Хабарингиз бор, бугунги кунда 2014/2015 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари кетмоқда. Жорий йилда бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги бўлимларга умумий қабул квотаси 57907, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 19120 ва тўлов-контракт асосида 38787 нафар миқдорида белгиланган.
2014-2015 ўқув йилида айрим янги йўналишлар ва мутахассисликлар очилди. Жумладан, мазкур ўқув йилида Тошкент архитектура-қурилиш институтида “Қиймат инжиниринги” (“Стоимостной инжиниринг”), Тошкент давлат аграр университетида “Доривор ўсимликларни етиштириш технологияси” (“Технология возделывания лекарственных растений”) каби янги йўналишларга талабалар қабул қилинади.
Жорий ўқув йилида республикамиздаги 57 та олий таълим муассасасида, 11 та олий таълим муассасалари филиалларида, шунингдек, Навоий кончилик институтининг Зарафшон ва Олмалиқ факултетлари ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Қўнғирот бўлимини ҳисоблаганда жами 71 та таълим муассасасида тест синовлари ўтказилади.
ДТМ берган маълумотга кўра, 2013 йилда 57 та олий таълим муассасаларига абитуриентлардан тушган аризалар сони жами 480407 та бўлиб, шу жумладан, кундузи бўлимга 480163 та, сиртқи бўлимга 244 та ҳужжат қабул қилиниб, республика бўйича ўртача танлов 8,5 ни ташкил этган бўлса, 2014 йилда 500000 дан ортиқ абитуриентларнинг ҳужжат топшириши кутилмоқда.
Куни кеча ДТМ сайтида абитуриентлар учун махсус саҳифа ишга тушди. Мазкур саҳифада ОТМларга ҳужжат топшираётган абитуриентларнинг сони реал вақтда нечта бўлганлигини кузатиш мумкин.
Шунингдек, ушбу саҳифада республикадаги барча ОТМларнинг йўналишлари бўйича қабул квоталари ҳам кўрсатилган.
Ушбу хабар киритилаётган вақтда ҳужжат топширган абитуриентлар сони бутун республика бўйлаб, 135 190 нафарни ташкил қилмоқда.
Ҳозирча республика бўйича Жиззах давлат педагогика институтига энг кўп, 7607 нафар абитуриент ҳужжат топширган.
Bazaga kiritilgani shuncha 🙂 Qolgan yana 4-5 baravari halicha kiritilmagan 🙂