Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати бугун, яъни 12 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” Қарор қабул қилди.
Конституциямизнинг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов амнистия тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилиш ҳақида Олий Мажлис Сенатига тақдимнома киритган эди ҳамда мазкур тақдимнома асосида амнистия актининг лойиҳаси 2013 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, у ҳақда қарор қабул қилинди.
Мазкур йилдаги амнистия акти кўлами ўтган йили Конституция қабул қилинганлигининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия акти билан деярли бир хил бўлди. Бирон жиддий ўзгариш кузатилмади.
Хўш, савол туғилади: Амнистия акти кимларга нисбатан қўлланилади? Ушбу саволга батафсил жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Мазкур ҳужжатнинг 1-бандига мувофиқ, қуйидаги маҳкумлар жазодан озод қилинади:
а) аёллар;
б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;
в) 60 ёшдан ошган эркаклар;
г) чет давлат фуқаролари.
Қарорнинг 2-бандига мувофиқ, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилиниши белгиланди.
Қарорнинг 3-бандига кўра, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган деб топилган шахслар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод этилади.
Қарорнинг 4-бандига кўра, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилиниши белгиланган.
5-бандга мувофиқ, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилиниши кўзда тутилган.
Қарорнинг 6-бандида кимларга нисбатан юритилаётган жиноят ишлари тугатилиши ҳақида баён қилинган. Унга кўра, ушбу Қарорнинг 1 ва 2-бандида қайд этилган шахслар, яъни аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда чет давлат фуқаролари, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этганлар томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган барча ишлар тугатилади. Мазкур банднинг аҳамияти шундаки, юқоридаги шахслар жиноий жавобгарликдан озод этилади, бу эса шу тоифадаги шахслар судланмаган деб топилади.
Қарорнинг 7-бандида, амнистия актига асосан жазодан тўлиқлигича озод қилинмайдиган шахсларнинг жазо муддатини маълум бир фоизга қисқартириш ҳақида баён қилинган. Бунга кўра,
а) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати — учдан бир қисмига;
б) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати — тўртдан бир қисмига қисқартирилади.
Қарорнинг 8-бандида, амнистия актига тушмайдиган шахслар рўйхати саналган. Унга кўра, мазкур амнистия акти узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларга тадбиқ этилмайди.
Шунингдек, ушбу Қарор 1-бандининг амал қилиши – ўта оғир жиноят содир этган шахсларга, 1-4, 6, 7-бандларининг амал қилиши – тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган шахсларга ҳамда 4, 5, 7-бандларининг амал қилиши – муқаддам амнистия бўйича жазодан озод бўлган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга нисбатан тадбиқ этилмаслиги белгиланган.
Қарорнинг 9-бандида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қўмита ва комиссиялари ушбу Қарорнинг қўлланилиши тартиб-таомилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкоралик амалга оширилишида сенаторлар ва депутатлар корпусининг бевосита иштирокини таъминлаши белгилаб қўйилди.
Ушбу Қарор амалга оширилиши юзасидан масъуллик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилди (10-банд).
Шунингдек, 11-бандга кўра, амнистия акти тўғрисидаги Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ва уч ой мобайнида ижро этилиши лозим.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” Қарор матни эртага, яъни 13 декабрь куни “Халқ сўзи” газетасида расмий эълон қилинади.
Эслатиб ўтаман, аввалроқ шахсий саҳифамда “Амнистия қачон қабул қилинади?” номли мақола эълон қилган эдим ҳамда унда юртимизда амнистия акти қабул қилиниш тартиби ҳақида батафсил маълумот берганман.
Амнистия актида ёдга олинган “Ижтимоий хавфи унча катта бўлмаган жиноят”, “Унча оғир бўлмаган жиноят”, “Оғир жиноят” ёки “Ўта оғир жиноят” каби тушунчалар нимани англатишини қуйидаги манзилдан билиб олишингиз мумкин.
Bugun ko’rilgan boshqa masalalar haqida ham maqola chiqrasizmi. Byudjet kodeksi. 2014 byudjet parametrlari makroiqtisodiy ko’rsatkichlar…