Бугун бир қатор электрон ОАВларда доимий пропискага кириш учун интернет орқали ариза юбориш мумкин бўлди деган хабарлар тарқалди. Доимий прописка деган сўзни эшитганда ўзгача ҳаяжонга тушадиган инсонлар орасида эса бу хабар яшин тезлигида тарқалиб кетди. Бу хабар худди 40 хум олтин ҳақидаги ривоятга ўхшаб, ҳар бир инсондан бошқасига ўтганда янада озгина озгинадан миш-миш қўшилиб, “любой одам 3 кунда интернет орқали Тошкентга доимий пропискага кираётган экан” деган кўринишгача ўзгариб кетди.
Телефонлар, интернет орқали мактублар жуда кўп келди. Ва охири шу ҳақида нимадир қоралаш зарурияти борлигини тушуниб етдим. Демак, ҳозир Сиз билан Ички ишлар вазирлиги томонидан Ягона портал орқали кўрсатиладиган хизмат аслида нима эканлиги ҳақида суҳбатлашамиз. Олдиндан айтиб қўяй, ҳалиям осонгина интернет орқали Тошкентга доимий пропискага кираман деб ўйлаб ўтирган шахслар, ушбу мақолани ўқимасдан чиқиб кетишлари мумкин. Чунки қуйида уларни хурсанд қиладиган бирон гап йўқ.
ЎЗИ БУ ҚАНДАЙ ХИЗМАТ?
Энг аввало бир нарсани яхшилаб билиб олишингизни истар эдим:
- Бу хизмат пропискага кириш учун ариза юборадиган хизмат эмас, бу хизмат орқали Сиз тўғридан-тўғри пропискага кира олмайсиз;
- Бу хизматни доимий пропискага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу вақтинчалик пропискага тааллуқли.
Ягона порталдаги хизмат номи қуйидагича:
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини рўйхатга қўйиш ва рўйхатдан чиқариш учун зарур бўлган ҳужжатлар намуналарини олиш
Рус тилида:
Образцы документов, необходимых для оформления прописки и выписки граждан Республики Узбекистан
Хизмат ҳақидаги хабарда қуйидагича ёзилган:
Демак, бу хизмат пропискага кириш учун ариза юборадиган хизмат эмас.
Бу шунчаки прописка учун зарур бўладиган ҳужжат намуналарини олишда ёрдам беради холос. Намуна деган сўзга яхшилаб эътибор беришингизни сўрар эдим. Намуна дегани, ўз-ўзидан айтиб турибдики, пропискага кириш дегани эмас.
УНДА БУ ХИЗМАТ НИМАГА ЁРДАМ БЕРАДИ?
Яхши савол. Мен ҳам шунга қизиқиб кўрдим. Аниқ жавоб топа олмадимку, лекин менинг хулосам қуйидагича:
Бу хизмат Сизга пропискага кириш учун топширадиган аризани тўлдиришга ёрдам беради. Яна эътибор беринг: ариза тўлдиришга ёрдам беради, ариза юборишга эмас!
Нега мен айнан ариза тўлдиришга ёрдам беради деяпман? Сабаби вақтинчалик пропискага кириш учун милиция таянч пунктига (“участковой”) топшириладиган ҳужжатлар ичида аризадан бошқасини интернет орқали олиб бўлмайди. Ишонмасангиз, ўзингиз бир кўринг.
2012 йил 20 майдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 4-бандига кўра, вақтинчалик прописка учун қуйидаги ҳужжатларни топшириш зарур:
- ариза;
- паспорт;
- 16 ёшга тўлмаган шахслар учун – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 35х45 мм ўлчамли иккита фотосурат;
- турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериши тўғрисидаги аризаси (розилиги);
- турар жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;
- ҳисобга олиш учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.
Хўш, шу ҳужжатлардан қайси бирининг намунасини интернет орқали олишим мумкин деб ўйлайсиз, қани айтингчи? Паспортними? Ёки 35х45 мм ўлчамли фотосуратними? Ёки уй эгасининг розилигиними? Албатта йўқ. Бу ерда Ягона портал орқали берилиши мумкин бўлган битта-ю битта ҳужжат, бу ҳам бўлса – ариза.
Келинг, чалкашмаслик учун, хулоса қиламиз:
Ана, кўрдингизми, бу онлайн ариза топшириш эмас, балки онлайн ариза тўлдириш хизмати. Янада жайдари тилда айтганда, бу хизмат барча хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари (паспорт стол) олдида Сизга ҳужжатларни тахлаш ва аризаларни тўлдиришга ёрдам берадиган “Стол услуг” деган хизмат бор-ку, худди ана шу хизматнинг интернетдаги кўриниши. Хоҳласангиз, интернет орқали 2 минг 604 сўм (ЭКИҲнинг 2%и) тўлаб ариза тўлдиринг, хоҳланг ўша сиз-у биз билган “Стол услуг”даги қизларга бориб (балки йигитлар ҳам ишлар, лекин асосан қизлар-да) тўлдиртиринг. Сизда 3-вариант ҳам бордир, буниси ўзингизга ҳавола.
P/S: Менга ҳалигача қизиқ, хизмат нархи ЭКИҲнинг 2%и дейилган, аммо қандай тўлов қилиш мумкинлиги тушунтирилмаган. Пулни қандай ечиб олишаркин-а? Ёки банкка бориб, тўлов қилиб, квитанциясини сканер қилиб, уни ҳам порталга юклаймизми? Ийе, шунча оворагарчиликдан кўра, тўғри милиция таянч пунктига бориш осонроқ бўлади-ку. Менимча, кейинчалик ушбу хизмат учун тўловни бекор қилишса керак. Яна ҳам ким билсин.
ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШ МУМКИН?
Ягона порталдаги ўша хизматдан фойдаланиш учун боссангиз, 4 қадамли форма очилади. 1-қадамда Сизнинг сайтдан рўйхатдан ўтиш чоғида кўрсатган шахсий маълумотларингиз тўғрилигини сўрайди. Бу қадам жуда осон. “Кейинги қадам” тугмасини боссангиз кифоя.
2-қадамда қуйдагича форма очилади:
Бунда Сиздан ушбу саволларни сўрайди:
- Туғилган жойи
- Қаердан келди (минтақа номи)
- Қуйидаги манзил бўйича пропискага қўйишни сўрайман (туман(шаҳар), кўча(квартал), уй, корпус, хонадон.)
- Турар жой (уй-жой мулкдори Ф.И.О. ёки уй-жой берган ташкилот номи) томонидан берилди
- Бир вақтнинг ўзида мен билан қуйидаги оила аъзоларимни пропискага қўйишни сўрайман:
- Ариза берувчи ёки вакилнинг Ф.И.О. (ариза берувчи учун ишончли вакиллар, вояга етмаганлар учун эса ота-оналар, васий (ҳомий)лар вакил ҳисобланади)
- Келишдан мақсади (ўз уй-жойи, қариндошларга, васий (ҳомий)га, оилалар бирлашуви, ишга ва б.)
3-қадамда шахсий ҳужжатларингизнинг электрон нусхасини илова қилишингизни сўрайди.
4-қадамда юборади.
Дидукция ва индукцияни ишга солиб қилган таҳлилларим шуни кўрсатдики, бу хизматнинг ишлаш принципи жуда оддий. Вақтинчалик прописка бўйича йўриқномада топшириладиган аризанинг намунаси берилган. Ўша ариза намунаси Ягона портал базасига киритилган. Юқорида кўрсатилган саволларга жавоб берганингиздан сўнг, киритган гапларингизни автоматик равишда ариза намунасига жойлаштириб беради ва Сизга тайёр бўлган аризани тақдим этади. Бошқача айтганда оддий генератор. Нимани ёзсангиз, шуни ариза намунасига ўрнатиб берадиган. Албатта, ёзганларингиз модераторлар томонидан тезкор назоратдан ўтса ҳам керак. Адашган бўлсам, узр.
ҚАНЧА МУДДАТДА БЎЛАДИ?
Хизмат натижаси қанча муддатда кўринади? Бу саволга жавоб қидириб, қизиқ нарсага дуч келдим. Ягона порталнинг ўзбекча ва русча версияларида турлича маълумот турган эди. Ўзбекча версиясида “Республика ҳудудида шу куннинг ўзида, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида – 3 кунда” деб ёзилган, русчасида эса ўша заҳотиёқ (мгновенно) дейилган.
Нима учун бундай фарқ борлигини мен кейинчалик тушуниб етдим (бу ҳақида қуйида батафсил тушунтираман). Менинг хулосам шундайки, русча версияси тўғри. Яъни Сиз ўша заҳотиёқ жавобни оласиз. Яна ҳам ким билсин.
НАТИЖАНИ ҚАЕРДАН ОЛСА БЎЛАДИ?
Натижа бўйича ҳам юқоридаги ҳолат. Ўзбекча ва русча версияларида тафовут бор. Ўзбекча версиясида “Шахсан. Ҳар куни соат 9-00 дан 20-00 га қадар (дам олиш ва байрам кунларидан ташқари)” дейилган бўлса, русча версиясида Ягона портал орқали дейилган.
Бу сафар ҳам айтишим мумкинки, русча версияси тўғри бўлиши керак. Яъни жавобини Ягона порталнинг ўзидан оласиз. Ўзбекча версиясини тез орада тўғрилаб қўйишса керак.
Бор гап шу. Энди бошқа савол туғилади,
НИМА УЧУН САЙТЛАР БУ ХИЗМАТ ҲАҚИДА БОШҚАЧА МАЪЛУМОТ БЕРИШДИ?
Қани бу ерда онлайн ариза? Қани бу ерда доимий прописка ҳақида маълумот? Нега ОАВлар халққа нотўғри маълумот беришди?
Шу саволларга жавоб топиш мақсадида кичик суриштирув ўтказишга ҳаракат қилиб кўрдим. Маълум бўлишича, ҳақиқатдан дастлаб Ягона порталдаги хизмат номи тамомила бошқача бўлган экан. Кейинчалик хизмат тавсифи ўзгартирилибди. Шунчаки, мен интернетга кечки пайт кирганим учун, дастлабки версияни кўрмаган эканман.
Хизмат ўзгартирилишидан аввал қандай бўлганлигига қизиқиб, Google Cash хизматига мурожаат қилдим. Маълумот ўрнида айтаманки, Google саҳифаларни бирламчи версиясини ўзида сақлаб қолади. Натижа мана бундай чиқди:
Мана бу эса, турли электрон ОАВларда чиққан янгилик матни:
Демак, дастлаб Ягона порталда эълон қилинган хизматда ҳақиқатдан доимий пропискага онлайн кириш мумкинлиги ҳақида гап борган. Аммо кейинчалик хизмат бутунлай ўзгартирилган. Бунинг сабаби менга номаълум.
Хуллас, бор гап шу, дўстлар. 3 кун ичида Тошкентга доимий пропискага кириш мумкинлиги ҳақидаги турли миш-мишларга ишонмаслигингизни сўрар эдим.
Шарҳ учун раҳмат.