Yangi hujjatlar

Муҳаммад Юсуфга бағишланган марсияни айтиб лицейга имтиҳонсиз киргандим

Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида Президент Фармони эълон қилинди. Мазкур Фармон асосида мамлакатимиз миқёсида шоирга бағишланган кечалар, турли тадбирлар ўтказилмоқда. Деярли ҳар куни ТВдаги информацион дастурларда бу ҳақида лавҳалар берилмоқда. Шуларни кузата туриб, Муҳаммад Юсуф ҳақидаги хотираларимни Сизлар билан ўртоқлашай дедим.

Ёшлигимдан ҳамма соҳага қизиқиб кўрадиган одатим бор. Ҳар бир ишда ўзимни бир синаб кўрсам дейман. Ўхшаса, ўхшамаса – фарқи йўқ. Масалан, ўзимизча ҳаваскор шоирвачча сифатида шеърлар ҳам ёзиб кўрганмиз. Қизиқчиликка-да, энди…

Шеър ёзишга ва ўзи умуман адабиёт, шеъриятга қизиққан инсон бор-ки, Муҳаммад Юсуф ижодини бир варақлаб чиққан. Ва уларнинг аксарияти марҳум шоиримизнинг ашаддий мухлисига айланган. Худди мен каби…

Мактаб даврларида шоир табиат болалар қизларга кўпроқ ёқади деб ўйлаган эканмизми, нима бало, ёки бошқа сабаб борми, ҳар ҳолда жуда кўп шеърларни ёддан билардим. Хотирамдаги шеърлар жавонининг катта қисмини Муҳаммад Юсуф ижоди эгаллаган эди. Ўқисам завқланардим. Юракка ҳаяжон бера оларди. Бир тасаввур қилинг-а, қаршингизда мактаб маликаларидан бири бўлган 6-“А” синфда ўқийдиган қиз турибди-ю, Сиз унга

“Иста, тиз чўкаман, ҳозир олдингда
Севдим, севганимдан уялмоқ нечун…”

деб шеър айтаяпсиз. Албатта ҳаяжонга солади-да, бунақа шеърлар.

Ватан, она, оддий турмушимиз ҳақидаги шеърларини-ку, айтмай қўя қолай.

Ўша йили 12 ёшда бўлган эканман. Шоирнинг вафотини эшитиб қандай ҳолга тушганимни ҳозир эслай олмайман. Балким ҳеч қандай таъсир ҳам қилмагандир. Нари борса, “Яхши шоир эди” деб қўйгандирман. Билмадим, эслолмайман. Фақат бир нарсани яхши эслайман. Муҳаммад Юсуф вафоти ҳақида “Даракчи” газетасида ўқиганим ёдимда. Ўша вақтларда бу газетанинг ҳар бир сони хонадонимиз меҳмони бўлар эди (10 йиллар бўлди, олмай қўйганимизга).

Орадан кўп вақт ўтмади. “Даракчи” газетасининг навбатдаги сонларидан бирида элимиз суйган шоир Сирожиддин Саййиднинг Муҳаммад Юсуф вафотига бағишланган марсияси чоп этилди. Ваҳ!

Ваҳ! Марсия менда шунақанги катта таассурот қолдирки, асли қўяверасиз. Негадир қайта-қайта ўқигим келаверарди. Ўқийвердим, ўқийвердим. Кейин сўзлари ёд бўлиб кетди. Айтавердим, айтавердим.

Яна паришонхотирлик. Ўша вақтда марсиянинг айнан қайси жиҳати мени ром этганини эслай олмайман. Билмадим…

Мактаб тадбирларида мана шу шеърни айтиб беришни ёқтирардим. “Сизлар ҳам бир таъсирланинг” деган мақсадда. Кейинчалик оилавий тадбирларда, маросимларда ҳам айта бошладим. Амаки-тоға, амма-холаларнинг даврасида. Уларга қанчалик ёқарди ёки йўқ, билмадим, лекин мен ушбу марсияни ҳар айтиб берганимда, сеҳрланиб қолардим. Ўзга оламга тушиб қолгандек.

Орадан йиллар ўтди. Тошкентга ўқишга келдим. 2003 йил, август. 9-синфни тугатиб, Тошкент давлат юридик институти қошидаги академик лицейга ҳужжатларимни топширдим. Мактабни аъло шаҳодатномага (халқ тилида “қизил” дейилади) тугатгандим. Имтиҳон куни маълум бўлди-ки, аъло шаҳодатнома билан тугатганлар имтиҳон топширмасдан, суҳбат асосида қабул қилинар экан. Хўп дедим. Суҳбатга кирдим. Ҳали-ҳамон кўз олдимда турибди ўша кун. Лицей ўқитувчиларидан ташкил топган комиссия суҳбат қилиб кўрмоқда. Шарт шу-ки, агар биз (бир неча киши эди “қизил” шаҳодатнома олганлар) суҳбатдан ўта олмасак, ҳамма қатори имтиҳонга кирамиз. Ўтсак, қабул қилинамиз.

