Yangi hujjatlar

Юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилинди

2017 йил 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Қарорнинг расмий матни “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида чоп этилди.

Қарорда юридик хизматларнинг бугунги кундаги бир қатор камчиликлари баён қилинган. Хусусан:

юридик хизмат ходимлари қонун бузилишининг олдини олиш ҳамда улар бўйича ўз вақтида чоралар кўриш учун етарли ва таъсирчан ваколатларга эга эмасликлари сабабли уларнинг фаолияти кутилган самарани бермаётганлиги;

юридик хизматларни ташкил этишнинг тартиби, уларнинг штат бирликларини белгилаш меъёр ва мезонларининг мавжуд эмаслиги турли давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизматларнинг ташкилий штат тузилмасини оқилона белгилашни таъминлашга имкон бермаётганлиги;

юридик хизматлар томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ишлари самарали ташкил этилмаганлиги;

юридик хизмат ходимларининг моддий таъминот даражаси мазкур соҳага олий юридик маълумот ва амалий тажрибага эга юқори малакали кадрларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётганлиги, бу эса юридик хизматлар ишининг сифатига ўз таъсирини ўтказаётганлиги таъкидланди.

Қарор билан юридик хизмат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги ўзгаришлар белгилаб берилди:

давлат органлари ва ташкилотларида, шу жумладан, уларнинг ҳудудий тузилмаларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган минимал меъёр ва мезонларга асосан, мажбурий тартибда юридик хизматлар ташкил этилади;

юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларининг қисқартирилишига йўл қўйилмайди;
давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражаларини бериш, кўп йиллик хизмат учун устамаларни тўлаш тартиби татбиқ этилади. Бунда харажатлар давлат органлари ва ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қопланади;

юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат стажи ходим бошқа давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига ишга ўтганда, мартаба даражалари ва кўп йиллик хизмат устамаларини тўлаш учун мўлжалланган меҳнат стажи ҳисобига олинади;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик хизмат ходимларига қонун хужжатларида назарда тутилмаган функциялар юклатилишига йўл қўйилмайди;

давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик стажига эга бўлган ходимлари лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида малака имтиҳонида тегишли стажировка ўтамасдан иштирок этиш ҳуқуқига эга;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларининг малакасини ошириш ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимлари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтадилар;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари тизимли равишда тегишли соҳа фаолиятидаги норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасининг амалга оширилишини ташкил этади;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари мазкур органлар ва ташкилотлар иштирокида вужудга келадиган низоларни судгача ҳал этиш юзасидан мажбурий тартибда чораларни кўрадилар;

буйруқлар, фармойишлар, шартномалар ва юридик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизани амалга ошириш учун мажбурий тартибда юридик хизматга такдим этилади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари юзасидан мажбурий тартибда юридик хизматнинг хулосаси олиниши лозим;

давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юзасидан берилган шикоятлар мажбурий тартибда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари томонидан ҳам кўриб чиқилади;

давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалалари мажбурий тартибда адлия органлари билан келишилади;

адлия органлари юридик хизмат фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талабларини бузган давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари ҳамда юридик хизматлари ходимларига нисбатан интизомий иш юритишни қўзғатиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга;

давлат органлари ва ташкилотларида ҳар йили юридик хизматларнинг мазкур давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийлик таъминланиши аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади;

юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан (изоҳ: 20.01.2017 ҳолатига 7 млн. 488 минг сўм) кўп бўлмаган миқдорда мукофотланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида кўшимча 5 та бошқарув ходими штат бирликларини ажратиш йўли билан Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса, қўшимча 14 та бошқарув ходими штат бирликларини ажратиш йўли билан тегишли шуъбалар ташкил этилади.

Адлия вазирлигининг расмий сайтида давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги ягона, ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар базаси яратилади.

2 ой муддатда Юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир минимал талаблар тасдиқланади.

3 ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимлари штат бирликлари етарлилиги, уларнинг амалга оширилаёттан ишлар ҳажмига мувофиқлиги танкидий таҳлил қилинади, натижаси бўйича юридик хизматлар ходимларининг штат бирликларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, юридик хизмат ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш разрядларини давлат органлари ва ташкилотлари тегишли тузилмаларининг раҳбарлариники даражасига қадар ошириш юзасидан таклифлар Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Ахмедбаев зиммасига юкланди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (91)
  • Йўқ (4)
  • Бироз (2)

2 фикр

  1. Юридик хизмат ходимлари тўғрисидаги мақолангиз учун катта рахмат
    Қарорнинг шарҳи бормикан
    Қарорда давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимлари деб кўрсатилган
    Давлат улуши бор акциядорлик жамиятларига ҳам тааллуқлимикан?
    Жавобингизни кутиб қоламан
    Олдиндан рахмат!
    Зойир