Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 июнь кунидаги қарорига биноан, бундан буён МДҲ мамлакатларидан келган хорижий фуқаролар юртимиздаги барча ОТМлар бакалавриатига суҳбат натижасида қабул қилиниши белгиланганлиги ҳақида хабар бергандим.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикаси ОТМларининг бакалавриатига МДҲ мамлакатлари фуқароларини қабул қилиш учун суҳбат ўтказиш ва унинг натижаларини белгилаш тўғрисидаги муваққат йўриқнома” тасдиқланди. Ушбу мақолада йўриқномада келтирилган энг асосий қоидалар ҳақида маълумот бераман:
- Ўзбекистон Республикаси ОТМларининг бакалавриатига МДҲ мамлакатлари фуқароларини қабул қилиш учун суҳбат қуйидагиларни аниқлаш нуқтаи назаридан ўтказилади:
– мурожаат этувчининг дунёқараши (ҳозирги кунда дунёда рўй бераётган асосий ва муҳим ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлардан умумий хабардорлиги);
– касбий иштиёқи ва ўқишга кириш сабаблари (танланаётган касбининг моҳияти ва мазмуни, унинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, ушбу касбнинг қийинчиликлари тўғрисида тасаввурга эгалик, ушбу касбни танлашга ундаган сабаблар);
– умумий интеллектуал даражаси (ўз фикрини аниқ-равшан, мантиқий ва ижодий баён қила олиш ҳамда ўз фикрини асослантира олиш қобилияти);
– маънавий-ахлоқий даражаси (қатъий маънавий-ахлоқий принципларга эга бўлиш, мулоқот этикаси ва ташқи кўриниш маданиятига риоя этиши).
- Суҳбат ОТМ ректорининг буйруғи билан тузиладиган Махсус комиссия томонидан ўтказилади.
- Суҳбат жорий йил август ойининг 2-10 саналарида ўтказилади.
- Суҳбат ОТМда таълим бериладиган тилда ўтказилади.
- Суҳбатнинг ушбу тартибга қатьий риоя этган ҳолда ташкил этилиши ва ўтказилиши учун масъулият тегишли ўқув йили учун тузиладиган ОТМ Қабул комиссияси масъул котибига юкланади.
- МДҲ мамлакатлари фуқароларини суҳбатдан ўтиши мажбурий ҳисобланади.
- Суҳбат, қоида тариқасида, ОТМ биноларида ўтказилади.
- Хорижий фуқаролар суҳбат ўтказиш учун бинога тегишли навбат бўйича олиб кирилади.
- Хорижий фуқаро томонидан суҳбатга китоб, дафтар, ёрдамчи восита, мобил телефон ва бошқа алоқа воситаларининг олиб кирилиши ва улардан фойдаланилиши қатъиян тақиқланади.
- Суҳбатда қатнашиш учун хорижий фуқаро паспорт асосида киритилади.
- Суҳбат ўтказишда хорижий фуқаро саволлар берилган билетни танлайди. Ҳар бир билет тўртта саволдан иборат бўлади.
- Билет олинганидан сўнг хорижий фуқарога суҳбатга тайёрланиш учун 30 дақиқа ажратилади.
- Бунда хорижий фуқаро суҳбатга тайёрланиш учун қоғоз варақлардан фойдаланиши мумкин.
- Суҳбатдан ўтиш жараёнида МДҲ мамлакатлари фуқароларига билет мазмуни бўйича қўшимча саволлар берилиши мумкин.
- Битта хорижий фуқаро билан суҳбат 20 минутгача давом этади.
- Суҳбат натижалари баллар қўйиш йўли билан 100 баллик тизимда баҳоланади.
- МДҲ мамлакатлари фуқаролари жадвал бўйича суҳбатга келмаган ҳолларда 0 балл қўйилади.
- Хорижий фуқаро 55 ва ундан юқори балл тўплаганда суҳбатдан ўтган ҳисобланади.
- Суҳбатдан ўтган хорижий фуқаролар рўйхати улар томонидан тўпланган баллар асосида рейтинг тизимига мувофиқ аниқланади.
- Суҳбат жараёни ва натижаларини қайд этиш учун видео ва аудиоёзув қўлланиши мумкин.
- Суҳбатни қайта ўтказиш тақиқланади.
- Суҳбат натижалари шикоят қилиниши ва апелляция тартибида кўрилиши мумкин эмас.
- Суҳбат натижалари 15 августга қадар ОТМнинг бакалавриатига хорижий фуқароларни қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ва Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссиясига юборилади.
- Ўзбекистон Республикаси ОТМларининг бакалавриатига МДҲ мамлакатлари фуқароларини қабул қилиш учун ташкил этиладиган 7 кишидан иборат Махсус комиссия таркибига қўйидагилар киритилади:
– Ректор
– Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи (котиб)
– ОТМ Қабул комиссиясининг масъул котиби
– Махсус комиссия аъзолари (4 киши)
– Махсус комиссия аъзолари сифатида суҳбат ўтказиладиган йўналишлар бўйича ОТМ кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилари ва мутасадди ходимлари киритилади.
- Суҳбат натижаларини баҳолаш мезонлари:
- Дунёқараши (ҳозирги кунда дунёда рўй бераётган асосий ва муҳим ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлардан умумий хабардорлиги) – тах. 25 балл;
- Касбий иштиёқи ва ўқишга кириш сабаблари (танланаётган касбининг моҳияти ва мазмуни, унинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти, ушбу касбнинг қийинчиликлари тўғрисида тасаввурга эгалик, ушбу касбни танлашга ундаган сабаблар) – тах. 25 балл;
- Умумий интеллектуал даражаси (ўз фикрини аниқ-равшан, мантиқий ва ижодий баён қила олиш ҳамда ўз фикрини асослантира олиш қобилияти) – тах. 25 балл;
- Маънавий-ахлоқий даражаси (қатъий маънавий-ахлокий принципларга эга бўлиш, мулоқот этикаси ва ташқи кўриниш маданиятига риоя этиши) – тах. 25 балл.
Мавзуга оид янгиликлар:
Salom Xushnudbek aka men maqolalarizni o‘qib boraman . bu yuriq nomangizdan o‘zimga kerakli bo’lgan barcha narsalarni bilib oldim. Bur narsani bulmayapman men Tojikiston fuqarosiman yoshim 17da kelasi yelda TDYU o‘qishga topshirmoqchiman. Agar o‘qishga kirsam O’zbekistonda yashash guvohnomasini olishim kerak buladimi?