Комиссия таркибида ҳар хил фандан дарс берувчи ўқитувчилар бор эди. Ҳар бири 1-2 тадан савол бериб кўрарди. Таҳминан 6-7 та фандан. Менга дастлаб она-тилидан савол беришди. Жавоб бердим. Она-тили ва адабиётдан фан олимпиадаларида чангини чиқариб қатнашиб юрган инсонга бу саволлар қийин эмасди сира. Шундан сўнг, адабиётга ўтишди. Ортиқча савол бериб ўтирмасдан “Қани, бизга биронта шеър айтиб бер-чи” деб қолишди. Ваҳ!

Ваҳ! Бу қандай имконият-а? Икки йилдан буён тилим билан эмас, балки бутун вужудим билан айтишга ўрганиб қолган бир шеър бор эди-ки, уни исталган жойда сўрашса, сўрашмаса айтиб беришга тайёр эдим.

Секин ўрнимдан турдим ва айтишни бошладим.

“Сирожиддин Саййиднинг марҳум шоиримиз Муҳаммад Юсуф вафотига бағишлаб ёзган марсияси.

Муҳаммад Юсуф…
Муҳаммад Юсуф…
Лабимда қолди
таронам менинг…”

Кеееетди… Шеърни тугатиб бўлиб, ўзга дунёдан яна ўз дунёимга қайтиб, атрофга қарасам, комиссиядаги ўқитувчилар йиғлаб ўтиришибди. Комиссия раиси физика фани ўқитувчиси Дилором опа Пўлатова эди (кейинчалик ушбу устозимга шунақанги меҳр қўйдим-ки, ҳозиргача “ойижон” деб мурожаат қиламан. Умрлари узоқ бўлсин). Дилором опа ўрниларидан туриб, менинг ёнимга келдилар. Кўзларида ёш. Мени бағирларига босиб, фақат битта гап айтдилар: “Раҳмат, ўғлим, Сиз қабул қилиндингиз”.

Балким, ўшанда имтиҳонга кирган тақдиримда ҳам, қабул қилинармидим, буниси менга қоронғу. Лекин барибир ушбу воқеа хотирамдан мангуга жой олган. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмасди. Кейинги йиллар ҳам менга Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ ширин хотираларни мерос қолдирган.

Академик лицейга киргандан сўнг, тарки одат амри маҳол деб, лицейдаги кўп тадбирларда яна ўша марсия янграб турди. Баъзан устозларимнинг ўзлари ҳам сўраб туришарди, шу шеърни айтиб бер деб.

2004 йил, 12 март. Ўша куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 50 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори чиқди. Мазкур Қарорга шахсан Президентимиз И.Каримов имзо чекканди. 2004 йилда май ойида шоир хотирасига бағишланган турли кечалар, тадбирлар ўтказилиши режалаштирилди.

Билмадим, қаердан бундай фикр миямга келган, ҳайронман, лекин мазкур тадбирларда мен ҳам қатнашмоқчи бўлдим. Яна ўша марсияни айтиб беришни ният қилгандим. Лекин бир кичик муаммо пайдо бўлди. Мен марсиянинг тўлиқ версиясини топишим керак эди. Мен ёд олган ва айтиб юрадиган вариант оригиналидан 3 куплетга кам эди. Ўша 3 куплет ёдимда ҳам йўқ, марсия чиққан “Даракчи”нинг ўша сонини топиш ҳам имконсиз эди.

Ўша вақтларда бундай юракни қаердан олганман, билмадим. Шеърнинг оригинал вариантини сўраб тўппа-тўғри Сирожиддин Саййид қабулига бормоқчи бўлдим. Ўша вақтларда Сирожиддин ака ёзувчилар уюшмаси раиси Абдулла Ориповнинг ўринбосари лавозимида ишларди. Ёзувчилар уюшмаси эса Мустақиллик майдонида жойлашган эди.

Ҳозиргача эсимда. Менинг таклифимни қўллаб-қувватлаб, аяжоним ҳам мен билан бирга боргандилар. Балким 15 яшар, Тошкентга келганига ҳали 1 йил ҳам бўлмаган болани адашиб қолишини истамагандирлар. Хуллас, бунисини билмадим.

