Бугун қизиқ бир воқеа рўй берди. Эрта тонгда электрон почтамни текширсам, Қирғизистонлик бир фуқаро номидан хат келибди. Мазкур хатдаги Шарқшунослик институти билан боғлиқ масала мени ушбу мақолани ёзишга ундади.
Келинг бир бошидан бошласам:
2017 йил 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ва бу қарор бўйича қандай ўзгаришлар бўлгани ҳақида аввалроқ хабар бергандим.
Ушбу қарор асосида Тошкент давлат юридик университетига хорижий фуқароларни қабул қилишда бошқа ОТМлардан фарқли ўлароқ, тест синовларидан воз кечилиб, шунчаки суҳбат ўтказиладиган бўлди.
Энди қарорнинг бир жиҳатига эътибор қаратайлик. Ушбу Вазирлар Маҳкамаси қарорининг 2-иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ана шундай қўшимчалар Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 августдаги 169-сонли қарори билан тасдиқланган “Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисида”ги низомига ҳам киритилди.
Хусусан, Низомнинг 12-банди 1-хатбошисига қуйидаги мазмундаги жумла қўшилди:
Илтимос, юқоридаги жумлани яна бир қайта ўқиб чиқсангиз. Юридик университет деган жойи йўқ, тўғрими? Демак, бу нимани англатади? Бу шуни англатадики, бундан буён, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан келган хорижий фуқаролар нафақат ТДЮУ, балки республикамиздаги барча ОТМлар бакалавриатига суҳбат натижасида қабул қилинадиган бўлди. МДҲдан бошқа мамлакат фуқаролари учун эса ОТМларда тест синови сақланиб қолган.
Янада аниқроқ айтсак, ўзгаришдан кейин Низомнинг 12-банди қуйидагича кўринишга келди:
- Хорижий фуқаролар олий ўқув юртларига кириш тест синовлари натижаларига кўра қабул қилинади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан келган хорижий фуқаролар олий таълим муассасалари бакалавриатига олий таълим муассасаси томонидан белгиланадиган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижасида қабул қилинади.Хорижий фуқароларнинг тест синови (суҳбат) топшириши учун рухсатнома Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан берилади.Тест синовлари (суҳбат) натижалари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хорижий фуқароларни олий ўқув юртига ўқишга қабул қилиш юзасидан қарор қабул қилиши учун асос ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарори асосида олий ўқув юртлари ўқишга қабул қилиш тўғрисида тегишли буйруқ чиқарадилар.
Нима учун айрим ОТМ раҳбарияти бундай қарордан бехабар?
Ана, энди асосий масалага келдик. Сайтимда чоп этилган мақолани ўқигач, Қирғизистон Республикаси фуқароси Зокиржон (исми ўзгартииилди)да Ўзбекистонда ўқиш истаги пайдо бўлади ҳамда Тошкентга келади. Араб тили ихтисослиги бўйича ўқиш истагида бўлган Зокиржон тўғри Тошкент давлат шарқшунос институтига боради.
3.000 АҚШ долларига яқин шартнома пулини тўлаб ўқишга рози бўлиб келган хорижлик фуқарони институт раҳбарияти жуда унақа қучоқ очиб кутиб олмайди. МДҲ мамлакатлари фуқаролари тест синовларисиз, фақат суҳбат асосида қабул қилиниши ҳақидаги янгиликни-ку, қабул комиссиясидагилар умуман эшитмаган бўлиб чиқишади. Демак, бу дегани Вазирлар Маҳкамасининг таълимга оид қарорини ёки ўқиб кўришмаган, ёки тушунишмаган, ёки бошқа бирор сабаб бор.
Жумладан, Зокиржон ўз мактубида қуйидагича ёзган (имло аслича сақланди):
Мавзуни 1- узгариши буйича мен киргизстон фукароси шаркшунослик институтига бордим, у ердаги ходимларни яъни Кабул комиссиясини бошлигидан сурасам, улар йук бизда бундай узгаришлар йук бу факат юридик таълимга тегишли Хушнудбек сал шошибти деди ва сизни адашганликда айблади. Шунга сиздан илтимос шу конунга ёки ёзган хабаризга ойдинлик киритсангиз? мен сизни хабариззи укиб укишга кирарканман деб Ташкентга келволибман хайрон булиб юрибман!
Зокиржон билан телефон орқали боғландим. Ҳозирча Ўзбекистонда экан. Унинг айтишича, агар шу масала ҳал бўлса, яна 10 нафарга яқин қирғизистонликлар Шарқшунослик институтида ўқиш истагини билдиришмоқда экан. “Сен уриниб кўр, агар ҳақиқатдан суҳбат асосида кира олсанг, биз ҳам тезда етиб борамиз” дейишмоқда экан Зокиржонга.
Тасаввур қилинг-а, йилига 30 минг АҚШ доллари атрофида шартнома тўлашга рози бўлиб турган талабалар турганда, нима учун буни биз пайсалга солишимиз керак? Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам ўз-ўзидан чиқмагандир? Таълим тизими раҳбарлари ҳам узоқ ўйлаб, ҳар томонлама ҳисоб-китоб қилиб, кейин шу янгиликни киритишгандир ахир?
Вазирлар Маҳкамаси ОТМларга ўзининг моддий-техник базасини яхшилаш учун кенг имконият бериб, МДҲдан келган хорижлик фуқароларни ўзлари белгилаган тартибда суҳбат қилиб олиш мумкин деган янгилик киритсаю, лекин бўлаётган ўзгаришлардан қуйи бўғиндагиларнинг ўзлари бехабар бўлса.
Умид қиламанки, ушбу мақоламда келтирилган фикрларни тўғри тушунган ҳолда, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги вазиятга тез фурсатда ойдинлик киритади.
Savolim bor.2010/2011öquv yilida 1kurs 2semestrdagi 1fandan akademik qarzdorlik uchun talabalar safidan chetlatilganman. Öqishimni qayta tiklash imkonyati mavjudmi? Talim sohasidagi özgarishlar tiklashim uchun yöl ochadimi? Javob uchun oldindan rahmat.