Ҳар куни ўзимиз хоҳламаган тақдиримизда ҳам барибир рекламаларга тўқнаш келаверамиз. Кўчага чиқасиз – рекламаларга тўла. Телевизорни ёқасиз – реклама. Қўлингизга бирон газета ёки журнални оласиз – реклама. Интернетга кирасиз – яна ўша гап.
Ўзбекистондаги реклама бозори ҳам шиддат билан ривожланиб, кенг қулоч очиб бормоқда. “Якс” савдо белгиси каби катта реклама кампаниясини ўтказаётганлар сони ҳам секин-аста ортиб бормоқда. Лекин шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Хўш, юртимиздаги рекламалар қай даражада қонун ҳужжатларига мос келмоқда? Реклама тайёрлаш, тарқатиш билан боғлиқ қандай муаммолар мавжуд?
Мана шу масала мени 3-4 ой аввал қизиқтирган ва шу соҳадаги қонунчиликни бир ўрганиб чиққан эдим. Кейинчалик мазкур соҳа бўйича ўзимда пайдо бўлган эътирозларимни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига хат орқали маълум қилган эдим. Хатда иккита масала ўз ифодасини топган эди. Бири “Beeline” компаниясининг рекламаси, иккинчиси рекламаларда нархларни кичик шрифтлар билан ёзилиши ҳақида эди. “Beeline” бўйича қўмитадан жавоб олганман, унда ҳақиқатдан алоқа операторининг рекламаси мақсадга мувофиқ эмас деб топилгани ҳамда бу борада компанияга тегишли кўрсатма берилгани баён қилинганди. Бу ҳақида, шахсий блогимда ёзгандим ҳам.
Изоҳ:
Аммо орадан кўп вақт (4 ой) ўтган бўлса ҳам, “Beeline” рекламасида ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Ёки қўмита ҳеч қандай чора кўрмаган, ёки компания қўмитанинг кўрсатмасини бажармасликка, эътибор ҳам бермасликка қарор қилган. Хуллас, эски тос, эски ҳаммом.
Бугун Сиз билан бошқа масалада гаплашамиз. Яъни юқоридаги иккинчи масала: рекламаларда хизмат нархларининг жуда майда шрифтларда ёзилиши бўйича.
Бунақа ҳолат деярли ҳар бир рекламада учрайди. Айниқса, мобиль алоқаси орқали қисқа рақамларда турли хил хизматларни кўрсатувчи компанияларнинг рекламасида бундай майда шрифтлар одатий ҳолга айланган. Фалон қўшиқни кўчириб олинг, фалон ўйинни юклаб олинг, зерикарли гудок ўрнига ёқимли мусиқа танланг дея жар солувчи компаниялар, хизмат нархи қанчалигини яширгиси келади. Содда мижозларнининг соддалигидан фойдаланиш учун ҳаракат қилишади. Натижада хизмат нархлари қирғий кўзига эга инсонларгина кўра оладиган кичик шрифтларда ёзилади. Бу ҳам маркетинг, бу ҳам бир уддабуронлик! Баракалла!
Энди танганинг иккинчи томонига ўтамиз. Наҳотки, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича юртимизда катта ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказилаётган бир пайтда, мана шундай оддий реклама қоидаси бўйича биронта тегишли тартиб ўрнатилмаган бўлса? Наҳотки, содда ва қизиқувчан истеъмолчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу соҳадаги биронта ҳуқуқий ҳужжат бўлмаса? Яхшилаб ўрганиб чиқсак, ушбу масалани тартибга солувчи қоида қонунчиликда бор экан.
1998 йил 25 декабрда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги Қонундан ўзимизни қизиқтирган саволга жавоб олишим мумкин. Қонуннинг 19-моддасига назар ташлаймиз:
19-модда. Телефон ва ҳужжатли электр алоқадан фойдаланиладиган тарздаги реклама
Телекс ва факсимиль алоқа ёрдамида реклама қилишга, агар олувчининг махсус сўрови бўлмаса, бир манзилга бир варақдан ортиқ бўлмаган ҳажмда бир марта жўнатишга йўл қўйилади.