Аям билан ёзувчилар уюшмаси олдида анча кутганмиз. 2 соатга яқин. Ниҳоят уюшма эшиги олдида хизмат машинаси тўхтаб, ундан Абдулла Орипов ва Сирожиддин Саййид тушиб келди.

Бироз кутиб, кейин қабулларига киришга чоғландим. Аям “ўзинг кириб чиқавер” дедилар. Хўп дедим. Котиба орқали кириш мумкинлиги ҳақида маълумот олгач, хоналарига кирдим. Шинамгина хона эди. Сирожиддин ака очиқкўнгил инсон экан, самимий кутиб олди. Балким айтсам, ишонмассиз, лекин 15 ёшимда шунақа кичкина бўлганманки, ташқи кўринишимдан биров мени жиддий қабул қилмасди. Лекин Сирожиддин ака ўшанда “Бу ёш бола нима қилиб юрибди бу ерда” демаганди. Мени жиддий тинглаганди.

Хоҳишимни тушунтирганимдан сўнг, эртага яна келишимни сўради. Эртагача албатта ўша шеърни топиб, бир нусхасини беришга ваъда берди. Эртаси куни келдим. Қабул қилдилар. Чоп этилган марсия нусхасини ва унга қўшиб ўзларининг бир тўпламларини совға қилдилар. Дастхатлари билан.

muhammad_yusuf_01

Шунингдек, Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган бир шеърхонлик кечасига ҳам таклиф қилидлар. Тадбир Мирзо Улуғбек истироҳат боғида (ҳозирги “Ғофур Ғулом”) ўтказилиши режалаштирилган экан. Рози бўлдим.

Ўша кунни қанчалик интиқ кутганимни билсангиз эди. Тайёрландим. Минг марта ёддан қайтардим. Ўша кун келди. Лекин…

Лекин мен тадбирга кечикиб бордим. Ҳозир нима учун кечикканимни эслолмайман. Билмадим.

Борсам тадбир сўнгига етиб бўлган экан. Яна бир-икки номердан кейин тугади. Сирожиддин Саййид аканинг ёнларига бордим. Ўша вақти улар билан нима ҳақида суҳбат қилганим ёдимда йўқ. Билмадим. Лекин бир нарсани аниқ эслайманки, улар мени бошқа тадбирга таклиф қилди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўтказиладиган хотира кечасига. Муқимий театрида эди, адашмасам. Таклифдан хурсанд бўлдим.

Бу сафар кечикмадим. Ўз вақтида бордим. Ва… Ва ниҳоят саҳнага чиқиб марсияни айтиб бердим. Ўшанда қанча вақт қарсак чалиб туришганини эслолмайман. Билмадим.

Шундан сўнг, ошиғим олчи бўлиб кетди. Сирожиддин аканинг шарофати билан яна бир нечта тадбирларда иштирок этдим. Хусусан, Ўзбекистон Миллий Университетидаги тадбирда ҳам.

Тақдирни қаранг. Орадан йиллар ўтиб, Сирожиддин ака билан яна кўришдик. 2010 йил “Заковат” Интеллектуал ўйинида бўлди бу учрашув. Ўша мавсумда кўрсатувнинг ҳар бир сонига машҳур шахсларни меҳмон сифатида чақириш анъанаси йўлга қўйилганди. Қарангки, меҳмонлар орасида Сирожиддин Саййид ҳам бор экан. Қарангки, айнан бизнинг жамоа ўйнаган ўйинда меҳмон сифатида қатнашди. Қарангки, ўйин сўнгида Сирожиддин ака айнан мени энг яхши билимдон деб топиб, ўз шеърлари жамланган 2 жилдлик тўпламини совға қилди. Ҳалигача Сирожиддин ака билан кўришиб қолсак, суҳбатимизнинг бир чеккаси албатта Муҳаммад Юсуфга бориб тақалади.

muhammad_yusuf_02

Зерикиб қолмадингизми? Яна бир гап келди шуни айтай, тугатаман. Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ хотираларим орасида шоирнинг турмуш ўртоғи Назира ас-Салом билан қилган суҳбатим алоҳида ўринга эга. Бу суҳбат Миллий Университет қошидаги академик лицейдаги хотира кечасида бўлганди. Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган бу кечага ҳар доимгидек, бирровчи хонандаларга ўхшаб, ўша марсияни айтиб бергани таклиф қилинганман. Келдим. Тадбирнинг охирроғида менинг чиқишим. Чиқдим. Айтдим. Қарсаклар. Ҳар жой, ҳар жойда йиғиларга кўзим тушади. Тадбир сўнгида Назира ас-Салом билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. Айнан нималар ҳақида суҳбатлашганимиз ёдимда йўқ-ку, лекин менга раҳмат айтганларини яхши эслайман. Улардан дастхат сўраганман. Дастхатни айнан Сирожиддин Саййид чоп этиб берган марсияга қўйиб беришларини илтимос қилганман. Ҳозиргача марсияни тез-тез ўқиб тураман. Унинг юзидаги дастхатларга кўзим тушади. Алланечук бўлиб кетаман.

