2014 йил 27 июнь кунидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга қатор ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, магистратурага кириш синовлари сафига оғзаки имтиҳон ҳам киритилди.
Ушбу мақсадда Низомнинг 14-бандига қуйидаги қоида қўшилди:
магистратурага кирувчиларнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлаш мақсадида танланган мутахассисликка мос саволлар асосида суҳбатдан ўтказилади (баҳолаш мезони 0 баллдан 50 баллгачани ташкил этади);
Ўзгартиришга кўра, суҳбат учун максимум 50 балл берилади. Натижада магистратурага ўқишга киришда энг кўп (максимал) тўпланиши мумкин бўлган балл — 350 ни ташкил этади. Бу илгари 300 балл эди.
Суҳбатдан ўтказиш учун танланган мутахассисликка мос абитуриентнинг илмий ва илмий-педагогик ишларга қобилияти ҳамда қизиқишини аниқлашга қаратилган саволлар етакчи мутахассислар томонидан тузилади ва бир ой олдин абитуриентлар эътибори учун қабул комиссияси ахборот доскасида эълон қилинади. Мазкур саволлар асосида имтиҳон билетлари тузилади ва суҳбат вақтида абитуриент имтиҳон билетига жавобларини комиссияга ёзма равишда тақдим этиб, саволларга оғзаки жавоб беради.
Суҳбат давомида абитуриентнинг илмий мақола ёки тезислари (ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатлари) кўриб чиқилиб, суҳбат натижаларини баҳолашда инобатга олинади.
Шу сабабли магистратурага киришда абитуриентлар ОТМ қабул комиссиясига тақдим этадиган ҳужжатлар рўйхатига ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда абитуриентлар чоп этилган илмий мақола ёки тезислари (ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатлари) бор бўлса, уларнинг нусхасини ҳам топширади.
Кириш синовларига оғзаки имтиҳон қўшилганлиги муносабати билан кириш синовлари ўтказиладиган кунлар санаси ҳам ўзгарди. Илгари имтиҳонлар 3-10 август кунлари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, бундан буён 3-15 август кунларида ўтказилади.
Шунингдек, яна бир жиддий ўзгартириш киритилди. Илгари магистратурага ҳар бир кириш синови учун белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаганлар навбатдаги кириш синовига киритилмайди ҳамда магистратурага қабул қилинмайди деган қоида мавжуд эди.
Киритилган янги ўзгартиришга кўра, бундан буён фақат мутахассислик бўйича махсус фандан максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаганлар навбатдаги кириш синовига киритилмайди ҳамда магистратурага қабул қилинмайди.
Эслатиб ўтаман, мазкур ўзгаришлар ҳарбий таълим муассасаларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг магистратураларига нисбатан татбиқ этилмайди.
МАВЗУГА ОИД ХАБАР:
Суҳбат давомида абитуриентнинг илмий мақола ёки тезислари (ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатлари) кўриб чиқилиб, суҳбат натижаларини баҳолашда инобатга олинади.
Shu jumlaga aniqlik kiritib bering, iltimos. Taxminan har bir maqola va tezisga necha balldan berilishi lozim? Umuman olganda, suhbat uchun ajratilgan 50 balldan taxminan necha balli aynan maqola va tezislar uchun beriladi. Kamida nechta maqola va tezis yozish tavsiya etiladi?