Маҳаллий, шаҳарлараро ёки халқаро телефон алоқасидан фойдаланилган ҳолда кўрсатиладиган хизматлар рекламаси реклама воситаларида тарқатилган тақдирда қуйидаги аниқ ахборотлардан таркиб топган бўлиши керак:
хизматнинг пулли ёки текин йўсинда эканлиги ҳамда унинг қиймати тўғрисидаги ахборот;
таклиф этилган хизматнинг мазмуни тўғрисидаги ахборот;
хизмат истеъмолчилари доирасига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳамда хизматнинг ишлаб чиқарувчиси томонидан белгиланган — ёшга доир ва бошқа чеклашлар тўғрисидаги ахборот;
телефон алоқа каналидан пулли фойдаланиш ва тегишли минтақада хизматдан 1 минут фойдаланишнинг қиймати тўғрисидаги ахборот.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ахборот реклама хизматини тақдим этиш учун фойдаланиладиган телефон рақами терилган шрифт ҳажмининг камида ярмига тенг ҳажмдаги шрифт билан босилиши шарт.
Милиция, тез тиббий ёрдам, ёнғиндан сақлаш ва шу каби хизматларнинг бепул хизмат кўрсатадиган телефон рақамларидан реклама тарқатиш учун фойдаланиш тақиқланади.
Ўқидингиз-а? Яхши. Энди бир бошидан келамиз. Мазкур моддада таъкидланмоқдаки, телефон алоқаси орқали кўрсатиладиган хизматларни реклама қилаётганда албатта бўлиши талаб этиладиган маълумотлар бор. Унинг рўйхатини кўрдингиз: нархи, мазмуни, ёшга доир маълумот.
Энди кейинги қисмга қаранг. Нима дейилган? Айтилганки, юқоридаги маълумотлар хизматни тақдим этувчи телефон рақами ёзилган шрифтнинг камида ярмига тенг бўлиши керак. Биздачи? Бизда қанақа? Мана бунақа:
Кўриб турибсиз, хизматни кўрсатувчи телефон рақамининг шрифти қандай катталикда-ю, унинг нархи кўрсатилган шрифт қандай кичикликда? Қонун бўйича, камида ярмига тенг бўлиши керак. Агар 50 шрифтда телефон рақами кўрсатилган бўлса, 25 шрифтда нархлар ва ҳ.к.
Бунақа рекламалар тиқилиб ётибди. Жуда кўп. Қонунга тўғри келмайдиган рекламани топишдан кўра, тўғри келадиганини топиш қийин.
Айнан мана шу масала бўйича, Қўмитага иккинчи бор юзланишга қарор қилдим. Аслида бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи эдим. Яъни ҳам муаммоли вазиятга ечим топиш мақсадини кўзлаган бўлсам, ҳам яқинда ишга тушган Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг нечоғлик самарали ишлаётганини текшириб кўрмоқчи бўлдим. Ва ўз мурожаатимни айнан шу сайт орқали, электрон кўринишда юбордим.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали яхши ишлаётганини кўрсатди. Мен жавобнинг мазмунига эмас, кўпроқ жавобнинг келганига хурсанд бўлдим. Бу катта силжиш бўлади лекин. Мазкур портал ҳақидаги фикрларим билан кейинроқ батафсил ўртоқлашаман. Ҳозир мавзудан четлашмайлик.
Хуллас, мурожаатимга кўп ўтмасдан расмий жавоб олдим. Мана ўша жавоб хати:
Хатда айтилишича, мазкур масалани қўмита вакиллари атрофлича ўрганиб чиққан ҳамда реклама бозори субъектларига тегишли хат юборган. Жавоб хатига илова сифатида ўша юборилган хатни ҳам юборишибди. Унинг асл нусхасини интернетга жойлаб ўтирмайманку, лекин мазмуни билан ўртоқлашишим мумкин.
