Yangi hujjatlar

Оғир жиноят нима дегани?

Савол: Амнистия акти бўйича саволим бор эди. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Олий Мажлис Сенатининг қарорининг 1-банди оғир жиноят содир этганларга татбиқ этилмасин дейилган. Айтингчи, жабрланувчига қанча миқдорда моддий зарар етказилган бўлса жиноят  оғир деб топилади?
 
Жавоб: Жиноятнинг даражасини белгилаш етказилган моддий зарарга боғлиқ эмас. ЎзР Жиноят Кодекси 15-моддасида айнан жиноятларни таснифлаш ҳақида қоидалар белгиланган бўлиб, бунга кўра жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятларга бўлинади. Бунда жиноятга белгиланган жазонинг муддати асос қилиб олинади.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда оғир жазо сифатида 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган жиноятлар киради.
Ўта оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (36)
  • Йўқ (5)
  • Бироз (3)

Битта фикр

  1. Спасибо за статью оказалась очень полезной.