Yangi hujjatlar

Амнистия кимларга қўлланилади? (батафсил шарҳ)

2015 йил 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” Қарор қабул қилгани ҳақида хабар берган эдим.

Мазкур йилдаги амнистия актининг ўтган йиллардагидан фарқли томонлари мавжудлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

1-ФАРҚ

Энг катта ўзгаришлардан бири, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни жазодан озод қилиш амалиёти жорий йилги амнистияда назарда тутилмаган.

2-ФАРҚ

Яна бир катта ўзгариш, жорий йилги амнистия актига мувофиқ асосий жазодан озод қилинган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмайди. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бундай норма Ўзбекистондаги амнистия тизимида илк бора учрамоқда.

3-ФАРҚ

Шунингдек, жорий йилги амнистия актида озодликка чиқарилмайдиган шахсларнинг ўталмай қолган жазоларини маълум муддатларга қисқартириш амалиёти чиқариб ташланган. Масалан, ўтган йилги амнистияда ўталмай қолган жазоси 10 йилгача бўлса, учдан бир, 10 йилдан ортиқ бўлса тўртдан бир қисмга қисқартириш мазмунидаги банд мавжуд эди.

Маълумот ўрнида айтишим мумкинки, озодликка чиқмайдиган маҳбусларнинг жазо муддатларини қисқартириш амалиёти 2007 йилгача мавжуд бўлган, фақат 2008-2011 йиллардаги амнистия актларида бу акс этмаган эди. Кейинчалик 2012-2014 йилги амнистияларда ҳам бундай енгиллик киритилганди.
4-ФАРҚ

Бундан ташқари, жорий йилги амнистияда озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, қарор эълон қилинган кунда ўталмай қолган жазо муддати уч йил-у олти ойдан кам бўлган шахслар манзил-колонияларга ўтказилиши белгиланди. Маълумот ўрнида айтишим жоизки, бундай енгиллик амнистия тизимимиз учун янгилик эмас. Хусусан, энг сўнгги бор, 2008-2011 йиллардаги амнистия актларида ўталмай қолган жазоси уч йилгача бўлганлар манзил-колонияларига ўтказилиши белгиланган эди.

5-ФАРҚ

Ва яна амнистиянинг жиноят ишларини тугатиш билан боғлиқ қисмида ҳам ўзгаришлар мавжуд. Илгари 1 ва 2-бандларда қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилиши белгиланар эди. Жорий йилда фақат 1-бандда қайд этилган шахсларнинг ишлари тугатилади, 2-банддагиларга бу қоида татбиқ этилмайди. Яъни эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар тугатилмайди.

6-ФАРҚ

Шунингдек, амнистия акти татбиқ этилмайдиган жиноятлар рўйхатида ҳам ўзгаришлар мавжуд. Масалан, илгари 1-банднинг (аёллар, вояга етмаганлар, 60 ёшдан ошганлар ва хорижликлар, I ва II гуруҳ ногиронлари) амал қилиши ўта оғир жиноят содир этганларга татбиқ этилмасди. Жорий йилда ушбу бандга ўзгариш киритилиб, энди ўта оғир жиноятлардан ташқари битта оғир жиноятга ҳам татбиқ этилмаслиги белгиланди. Бу 104-моддаси учинчи қисми «д» бандида кўрсатилган жиноят бўлиб, унга кўра, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлишини билдиради.

МАЪЛУМОТ УЧУН: Оғир жиноят нима дегани?

7-ФАРҚ

Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, жорий йилда 3-банди амал қилиши – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида (қасддан одам ўлдириш) ва 104-моддаси учинчи қисмининг «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга татбиқ этилмаслиги белгиланди. Демак, эндиликда юқоридаги иккита жиноятни содир этган ва ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган маҳкумлар жазодан озод этилмайдиган бўлди.

8-ФАРҚ

Ёдингизда бўлса, ўтган йилдан бошлаб, фирибгарлик жиноятини содир этган шахсларга қачонки етказилган зарарни тўлиқ қоплагандан кейингина амнистия акти татбиқ этилиши белгилаб қўйилган эди. Жорий йилда ушбу қоида ҳам сақланиб қолган, фақат эндиликда нафақат фирибгарлик, балки ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-модда) жиноятини содир этган шахсларга ҳам етказилган зарарни қоплаган тақдирда амнистия қўлланиши белгиланди.

Жорий йилдаги асосий ўзгаришлар шулардан иборат.

Энди асосий саволга жавоб берамиз: Жорий йилда амнистия акти кимларга нисбатан қўлланилади? Бандма-банд таҳлил қилиб чиқамиз.

1-банд

Мазкур ҳужжатнинг 1-бандига мувофиқ, қуйидаги маҳкумлар жазодан озод қилинади:

а) аёллар;

б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;

в) 60 ёшдан ошган эркаклар;

г) чет давлатлар фуқаролари;

д) I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йил ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган деб топилган шахслар.

2-банд

Қарорнинг 2-бандига мувофиқ, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинади.

3-банд

Қарорнинг 3-бандига кўра, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар жазодан озод қилинади.

4-банд

4-бандга мувофиқ, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ушбу Қарор эълон қилинган кунда ўталмай қолган жазо муддати уч йил-у олти ойдан кам бўлган шахслар манзил-колонияларга ўтказилиши белгиланди.

5-банд

Қарорнинг 5-бандида кимларга нисбатан юритилаётган жиноят ишлари тугатилиши ҳақида баён қилинган. Унга кўра, ушбу Қарорнинг 1-бандида қайд этилган шахслар, яъни аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар, чет давлат фуқаролари, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган деб топилган шахслар, томонидан қилинган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган барча ишлар тугатилади.

6-банд

Қарорнинг 6-бандида амнистия актига тушмайдиган шахслар рўйхати саналган. Унга кўра, мазкур амнистия акти қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

  • узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган;
  • ўта хавфли рецидивист деб топилган;
  • тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этган;
  • жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган;
  • жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган;
  • афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган;
  • шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган.

Шунингдек,

  • 1-банди амал қилиши – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми «д» бандида кўрсатилган, шунингдек ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларга;
  • 3-банди амал қилиши – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида ва 104-моддаси учинчи қисмининг «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга;
  • 1–3, 5-бандлари амал қилиши – Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167, 168-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этиб, етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

7-банд

7-бандга кўра, ушбу Қарорга мувофиқ асосий жазодан озод қилинган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмаслиги белгиланди.

8-банд

Қарорнинг 8-бандида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қўмита ва комиссиялари ушбу Қарорнинг қўлланилиши тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралиги амалга оширилишида сенаторлар ва депутатлар корпусининг бевосита иштирокини таъминлаши белгилаб қўйилди.

9-банд

Ушбу Қарор амалга оширилиши юзасидан масъуллик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига юклатилди (9-банд).

10-банд

Шунингдек, 10-бандга кўра, амнистия акти тўғрисидаги Қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ва уч ой мобайнида ижро этилиши лозим.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (248)
  • Йўқ (50)
  • Бироз (35)

14 фикр

  1. Menga JK 266 moddasining 2 qismi ham tushganmi iltimos bilib berinlar
    Oldinnan raxmat