Хуллас, қўмита томонидан реклама бозори субъекти ҳисобланувчи ОАВ, корхона ва ташкилотларга (рўйхат бўйича) тегишли тартибда огоҳлантирувчи хат юборган. Унда реклама бозорида йўл қўйилаётган қуйидаги ҳолатлар алоҳида санаб ўтилган:
1. Рекламалар ўрганиб чиқилганда, истеъмолчилар учун “бупел етказиб бериш” (бесплатная доставка) ёки умуман оддийгина “бепул” (бепул интернет, бепул мой алмаштириш, текин суҳбат ва ҳ.к.) каби сўзлар ишлатилганлиги аён бўлди. Қўмита томонидан текширувлар шуни кўрсатдики, ҳар доим ҳам реклама айтилганидек бўлавермаган. Маҳсулот текинга олиб бориб берилмаган, хизматлар ҳам пулли бўлиб чиққан.
2. Баъзи рекламаларда маҳсулот ҳақида, ундан фойдаланиш шартлари ҳақида керакли (энг зарур) маълумотлар берилмаяпти ёхуд бундай маълумотлар кичик шрифтларда ёзилмоқда ёки тўлиқ маълумот олиш учун бутунлай бошқа бир манбага ҳавола қилинмоқда.
Айтиш жоизки, юқоридаги ҳолатлар атайин, истеъмолчилардан зарур маълумотларни яшириб қолиш мақсадида қилинмоқда ва бу истеъмолчиларни чалғитмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг асосий мақсадларидан бири маҳсулотнинг характери, тайёрланиш усули ва жойи, истеъмол хусусиятлари, сифати ва бошқа тавсифлари, уни реализация қилиш шартларига кўра истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотлар реклама воситасида тарқатилишининг олдини олишдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳамда реклама қонунчилигига доир ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш мақсадида, реклама бозори субъектларини (реклама берувчилар, тайёрловчилар ва тарқатувчилар) “Реклама тўғрисида”ги Қонун ҳамда реклама соҳасини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилишлари, шунингдек, рекламаларда маҳсулот ва ундан фойдаланиш шартлари ҳақида тўлиқ маълумот бериш ёки керакли маълумотларни тегишли шрифтларда ёзиш ҳақида жиддий огоҳлантирамиз.
Агарда мазкур талаблар бажарилмаган тақдирда қонунчиликка биноан, мазкур реклама нотўғри реклама дея топилади. Бундай вазиятда қонунбузарлар тегишли тартибда моддий жавобгарликка тортилади.
Қўмита томонидан мана шундай мазмунда хат юборилган. Умуман олганда, бу жуда қувонарли хат. Бошқа томондан аксинча, қайғули. Қувонарли томони, эндиликда реклама бозорида истеъмолчилар ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ қандайдир чора-тадбирлар амалга оширилиши мумкин. Қайғули томони шундаки, “Реклама тўғрисида”ги Қонун 1998 йилда қабул қилинган. Наҳотки, 15 йилдан буён тегишли мансабдор шахслар, реклама берувчилар, уларни тайёрловчилар ва ниҳоят тарқатувчилар ушбу Қонунга бир марта бўлса ҳам қараб қўйишмаган? Шунча вақтдан буён наҳотки ҳеч ким “Ҳой, рекламангни тўғрила, Қонунга зид” дея огоҳлантирмаган?
Ҳечдан кўра, кеч дейишади. Энди асосий савол туғилади. Хўш, Қўмитанинг мазкур хати реклама бозори субъектларига таъсир қилармикин? Ёки Қонунга риоя қилмаган шахслар, “Оддий хатга риоя қилармидик” деган мазмунда, ўзининг билганидан қолмасмикин?
Нима қилардик, кутамиз. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Биз фақат яхшиликларга умид қилиб қоламиз.
Саломат бўлинг.
Раҳмат Хушнуд ака, жуда эътиборлисиз. Ҳали фикр ва янгиликлар алмашамиз.