Yangi hujjatlar

Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўриқномаси тасдиқланди

2014 йил 4 июль куни Давлат божхона қўмитасининг “Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Декларация жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган Ўзбекистоннинг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар, товарлар ҳамда транспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида қўлланилади.

Декларация 16 ёшга тўлган шахслар томонидан Ўзбекистоннинг Давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистоннинг божхона чегарасини ҳар гал кесиб ўтганда тўлдирилади.

Декларация икки нусхада тўлдирилади. Декларациянинг бир нусхаси божхона органида қолади, иккинчи нусхаси эса Декларацияни тўлдирган шахсга берилади.

Декларация бланклари ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланади. Шахс ўзи истаган тилдаги Декларация бланкини тўлдириши мумкин.

Декларация унинг орқа томонидаги эслатма билан танишган ҳолда қуйидаги тарзда тўлдирилади:

1-бандда шахс тўғрисида маълумотлар (фамилияси, исми, туғилган йили, жинси, паспортининг серияси ва рақами), доимий яшаш мамлакати, фуқаролиги, бирга ҳаракатланаётган 16 ёшга тўлмаган шахслар мавжудлиги ва уларнинг сони кўрсатилади;
2-бандда ҳаракат тури (кириш, чиқиш) ҳамда қайси мамлакатдан келганлиги, қайси мамлакатга бораётганлиги кўрсатилади;
3-бандда сафар мақсади кўрсатилади (хизмат, ўқиш, иш, саёҳат, қариндошларни йўқлаш, даволаниш, доимий яшаш жойи, тижорат);
4-бандда багаж мавжудлиги тўғрисида маълумотлар кўрсатилади;
5-бандда Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари ҳамда қимматбаҳо буюмларнинг мавжудлиги ва миқдори кўрсатилади;
6-бандда товарлар ва транспорт воситаси тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.

Декларацияда бўяб тузатишлар ва ўчириб ёзишлар бўлмаслиги лозим. Нотўғри тўлдирилган бандлар аниқланган тақдирда, Декларацияни божхона назоратидан ўтказгунга қадар шахс ушбу бандлардаги хато маълумотларни тўғри чизиқ билан ўчириб, тегишли маълумотларни қўлда ёзиб тўғрилаши мумкин. Ҳар қандай бундай тўғрилаш Декларацияни тўлдирган шахснинг имзоси ҳамда божхона органи ходимининг шахсий муҳри билан тасдиқланади.

Хорижга чиқувчи ёки хориждан Ўзбекистонга келувчи шахслар қуйидаги эслатмалар билан танишиб қўйишгани мақсадга мувофиқ бўлар эди:

‎‎1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган товарлар рўйхати:
‎а) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар;
‎б) Давлат ва жамият қурилишига рахна солишга, ҳудудий яхлитлик, сиёсий мустақиллик ва давлат суверинитетини бузишга, уруш, терроризм, зўравонлик, миллий устунлик ва диний нафрат, ирқчилик ва унинг турларини (антисемитизм, фашизм) ҳамда порнографик мазмундаги материалларни тарғиб этишга қаратилган босма асарлар, қўлёзмалар, клишелар, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, грамзапислар, овоз ёзилган материаллар;
‎в) портатив лазерли нур тарқатгичлар;
‎г) портловчи моддалар ва портлатиш воситалари.

‎‎2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши тақиқланган товарлар рўйхати:
‎а) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар;
‎б) дон (буғдой, сули, арпа, гуруч, маккажўхори, гречиха); нон маҳсулотлари (ундан тайёрланган қандолат маҳсулотлари, пироглар, ўзи ишлаб чиқарган пишириқлардан ташқари); ун, ёрмалар; уй ҳайвонлари, паррандалар; гўшт ва истеъмолбоп гўштли қўшимча маҳсулотлар, уй паррандасининг истеъмолбоп маҳсулотлари; шакар; ўсимлик ёғлари; тери хом ашёси (ностандарт терилар ҳам), тери-мўйна, шу жумладан қоракўл териси (ностандарт терилар ҳам) хом ашёси; рангли металл парчалари ва чиқиндилари; чуватиш имкони бўлган пилла, хом ипак (эшилмагани), ипак чиқиндилари (шу жумладан чуватиш имкони бўлмаган пилла, пилла ипи чиқиндилари ва юмшатилган чиқиндилари); полиэтилентерефталат (ПЭТ) чиқитлари, қийқиндилари ва скрап (қиринди)лари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган рўйхатга асосан республикадан олиб чиқиб кетилиши мумкин бўлмаган биологик объектлар.

‎‎3. Ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари (лицензиялар) талаб этиладиган товарлар рўйхати:
‎Қурол, ўқ-дорилар; ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари; радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар; маданий бойликлар (расмлар, ҳайкалтарошлик асарлари, анъанавий халқ бадиий ҳунармандчилиги буюмлари ва бошқалар) ваколатли органларнинг тегишли рухсатномалари бўлган тақдирда Декларацияда мажбурий равишда кўрсатиш шарти билан олиб ўтилишига рухсат этилади.

‎‎4. Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби:
‎Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган резидентлар ва норезидентлар томонидан энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси олиб ўтилаётган бўлса Декларацияда мажбурий тарзда кўрсатилиши лозим.
‎Резидентлар ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютасини олиб кириш ва олиб чиқишда белгиланган энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан ошмаган миқдоригача рухсат этилади.

‎‎5. Нақд чет эл валютасини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби:
‎Резидентлар ва норезидентлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган нақд чет эл валютаси миқдоридан қатъи назар, Декларацияда мажбурий тарзда кўрсатилиши лозим.
‎Норезидентларга Ўзбекистон Республикасига кириш вақтида Декларацияда кўрсатилган миқдорда нақд чет эл валютасини республика ҳудудидан олиб чиқилишига рухсат этилади.

‎‎6. Резидентлар ва норезидентлар томонидан товарларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишдаги божсиз олиб ўтиш меъёрлари:
‎Резидентлар ва норезидентлар томонидан ўз эҳтиёжи учун товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари қуйидагиларни ташкил этади:
‎10 АҚШ доллари — истеъмол товарларини чегарадош давлатлардан (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон) олиб киришда;
‎1000 АҚШ доллари — товарларни чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан олиб киришда (тижорат мақсадида олиб кирилаётган товарлар бундан мустасно).
‎Қиймати 1000 АҚШ доллари эквивалентигача бўлган товарлар (тижорат мақсадида олиб чиқилаётган товарлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқилаётганда Декларациянинг 6-бандида кўрсатилади. Товарларнинг қиймати 1000 АҚШ долларидан ошадиган бўлса, божхона юк декларацияси расмийлаштирилиши лозим.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (1)

Битта фикр

  1. Яхши иш булибди