Yangi hujjatlar

Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш асослари ва уни расмийлаштириш тартибига ўзгартиш киритилди

2016 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.

Фармонга кўра, 1992 йил 20 ноябрдаги ПФ-500-сонли Президент Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди.

Киритилган ўзгартириш мазмунини таҳлил қиладиган бўлсак, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш асослари ва уни расмийлаштириш тартиби” номли 4-бўлими янгидан таҳрирланди.

Янги таҳрир натижасида қуйидаги асосий ўзгартиришлар киритилди:

  1. Энг аввало айрим атамалар замонавий қонунчилик техникасига мослаштирилди. Масалан, “ажнабий давлат” атамаси “чет давлат”га, “юстиция органлари” атамаси “адлия органлари” атамасига ўзгартирилди.
  1. Аввалроқ 2015 йил 10 август куни «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш киритилгани, унга кўра, агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдим. Низомга киритилган ўзгартиришга кўра, юқоридаги ҳолатлар содир этилганда, фуқароликни йўқотиш қандай тартибда расмийлаштириш белгиланди.
Эслатиб ўтаман, қуйидаги асослар бўлганда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги йўқотилиши мумкин:

  1. шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирганлиги натижасида;
  2. агар чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса;
  3. агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида олинган бўлса;
  4. агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса.

Қуйида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг янги таҳрирдаги 4-бўлим матни билан танишишингиз мумкин:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш асослари ва уни расмийлаштириш тартиби

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш асослари ва уни расмийлаштириш тартиби

IV. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш асослари ва уни расмийлаштириш тартиби

1. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотиш қуйидаги ҳолларда фуқаролик тўғрисидаги Қонун асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан расмийлаштирилади:
а) Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет давлат армиясида ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизматига, шунингдек чет давлатда полицияга, адлия органларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг ўзга органларига ишга кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, ёхуд бошқа ишончли маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда.
Консуллик муассасалари материалларни Ташқи ишлар вазирлигига юборадилар, бу вазирлик Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизматидан хулосаларни олиб, ўз хулосаси билан материалларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга тақдим этади. Комиссия Ўзбекистон Республикасининг Президенти қарор қабул қилиши учун таклифлар киритади;

б) агарда, чет элда доимий яшовчи шахс 5 йил мобайнида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобидан ўтмаган тақдирда консуллик муассасалари материалларни Ташқи ишлар вазирлигига юборадилар. Ташқи ишлар вазирлиги ўз хулосаси билан материалларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга юборади. Комиссия тақдим этилган материалларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикасининг Президенти қарор қабул қилиши учун таклиф киритади.
5 йиллик муддат тўғрисидаги қоида 16 ёшга етмаган шахсларга тааллуқли бўлмайди. Консуллик муассасасининг раҳбари Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ўз вақтида консуллик ҳисобидан ўтмаганлиги сабаблари узрли ёки узрли эмаслигини вазиятга қараб мустақил баҳолайди.

в) ёлғонлиги шак-шубҳасиз маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги олинганлиги аниқланган тақдирда, бу тўғрисида маълумотлар ёки аризалар тушган чоғда ички ишлар органлари мазкур шахс ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқароси эканлиги юзасидан зарур текширишлар ўтказадилар. Ёлғонлиги шак-шубҳасиз ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатларни тақдим этиш натижасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олиш факти тасдиқланган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги материалларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга тақдим этадилар. Комиссия материалларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор қабул қилиши учун таклифлар киритади.

2. Агар шахс чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилиши мумкин.
Чет давлат фойдасига фаолият юритиш натижасида жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказилганлигини, ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан ўрнатилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисми иккинчи бўлимида назарда тутилган тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлардан бирининг фуқаро томонидан содир этилишини тасдиқловчи ҳужжатлар шахснинг фуқаролигини йўқотиш ҳақида ташаббус билан чиққан органнинг асослантирилган тақдимномаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборилади.
Ички ишлар вазирлиги фуқароликни йўқотиш ташаббуси ҳақидаги материалларнинг нусхасини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматига тақдим этади, улар келиб тушган материаллар асосида ўзларининг асослантирилган хулосаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга тақдим этадилар.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги фуқароликни йўқотиш ҳақидаги асосли хулосани зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссияга тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссия тақдим этилган материалларни, шунингдек манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг хулосаларини кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарор қабул қилиши учун таклифлар киритади.

3. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотиш тўғрисидаги масалани Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш тўғрисида қарор қабул қилишга асос бўлувчи сабаблар ва вазиятлар ҳақида шахсга маълум қилингандан кейингина кўриб чиқиш мумкин. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони чиққан кундан бошлаб йўқотилган ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотиш факти «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31, 32-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахс доимий истиқомат қиладиган жойдаги ички ишлар органлари томонидан, чет давлатда доимий истиқомат қилувчилар учун эса консуллик муассасалари томонидан қайд этилади.

Фармонни расмий манбадан ўқиш:

Фармонни расмий манбадан ўқиш:

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (191)
  • Йўқ (18)
  • Бироз (12)

3 фикр

  1. Assalomu alaykum. Hurmatli Admin, iltimos, ushbu qarorning “агар шахс хорижий давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш” qismini tushuntirib bersangiz, qarorning ushbu qismiga sharh berilganmi? Qanday hollar fuqaro horijiy davlat foydasini ko’zlab ishlagan deb hisoblanadi. Bir tomondan qaraganda Rossiyadagi barcha mehnat muhojirlari ushbu bandga mansub bo’lib qolmayaptimi? Keyin fuqarolikdan mahrum qilish ixtiyoriy tarzda amalga oshiriladimi yoki ushbu holat sodir bo’lishi bilan avtomatik tarzda mahrum qilinadimi?