Yangi hujjatlar

Абитуриентларга: қабул комиссиясига ўрта махсус дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхасини топшириш шарт эмас

Бугун нотариус сифатида фаолият юритадиган танишим қабул жараёнлари бошлангандан буён абитуриентлар коллеж ёки лицей дипломини нотариал тасдиқлаш юзасидан жуда кўп мурожаат қилаётганини, ҳар куни юздан ортиқ яқин мана шундай нотариал ҳаракатни амалга ошираётганини айтиб қолди.

“Албатта, биз нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқарога асоссиз рад жавоби беришга ҳаққимиз йўқ, шунинг учун уларга диплом нусхасини тасдиқлаб беряпмиз, аммо аслида абитуриентлар қабул комиссияларига бундай ҳужжатни топшириши шарт эмаску”, – деган фикрни айтган суҳбатдошим мендан шу масалага аниқлик киритиб беришимни сўради.

Хўш, абитуриентлар ҳақиқатдан ҳужжат топшириш вақтида ўрта махсус дипломининг нусхасини нотариал тасдиқлаши шартми?

Жавоб: ЙЎҚ, ШАРТ ЭМАС!

2017 йил 20 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 12-бандига кўра, абитуриент олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • ариза;
  • умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
  • 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома;
  • паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома)нинг нусхаси;
  • 3.5 x 4.5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;
  • махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳадан тавсиянома.

Шунингдек, айрим абитуриентлар учун қуйидаги ҳужжатлар ҳам зарур:

  • Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.
  • Танловдан ташқари ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари асл нусхадаги тасдиқловчи ҳужжатларни топширадилар.
  • Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасининг аслини юқорида кўрсатилган ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этадилар.
Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда олий таълим муассасаси қабул комиссияси абитуриентнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Кўриб турганингиздек, ҳужжатлар рўйхатида дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси мавжуд эмас. Шу сабабли, бундай қўшимча ҳужжатни тайёрлашингизга зарурият йўқ.

Агар бундай ҳужжат зарур бўлмаса, унда нима учун ҳар куни юзлаб, балки минглаб абитуриентлар нотариусда навбатда туришибди? Ёки қабул комиссиясидагилар сўраётганмикин?

Шу саволларга ечим топиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази ва бир нечта қабул комиссиясидагилар билан боғландим. Уларнинг барчасидан бир хил жавоб олдим. Яъни абитуриент дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхасини топшириши шарт эмас. Ва қабул комиссиялари бундай ортиқча ҳужжатни талаб қилишмаяпти. Буларнинг барчаси миш-миш.

Қабул комиссиясидагилар ҳақиқатдан аксарият абитуриентлар дипломларининг нотариал тасдиқланган нусхасини ҳам олиб келаётганлигини, “бундай ҳужжат талаб этилмайди, нега олиб келдингиз” деган саволга эса, “агар нотариал тасдиқланган нусхаси бўлмаса қабул комиссиясидагилар қайтараётган эмиш” деган гапни эшитиб қолгани учун тайёрлаб келишганини айтиб беришди.

Нотариус танишим билан қайта боғланиб вазиятни тушунтирдим. “Келганлардан сўраб кўрингчи, айнан қайси олийгоҳлар рад қилаётган экан”, – деб сўрадим.

Маълум бўлишича, ўз дипломини нотариал тасдиқлатиш учун навбатда турган абитуриентларнинг деярли ҳеч қайси биридан қабул комиссияси бундай ҳужжат сўрамаган. Шунчаки, кимлардандир эшитиб қолгани учун келишибди. Фақат 2 нафар абитуриент “танишимни Педагогика университети ва Педиатрия тиббиёт институтида нотариал тасдиқланган нусхаси йўқлиги учун қайтаришибди” деган гапни айтган холос.

Бироқ бу миш-миш ҳам ўз тасдиғини топмади. Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти вакиллари билан боғланганимда, қабул комиссияси абитуриентлардан бундай ҳужжат талаб қилишмаётганлигини маълум қилди.

Ҳурматли абитуриентлар,

ҳозир Сиз учун жуда ҳаяжонли дақиқалар эканлигини тушунамиз. Мана шундай ҳар дақиқа ғанимат бўлган пайтда кимларнингдир миш-мишига кўр-кўрона ишониб, текширмасдан ўзингизни ортиқча овора қилманг. Нотариус идораларидан Сизга умуман кераксиз бўлган ҳужжатни олиш учун кетказган вақтингизни билимларингизни янада мустаҳкамлаш, такрорлашга сарфлаганингиз маъқул эмасми?

Агар мабодо Сиздан қайсидир олийгоҳнинг қабул комиссияси ноқонуний равишда дипломингизнинг нотариал тасдиқланган нусхасини талаб қилса, унда қуйидаги телефонларга мурожаат қилиб, бу ҳақида шикоят қилишингиз мумкин:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги: 1006 ёки +998 (71) 246-01-95, 246-37-12

Давлат тест маркази: +998 (71) 235-19-14

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (54)
  • Йўқ (446)
  • Бироз (4)

10 фикр

  1. Assalomu aleykum Xushnudbek aka. Men ham abituriyentman va do’stlarimdan (pripisnoyga astrochka urdirilishi shart ekanligi haqida eshitdim).Iltimos shu haqda ma’lumot bersangiz haqiqatan ham bu shartmi yoki yo’q?Rahmat.