Yangi hujjatlar

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ахбороти

Азиз ватандошлар,

Юрагимизда чуқур қайғу билан барчамиз учун қадрли бўлган Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов вафот этганини маълум қиламиз. Ислом Абдуғаниевич 2016 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрида бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳақиқатан буюк тарихий шахс эди. Ислом Каримовнинг қатъияти ва жасорати билан республикамиз мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ёш давлатимиз учун ғоят мураккаб ва масъулиятли даврда вазият беқарорлашувининг олди олингани ва халқимизнинг уруш даҳшатларини кўрмасдан эсон-омон ўтиши бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ.
Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди.

Барчамиз учун қадрли бўлган Президентимизнинг васиятига кўра, Ислом Каримов шу йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилади.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти билан видолашув маросими 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

Биз барчамиз учун ўта оғир жудолик муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва бутун Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

http://www.uza.uz/oz/politics/zbekiston-respublikasi-oliy-mazhlisi-va-zbekiston-respublika-02-09-2016

Islom-karimov

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (66)
  • Йўқ (4)
  • Бироз (1)

Битта фикр

  1. Ислом Каримов ўзбек халқининг буюк фарзанди. У қарамликдан мустақиллика ўтишнинг хеч ким юрмаган йўлидан юриб халқни Озодликнинг катта йўлига олиб чиқаолди. У халқимиз учун энг муҳим масалаларда энг тўғри қарорлар қабул қила олди, уларни қатьилик билан хаётга тадбиқ хам қилди. У Ўзбекистонни бутун дунё давлатлари учун меъерий кенгликка, балнслар кенглигига айлантираолди. Ичкий зиддиятли груҳлар ўртасидаги муносабатларни Ватанимиз ривожи учун йўналтира олди. Рахмат Сизаг Ислом ака! Охиротингиз обод бўлсин! Мен Сиздек Президентим бўлганлигидан хамиша фахрланиб юраман. Сиз ўзингиз севган халқни қолдириб кетишингиз бу биз учун улкан йўқотиш, улкан миллий йўқотиш бўлиб қолади. Бугун халқимиз, Сиз тарбия этиб шакллантирган шогирдларингиз хар доимгидан хам жипс бўлиши керак, елкама елка туриб яхлит бир организмга айланмоғимиз керак. Албатта шундай бўлади хам. Жойингиз жаннатда бўлсин менинг Президентим!