24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда депутатлар мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Хусусан, депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар. Ушбу қонун лойиҳаси жиноят-процессуал қонунчиликни янада такомиллаштиришга, жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга, шунингдек, миллий қонун ҳужжатларини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга қаратилган.
Ушбу қонун лойиҳасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси суд ишини юритиш чоғида йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини ижро этиш учун прокурорга юбориладиган суд ажримига кўра тиклаш механизмини тартибга солувчи модда билан тўлдирилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган мажлисини ўтказди. Унда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, шунингдек, экспертлар иштирок этдилар. Қонун лойиҳасининг барча моддаларини ҳар томонлама муҳокама этиш чоғида ушбу ҳужжатни янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Эслатиб ўтаман, Жиноят-процессуал кодексига энг сўнги ўзгартириш 2012 йил 29 декабрда киритилган эди. Ўшанда фақат жабрланувчининг аризасига кўра жиноят ишини қўзғатиш билан боғлиқ бўлган 325-модда 2-банд билан тўлдирилганди. Унга кўра, устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган иқтисодий жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилиши белгиланган.
Албатта бу ислохотларнинг бари инсон хукук ва манфаатлари йулида амалга оширилмокда.Маъмурий судлар ташкил этилиши борасида хам шундай ислохотлар олиб бориш керакмикин