Yangi hujjatlar

Рейтинг тизими тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиш натижасида келиб чиқадиган муаммолар ҳақида

Аввалроқ Сизларга талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомга ўзгартиш киритилгани ҳақида хабар бергандим. Олдинги хабарда Низомга қандай ўзгартишлар киритилганлиги тўғрисида батафсил таҳлилий маълумот беришга ҳаракат қилган эдим. Бу сафар бошқа жиҳат ҳақида суҳбат қурамиз. Низомга киритилган бир кичик ўзгартириш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида.

Ёдингизда бўлса, Низомга агарда талаба баҳорги семестр натижалари бўйича академ қарздор бўлса, унга қайта топшириш учун талабаларнинг ёзги таътили ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг меҳнат таътилидан сўнг бир ойлик муддат берилиши бўйича ўзгариш ҳам киритилганди.

Бу нима дегани? Амалиётни кузатадиган бўлсак, баҳорги семестр охирида, айтайлик июнь ойида талаба фандан академ қарздор бўлса, қайта топшириш учун бериладиган бир ойлик муддат ўша заҳоти бошланар, натижада талаба ёзги таътил вақтида (июль-август ойларида) ОТМда бўлишга мажбур бўлар, бундан ташқари талаба ОТМ профессор-ўқитувчиларининг меҳнат таътилига чиқиши билан боғлиқ катта муаммога дуч келар эди.

Эндиликда киритилган ўзгартиш бўйича, баҳорги семестрда академ қарздор бўлган талабага ёзги таътил ёки меҳнат таътили тугагандан сўнг, яъни сентябрь ойидан бошлаб қайта ўзлаштириш учун бир ой вақт бериладиган бўлди. Ушбу ўзгартиш амалиётда талабалар дуч келадиган бир қатор муамоларни бартараф этишга мўлжалланган.

Хўш, савол туғилади: унда муаммо нимада?

Фикримча, академ қарздор талабага ёзги таътил тугагандан кейин қайта топшириш учун муҳлат берилиши талабаларнинг баъзи муаммоларини бартараф этиши билан бир қаторда, яна янги муамоларни келтириб ҳам чиқаради. Келинг, шу муаммоларни бирин-кетин кўриб чиқсак.

1. Энг биринчи муаммони 1-курс талабаларидан бошлайман. Тасаввур қилинг, 1-курсда таҳсил оладиган талаба баҳорги семестрда биронта фандан академ қарздор бўлди. Нечта фанданлигининг аҳамияти йўқ. Низомга киритилган охирги ўзгартишга кўра, академ қарздор бўлган 1-курс талабасига фанни қайта топшириш учун ёзги таътилдан кейин 1 ой муддат берилади. Яхши.

Лекин масаланинг бошқа томонини назардан четда қолдиряпмиз. Қайта топшириш муддати берилади дегани, ўша талаба аниқ ўтиш балини олади дегани эмас-ку, тўғрими? 1-курс талабаси сентябрь ойида ҳам фанни ўзлаштира олмади ва натижада талабалар сафидан чиқарилди дейлик.

2010 йил 18 июндаги Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 13-бандига биноан биринчи курсга ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш ман этилади. Академ қарздорлиги учун талабалар сафидан чиқарилган 1-курс талабаси ОТМга кириш учун абитуриент сифатида қайтадан ҳужжат топшириши ва 1-августдаги имтиҳонларга кириши лозим.

Низомга киритилган янги ўзгариш бўйича талаба академ қарзини сентябрь ойида топширадиган бўлса, ва қайта ўзлаштира олмасдан талабалар сафидан чиқарилса, унда беҳудага 1 йил вақтини йўқотади. Агарда Низомнинг аввалги қоидаси бўйича топширганда, июль ойининг ўзидаёқ жавоби аниқ бўларди. Ва талабалар сафидан чиқарилган тақдирда ҳам ўша йилнинг ўзидаёқ яна қайтадан абитуриент сифатида имтиҳон топширишга улгурар эди.

2. Энди иккинчи муаммо ҳақида. Навбат ОТМнинг битирувчи курс талабаларига. Хабарингиз бор, ОТМнинг битирувчи курс талабалари сўнги семестрини қолган курслардан вақтлироқ тугатишади. Чунки улар битирув малакавий иши ҳамда якуний давлат аттестациясини топширишади.

Энди тасаввур қиламиз, битирувчи курс талабаси баҳорги семестрда (таҳминан март-апрель ойларида) қайсидир фанни қайта ўзлаштира олмади. Низомга киритилган ўзгартириш талабига кўра, қарздор талабага қайта топшириш учун сентябрь ойида қайта имкон берилади. Битирувчи курс талабаси сентябрь ойида қайта топшира олса, унда нима бўлади? Аллақачон унинг курсдошлари битирув малакавий иши ҳамда якуний давлат аттестациясини топшириб бўлган ва аллақачон дипломларини қўлига олган пайтда қайта топширган талабанинг тақдири нима бўлади? Унинг учун қайта комиссия ташкил қилинадими? Ёки у келаси йилги имтиҳонларда қатнашадими? 1 йил йўқотади-ку унда! Шу сабабли ҳам, яқинда киритилган ўзгартишни 4-курсларга татбиқ қилиб бўлмайди.

3. Учинчи муаммо ўрта курсларга таалуқли. Яъни асосан 2-3 курсларга. Агарда 2-3 курс талабалари академ қарздор сифатида сентябрь ойида фанни ўзлаштира олса, унда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ўқиши бир маромда давом этиб кетаверади. Лекин яна олдинги гап, яъни улар ўзлаштира олмасдан, талабалар сафидан чиқарилиши ҳам мумкин. Мана бунда талаба бир муаммога дуч келади. Ўқишни қайта тиклаш муаммосига.

Ҳар йили ОТМларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш масалаларини кўриб чиқадиган комиссия ташкил қилинади. Улар талабаларнинг аризаларини кўриб чиқади ҳамда қайта тиклаш ёки тикламаслик ҳақида тегишли қарор қабул қилади.

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бандига кўра, талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.

Энди масалага қайтамиз. Айтайлик, ОТМнинг 2-3 босқич талабаси баҳорги семестрда (июнь ойида) академ қарздо бўлди. Унга Низомнинг янги қоидаси бўйича, сентябрь ойида қайта топшириш учун вақт берилди. У топшира олмади ҳамда талабалар сафидан чиқарилди. Бундай вазиятда ўша талаба шу йилнинг ўзидаёқ талабалар сафига тиклана олмай қолади. Кейинги ўқув йилини кутишга мажбур бўлади. Чунки сентябрь ойида қайта тиклаш комиссияси ўз фаолиятини тугатган бўлади. Бундай вазиятда талаба ўзидан икки курс пастга тикланади ва ўз-ўзидан 1 йили кўкка совурилади.

Олдинги амалиёт бўйича қанақа эди? Талабанинг академ қарздор ёки йўқлиги август ойигача ҳал бўлар, мабодо у талабалар сафидан чиқарилган тақдирда ҳам август ойининг охирларида қайта тиклаш учун ариза топшириб, сентябрь ойидан бир курс пастга тикланар ҳамда ўқишни давом эттирар эди. Ҳозир эса унақа эмас.

Худди шу муаммо битирувчи курс талабаларига ҳам таалуқли.

4. Тўртинчи муаммо стипендия билан боғлиқ. Низомга киритилган ўзгартириш туфайли талабалар моддий зарар кўриши ҳам мумкин.

2004 йил 10 март куни тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 7-банд 2-қисмига кўра, академ қарздор талаба фанни қайта ўзлаштирса, унга кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб стипендия тайинланади.

Энди қаранг, талаба сентябрь ойида қайта топширса, унга 1 октябрь санасидан стипендия тайинланади. Шунда талаба июль, август, сентябрь ойларининг стипендиясини бой бериши мумкин. Олдинги қоида бўйича эса талаба камида июль ойида академ қарзидан қутилиши ва стипендия олишда ҳеч қандай узилиш бўлмаслиги мумкин эди.

ТАКЛИФЛАРИМ:

Юқоридагиларни инобатга олиб, қуйидагиларни таклиф қиламан:

1. Биринчи ва иккинчи муаммони ҳал қилиш учун, Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги Низомга қўшимча киритиш керак. Унга “мазкур қоида истисно тарзда биринчи ҳамда битирувчи курсларга татбиқ этилмайди” деган қўшимчани киритиш лозим.

2. Ўқишни қайта тиклаш билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш учун Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бандига қуйидагича қўшимча киритиш керак:

“Аввалги ўқув йилининг баҳорги семестрида академ қарздор бўлиб, ёзги таътил тугугандан сўнг берилан қайта топшириш муддатида фанни ўзлаштира олмасдан талабалар сафидан чиқарилган талабалар учун истисно тарзда тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошлангандан кейин ҳам қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилиши мумкин”.

Хуллас, шунақа гаплар. Муаммонинг ҳар қандай ечими, янги муаммоларни келтириб чиқаради дейишган машойиқлар. Буни ушбу қоидада ҳам кўриб турибмиз. Мен ушбу мақолани тегишли тартибда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига юбораман. Асосийси талабалар учун келажакда вақт ва моддий кўринишда келиб чиқиши мумкин бўлган муаммо бартараф этилса ёки бошқа муқобил варианти ишлаб чиқилса, бундан хурсанд бўлардим. Талабалар учун албатта!

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (12)
  • Йўқ (5)
  • Бироз (1)

Битта фикр

  1. zo’r o’ylabsz, buni albatta tegiwli joylarga yuboring. Javobini bizga ham aytiw esdan chiqmasin,albatta.