Yangi hujjatlar

Давлат мулкига топширилган хазина учун қанча миқдорда мукофот берилади?

“Омад ҳамиша келавермайди” номли кинофильмни кўпчилик муштарийларимиз кўрган бўлса керак. Ҳа, ўша, олтин топиб олган шоввозлар ҳақидаги фильм. Мазкур фильмни кўрганлар бир марта бўлса ҳам, хазина топиб олишни орзу қилган бўлса ажаб эмас. Хўш, агар ҳаётда ҳақиқатдан бирон хазина ёки бошқа эгаси номаълум буюм топиб олсак-чи? Унда қонунга мувофиқ қандай ҳаракат қилиишмиз лозим? Бугун шу ҳақида маълумот берамиз.

Бугунги саволларга жавоб топишда биз Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мурожаат қиламиз.

Эгасиз ашё нима?

Эгаси бўлмаган ёки эгаси номаълум бўлган ашё эгасиз ашё ҳисобланади.

Йўқолган ашёни топиб олганда нима қилмоқ керак?

Йўқолган ашёни топиб олган шахс бу ҳақда уни йўқотган шахсни ёки ашё эгасини ёхуд уни олиш ҳуқуқига эга бўлган ўзга маълум шахслардан биронтасини дарҳол хабардор этиши ҳамда топилган ашёни шу шахсга қайтариши шарт.
Башарти, ашё бинода ёки транспортда топилган бўлса, у шу бинонинг ёки транспорт воситасининг эгаси бўлмиш шахсга топширилмоғи лозим. Топилма топширилган шахс ашёни топиб олган шахснинг ҳуқуқларини қўлга киритади ва унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Агарда йўқолган ашёнинг эгаси номаълум бўлса-чи?

Башарти, топилган ашё қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номаълум бўлса ёки унинг манзили маълум бўлмаса, ашёни топиб олган шахс топилма тўғрисида милицияга, тегишли давлат органларига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига маълум қилиши шарт.

Агар йўқолган ашёнинг эгаси топилмаса-чи?

Башарти, топилма тўғрисида милицияга ёки тегишли давлат органига хабар қилинган пайтдан эътиборан олти ой мобайнида йўқолган ашёни олишга ҳақли бўлган шахс аниқланмаса ҳамда ашёни топган шахсга ёхуд милиция, тегишли давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ана шу ашёга бўлган ўз ҳуқуқи тўғрисида арз қилмаса, ашёни топиб олган шахс унга эгалик ҳуқуқини олади.
Башарти, ашёни топиб олган шахс топилган ашёни мулк қилиб олишдан бош тортса, ашё давлат мулкига ўтади.

Йўқолган ашёни эгасига қайтарганлиги учун мукофот борми?

Ашёни топиб олган ҳамда уни олишга ҳақли бўлган шахсга қайтариб берган шахс ана шу шахсдан ашёни сақлаш, топшириш ёки сотиш билан боғлиқ харажатларни, шунингдек ашёни олишга ҳақли бўлган шахсни топиш учун кетган харажатларни ундириш ҳуқуқига эга.
Ашёни топиб олган шахс уни олишга ҳақли бўлган шахсдан топилма учун ашё қийматининг йигирма фоизига қадар миқдорида мукофот талаб қилишга ҳақлидир.
Башарти, топиб олинган ҳужжатлар ёки ўзга ашёлар уларни олишга ҳақли бўлган шахснинг ўзи учунгина қимматга эга бўлса, мукофот миқдори шу шахс билан келишув асосида, келишувга эришиб бўлмаган тақдирда эса — суд орқали белгиланади. Топилган ашёни қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли бўлган шахс топилма учун кўпчилик ўртасида мукофот ваъда қилган бўлса, у кўпчилик ўртасида ваъда қилинган мукофотни ўша шартларга мувофиқ тўлайди.
Башарти, ашёни топиб олган шахс топилма ҳақида хабар қилмаган бўлса ёки уни яширишга уринган бўлса, мукофот олиш ҳуқуқи вужудга келмайди.

Хазина ўзи нима? Хазина топиб олган шахснинг қандай ҳуқуқлари бор?

Эгаси аниқланиши мумкин бўлмаган ёки қонунга биноан ҳуқуқларини йўқотган хазина, яъни ерга кўмилган ёки бошқача усулда яширилган пул ёхуд қимматбаҳо буюмлар хазина яшириб қўйилган мол-мулк (ер участкаси, иморат ва шу кабилар) мулкдори бўлган шахс ва хазинани топган шахс мулкига, агар улар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, тенг улушларда ўтади.
Хазина у яшириб қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс томонидан топилган тақдирда, бу хазина у топилган ер участкасининг ёки бошқа мол-мулкнинг эгасига топширилиши керак.

Агарда топиб олинган хазина тарих ва маданият ёдгорликлардан иборат бўлса-чи?

Тарих ва маданият ёдгорликлари жумласига кирадиган ашёлардан иборат хазина топилган тақдирда, улар давлат мулкига топширилиши керак.

Давлат мулкига топширилган хазина учун қанча миқдорда мукофот берилади?

Бунда хазина яшириб қўйилган ер участкаси ёки бошқа мол-мулкнинг эгаси ва хазинани топган шахс биргаликда хазина қийматининг эллик фоизи миқдорида мукофот олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Бундай хазинани у яшириб қўйилган мол-мулк эгасининг розилигисиз қазишма ишларини олиб борган ёки бойлик қидирган шахс топиб олса, бу шахсга мукофот тўланмайди ва хазина батамом мулкдорнинг ихтиёрига ўтади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (88)
  • Йўқ (11)
  • Бироз (9)

2 фикр

  1. Agar xazina hich kimga tegishli bulmagan joydan atayin qidirib topilsa mukofot puli beriladimi yuqmi?