИЛХОМЖОНОВИЧ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳамда ҳимоячининг процессуал ҳуқуқлари қай даражада кенгайтирилди?

— Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг “Айб­ланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” номли 46-моддасига киритилган қўшимча билан айбланувчига қа­моққа олинганлиги ва “Гумон қилинувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” номли 48-моддасининг биринчи қисмига киритилган қўшимча билан гумон қилинувчига ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш, ушланган пайтдан эътиборан кодексда назарда тутилган мустасно ҳоллардан (ЖПК­нинг 230-моддаси иккинчи қисмидан) таш­қари ҳимоячи олиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда улар билан холи учрашиш ҳуқуқи белгиланди.

Гумон қилинувчи ва айбланувчи ўзига нисбатан қўйилган гумон ёки айблов юзасидан ва ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар беришдан бош тортиш ва кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқи белгиланди.

ЖПКнинг “Жабрланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” номли 55-моддаси биринчи қисмига киритилган ўзгартиш билан жабрланувчи ҳамда “Фуқаровий даъвогарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” номли 57-моддасининг биринчи қисмига киритилган ўзгартиш билан фуқаровий даъвогар, шунингдек, “Фуқаровий жавобгарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” номли 59-моддасининг биринчи қисмига киритилган ўзгартиш билан фуқаровий жавобгар даст­лабки тергов тамом бўлганидан сўнг жиноят иши материаллари ва ҳужжатларидан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан нусхалар олиш ёхуд уларда кўрсатилган маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш ҳуқуқларига эга бўлдилар.

ЖПКнинг “Гувоҳ ва жабрланувчини сўроқ қилиш тартиби” номли 114-моддасига киритилган иккинчи қисм билан гувоҳ ва жабрланувчи сўроққа ўз адвокати билан ҳозир бўлган ҳолатларда уларни сўроқ қилиш адвокат иштирокида амалга оширилиши, адвокатга эса гувоҳ ва жабрланувчининг сўроқ қилиниши давомида уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида сўроқ баённомасига киритилиши лозим бўлган арзларини баён этиш мумкинлиги белгилаб қўйилди.

ЖПКнинг “Жиноят иши қўзғатилгунга қадар ушлаб туриш тартиби” номли 224-моддасига қўшимча киритилиб, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўн­ғироқ қилиш ёхуд хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши шартлиги алоҳида белгилаб қўйилди.

Ҳимоячига ушлаб туришнинг қонунийлигига ишонч ҳосил қилиш имкониятини бериш мақсадида “Ушлаб туриш баённомасини тузиш ва ушлаб туришнинг асослилигини текшириш” номли 225-модда тўртинчи қисмига қўшимча киритилиб, ушлаб туриш, жиноят иши қўзғатиш, ишда гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорлар гумон қилинувчига эълон қилингандан кейин танланган ёки тайинланган ҳимоячига танишиб чиқиш учун тақдим этилиши шартлиги белгилаб қўйилди.

“Ушлаб турилганларга учрашиш учун рухсат бериш” номли 230-моддага аниқлаштирувчи қўшимча киритилиб, ушлаб турилган шахсга ҳимоячи билан биринчи холи учрашувига биринчи сўроққача рухсат берилиши, ушлаб турилган шахсга қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашувга ушлаб турилган шахслар сақланадиган жойнинг маъмурияти ушлаб туриш тўғрисидаги материаллар қайси терговчи ёки суриштирувчининг иш юритишида бўлса, фақат ўша терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсати асосида ижозат берилиши қатъий белгилаб қўйилди.

Мазкур Қонуннинг 5-моддаси билан маҳкумнинг малакали юридик ёрдам олиш учун адвокатдан фойдаланиш ҳуқуқи механизми тартибини аниқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексининг “Юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш” номли 10-моддасининг янги таҳрири баён этилди. Унда юридик ёрдам олиш учун адвокатлар билан холи учрашув маҳкумларга адвокатнинг илтимосномасига кўра ҳам берилиши мумкинлиги белгиланди. Илгари юридик ёрдам олиш учун адвокатлар билан учрашув маҳкумларга фақат ўзларининг аризасига кўра берилар эди.

Шунингдек, адвокат билан учрашувни маҳкумнинг ўзи рад этганлиги сабабли адвокатнинг маҳкум юридик ёрдам олиши учун у билан учрашув берилиши тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилганлиги адвокат маҳкум билан холи суҳбатлашганидан кейин тасдиқланиши кераклиги, бу ҳақда баённома тузилиб, у маҳкум, адвокат ва жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг вакили томонидан имзоланади деб қатъий белгилаб қўйилди. Бу билан адвокат билан учрашувни маҳкумнинг ўзи рад этганлигига адвокатнинг ўзи ишонч хосил қилиш имконияти пайдо бўлди.

Энг муҳими ушбу моддага киритилган қўшимча билан адвокатга айнан маҳкумга юридик ёрдам кўр­сатилаётганда зарур бўлган жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг, прокурорнинг, суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят бериш; жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятидан маълумотномалар, тавсифномалар ва бош­қа ҳужжатларни сўраб олиш каби бир қатор ҳуқуқлар белгиланди.

Шунингдек, гувоҳнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан қў­шимча механизм яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 240-моддаси иккинчи қисмига қўшимча киритилиб, гувоҳ ўзига қарши кўрсатув беришни рад этганлиги учун жавобгарликка тортилмаслиги белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари Жиноят-процессуал кодекснинг 243-моддасига мувофиқлаштириш мақсадида «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонуннинг “Адвокатнинг дахлсизлиги” номли 6-моддасига қўшимча киритилиб, адвокатга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоят прокурорлари, Тошкент шаҳар прокурори ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг илтимосномасига кўра жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги ПФ-3993-сонли “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Адвокатлар Палатаси унинг ҳу­дудий тузилмалари ташкил этилганлиги асосида Адвокатура ман­фаат­ларига дахлдор масалалар давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар пала­та­си иштирокида белгиланган тартибда ҳал этилиши белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур Қонун мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишнинг ҳозирги босқичидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланган адвокатура институтини янада эркинлаштириш ва адвокат фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш жараёнида нодавлат ташкилотларидан бири бўл­ган адвокатуранинг ўрни, мақоми ва таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Мазкур мақола матни “Yurida” юристлар учун ихтисослашган дастуридан олинган.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (3)
  • Йўқ (3)
  • Бироз (0)

2 фикр

  1. majburiy ijroga ishga kirish uchun qanday hujjatlar kerag boladi va qaerga murojat qilish kerag shunga yordam kerag edi