Yangi hujjatlar

Ўзбекистон Президенти шоир Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллик юбилейини нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил 27 декабрь куни “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорга имзо чекди. Қарорнинг расмий матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Президент Қарорига кўра, миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни камол топтириш борасида ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан катта ҳисса қўшганини инобатга олиб ҳамда таваллудининг 60 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги мамлакатимиз миқёсида кенг нишонланиши белгиланди.

Қарорга биноан ташкилий қўмита тузилиб, унинг олдига бир ой муддатда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Режага мувофиқ қуйидаги тадбирларни ўтказилиши назарда тутилган:

– шоирнинг “Сайланма” асарларини;
– “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида” тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
– шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;
– мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида шоир ижодига бағишланган учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;
– Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф яшаган Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Пушкин-Солор кўчаси, 1-уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш;
– 2014 йил апрель ойининг охирида Ўзбек Миллий академик драма театри биносида шоир хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига юклатилди.

Эслатиб ўтаман, Муҳаммад Юсуф Андижон вилоятининг Марҳамат туманида 1954 йил 26 апрелда таваллуд топган. У 2001 йил 31 июлда Элликқалъа туманида вафот этган эди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (4)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига