2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.
Мазкур ҳужжат асосида, 9 та Кодекс, 19 та Қонун ва 1 та Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Жиноят Кодексига банкротлик билан боғлиқ янги жиноят киритилди.
Мазкур қўшимчага биноан, эндиликда қасддан банкротликка олиб келиш жиноий ҳаракат сифатида баҳоланади. Бу ҳақида ЖКга янги 181-1-модда (прим бир) киритилди.
Киритилган ўзгартиришнинг мазмунига тўхталадиган бўлсак, якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қасддан банкротликка олиб келиш деганда тўловга қобилиятсизликни қасддан юзага келтириш ёки ошириш, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг барқарор иқтисодий ночорлигига (банкротлигига) олиб келиши тушунилади.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур ҳаракатлар кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига олиб келган тақдирдагина жиноят ҳисобланади.
Кўп миқдордаги зарар дейилганда энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган миқдордаги зарар тушунилади (ҳозирги кун бўйича таҳминан 32 млн. сўмдан 54 млн. сўмгача).
Кодексга киритилган ўзгартириш бўйича, агарда етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, худди шу қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам қасддан банкротликка олиб келиш билан боғлиқ янги модда киритилди. Яъни агарда қасддан бакротликка олиб келиш билан боғлиқ ҳаракатлар натижасида кредиторларга етказилган зарар миқдори кўп миқдордан кам бўлса (32 млн. сўмдан), унда жиноий эмас, балки маъмурий жавобгарлик келиб чиқади.
Бундай ҳолатда жавобгар ҳисобланган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.
Жиноят Кодексига киритилган янги модданинг матни:
181-1-модда. Қасддан банкротликка олиб келиш
Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш, яъни тўловга қобилиятсизликни қасддан юзага келтириш ёки ошириш, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг барқарор иқтисодий ночорлигига (банкротлигига) олиб келса, кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, –
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган янги модданинг матни:
179-5-модда. Қасддан банкротликка олиб келиш
Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш, яъни тўловга қобилиятсизликни қасддан юзага келтириш ёки ошириш, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг барқарор иқтисодий ночорлигига (банкротлигига) олиб келса, кредиторларга зарар етказилишига сабаб бўлса, –
мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Sharx uchun rahmat! Sizdan yana bir moddaga fikr bildirishingizni so’rab qolardim. JPK 348-1. Ushbu moddaning 4 qismiga munosabatingiz.