muhammad_yusuf_03

Унга қуйидагича дастхатлар қўйилганди:

Назира ас-Салом:

Хушнуд. Сизга катта раҳмат, ўғлим. Назира.

muhammad_yusuf_04

Сирожиддин Саййид:

Укам Хушнудбекка – Муҳаммад Юсуфнинг иқболини тилаб, умринг ўхшамасин!

muhammad_yusuf_05

Муҳаммад Юсуфнинг қабрлари нурларга тўлсин, илоҳим! Унинг шеърлари юракларимизда мангуга қолажак!

МАРСИЯ

Муҳаммад Юсуф…
Муҳаммад Юсуф…
Лабимда қолди
Таронам менинг.
Ҳавода қолди
Қўлим гул узиб.
Энди керакмас
Баҳонам менинг.

Бунчалар қалин
Дунёнинг пўсти.
Буғдойдай ҳоксор
Бир шоир ўсди.
Ногоҳ бир хабар
Тонгимни тўсди.
Титради олам,
Йиғлади онам:
— Боламнинг дўсти…
— Боламнинг дўсти…

Сенми, шеърият,
Сенми жон қадар.
Дилдаги сўнги
Томчи қон қадар.
Тупроқдай азиз
Ҳам осмон қадар.
Кўкни ўша кун
Қалдирғоч босди
Хоразмдан то
Андижон қадар.

Ҳаёт – гоҳ бир бахт,
Бир омадгача.
Ё мингта номард
Ё бир мардгача.
Тошкентдан токи
Марҳаматгача,
Кета кетгунча,
Қиёматгача –
Тераклар, толлар
Қолди бўй чўзиб,
Муҳаммад Юсуф…
Муҳаммад Юсуф…

Куйлари қолди
Тоғу тошида,
Ўйлари қолди
Ой – қуёшида,
Булоқ бошида,
Хирмон бошида,
Ўзбекнинг қора
Кўзу қошида.
Бир шоир кетди,
Бир шоир ўтди
Бобур ёшида,
Бобур ёшида.

Эй булбулларга
Куй-ғазал, Ватан.
Сен – абад Ватан,
Сен – азал Ватан.
Ким сендан юлди,
Ким – ўсал, Ватан.
Гул, асал Ватан,
Сен юксал, Ватан,
Сен юксал, Ватан,
Ўйлади боланг,
Куйлади боланг,
Эй, гўзал Ватан!
Эй, гўзал Ватан!

Биз уни – ёшу –
Тупроққа қўйдик.
Тупроқни қошу
Қабоққа қўйдик.
Тушми, деб аввал
Рўёга йўйдик.
Ўзи суйган шу
Тупроққа қўйдик
Сўнги сабр бу,
Сўнги сафар бу –
Кўпроққа қўйдик,
Кўпроққа қўйдик.

Чирқираб қўнмай
Маконларига –
Отадин ёдгор
Айвонларига
Сингиллари ҳам
Райҳонларига.
Армонларига,
Ҳижронларига –
Қўшиб жўнатди
Руҳ, жонларига.
Олиб кетдилар
Қалдирғочлари
Осмонларига,
Осмонларига.

Айланар чархнинг
Чархпалаклари
Алмашиб рангу
Камалаклари.
Қолди она уй
Сумалаклари,
Мажнунтолларнинг
Жамалаклари.
Нозима қолди,
Мадина қолди –
Капалаклари,
Ҳандалаклари.

Дўсту ёр йўли
Доим йироғдир.
Гоҳи дийдору
Гоҳи фироғдир.
Дилбандларига
Ватан қароғдир.
Чин фарзандлар ҳам
Ўчмас чироғдир.
Ҳозир ҳам балки
Жим ўйлаётир.
Юртига шаъну
Шавкатлар ёғдир,
Ё, қодир Оллоҳ,
Тупроқларига
Раҳматлар ёғдир,
Раҳматлар ёғдир.

Муҳаммад Юсуф…
Муҳаммад Юсуф…

2001, август. Сирожиддин Саййид.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (26)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

4 фикр

  1. Ajoyib men ham bu shoirning ashadiy muhlisiman