Yangi hujjatlar

«Олтин қалам» Миллий мукофотининг махсус номинацияси соҳиби бўлдим

Гапимни бошлашдан аввал, Сизларга бир нарсани эслатиб қўймоқчиман. Мен журналист эмасман, касбим – ҳуқуқшунос. Журналистика соҳасида таҳсил ҳам олмаганман, бу дегани профессионал журналистика қонун-қоидаларидан хабарим йўқ. Менинг ёзганларим оддийгина ҳаваскорликка даъво қила олади холос. Бўлди, кириш қисми тугади.

“Олтин қалам” Миллий мукофоти бундан 9 йил аввал шахсан Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари билан таъсис этилган эди. Мазкур танлов ҳар йили 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб ўтказиб келинмоқда.

ЎзА берган хабарга кўра, 2006 йилдан буён ўтказилаётган мазкур танловда 4 минг нафарга яқин журналист 50 мингдан ортиқ ижтимоий аҳамиятга молик материали билан иштирок этди. 194 нафар журналист “Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳиби бўлди. 48 нафар ижодкор нуфузли халқаро ташкилотлар ваколатхоналари таъсис этган мукофотлар билан тақдирланди.

Навбат бўйича тўққизинчи бор ўтказилган “Олтин қалам” Миллий мукофотининг тақдирлаш маросими кеча, 2 май куни, пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида бўлиб ўтди.

Мазкур тақдирлаш маросимида каминангизга ҳам бир кичик мукофот насиб қилди.

Гап шундаки, “Олтин қалам” Миллий мукофоти ҳақида эълон берилгач, унда “Интернет журналистикаси” йўналишида иштирок этиш истаги пайдо бўлган эди. Мазкур истак январь ойида “Жамият ва мен” танловида “Интернетдаги энг яхши мақола” номинацияси ғолиби бўлганимдан сўнг пайдо бўлган бўлса, не ажаб.

Хуллас, барча керакли ҳужжатларни тўплаб, танлов учун бир йил давомида шахсий блогимда эълон қилган 15 та мақолани тақдим этдим.

Топширишга топширдим-у, аммо яширмасдан ростини айтаман, ғолиб бўлишга заррача ҳам ишонганим йўқ. Кутишга кутгандирман, лекин ишончим кам эди. Сабаби жорий йилда танловга мамлакатимизнинг барча турдаги оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган 490 дан ошиқ журналистдан 7500 га яқин ижодий иш келиб тушганди. Профессионал журналистлар орасида менга “нон йўқлиги”ни ҳис қилгандим.

30 апрель куни Журналистлар ижодий уюшмасидан телефон қилишди ва имкони бўлса, уюшмага келиб кетишимни сўрашди. Айтилган жойга келгач, уюшма раҳбари Шерзод Ғуломов қабул қилдилар ва менга мазкур танловнинг халқаро ташкилотлар томонидан эълон қилинган номинация ғолиби бўлганимни маълум қилиб, табрикладилар. Қўлимга эса, тақдирлаш маросими учун таклифнома тутқаздилар.

Тақдирлаш маросимига таклифнома

Тақдирлаш маросимига таклифнома

Энди бироз “Олтин қалам” ҳақида маълумот берсам. Мазкур Миллий мукофот ушбу йилда 4 та асосий номинация ва битта Бош соврин, шунингдек, бир қатор халқаро ташкилотларнинг махсус номинациялари бўйича ғолибларни аниқлаб берди. Ҳамкор халқаро ташкилотлар орасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ахборот маркази, ЮНЕСКО, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича Бирлашган дастури – ЮНЭЙДС, Халқаро муносабатлар миллий демократик институти (АҚШ), “Регионал диалог” (Словения) каби ташкилотлар ҳам бор эди.

Улар орасида илк маротаба АҚШнинг Халқаро муносабатлар миллий демократия институти (NDI) махсус қўшимча номинация эълон қилган экан: “Журналистикада ижтимоий масалаларни ёритишда инновацион ечим ва ёндашувлар”.

Менинг ижодий ишларимни айнан мана шу номинация ғолиблигига лойиқ кўришибди.

oltinq_qalam_2

oltinq_qalam_4

oltinq_qalam_6

oltinq_qalam_5

oltin qalam

Статуэтка: ЎзА ))

oltinq_qalam_7

Табриклашга келган жияним Эъзозахон билан

Тақдирлаш маросими таассуротлари ҳақида ўртоқлашадиган бўлсам, узооооқ ёзишим керак. Яхшиси ундай қилмаганим маъқул. Сизнинг ортиқча вақтингизни олгим йўқ.

Фақат бир гапни айтишим мумкинки, бутун тадбир давомида қандайдир ўзимни ноқулай ҳис қилдим. Ҳар тарафимда журналистлар, умуман олганда “Туркистон” тўла журналист. Адашиб қолгандай бўлдим. Нега дейсизми? Буёғи яна ўша кириш қисмидаги гаплар…

Шу фурсатдан фойдаланиб, кичик меҳнатимизни юксак баҳолаб, Миллий мукофотнинг бир бўлагини ишониб топширган барча мутасадди шахсларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ўйлайманки, мазкур ютуқ менга нафақат ўзгача фахр туйғусини, балки ўзига хос масъулиятни ҳам юклайдики, бунинг натижаси ўлароқ, келгусида янада шижоат билан, иштиёқ билан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда, юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда ўзимнинг саъй-ҳаракатларимни аямайман.

Мени қўллаб-қувватлаб турган барча дўст-у биродарларга ҳам миннатдорлик изҳор этаман! Мен ёзган мақолалар, маълумотлар, жамиятга, Сизга жуда кичик бўлса-да, фойдаси теккан (тегаётган) экан, бундан бошим осмонга етишини билиб қўйишингизни, истардим.

Танловнинг барча ғолиблари рўйхати билан қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин.

oltin_qalam_3

 

Post Scriptum: Мен танловда журналист сифатида эмас, блоггер сифатида ғолиб бўлганимни биласиз. Шу сабабли кези келганда бир гапни айтиб ўтишни лозим деб топдим. Гап шундаки, ўтган 8 йил давомида “Олтин қалам” Миллий мукофотида расмий ОАВда фаолият юритмайдиган (ТВ, радио, газета, журнал, расмий веб-сайт) номзод бирон марта тақдирланмаган экан. Айтишларича, “Олтин қалам” тарихида илк марта блоггер ғолиб бўлган.

 

Бу юртимизда блогсферага бўлган эътиборнинг ортаётганидан далолатидир. Мана, секин-аста блоггерлар ҳам Миллий мукофотлар билан тақдирланадиган вақтларга етиб келдик. Шу ўринда юртимиздаги барча блоггерларни фаолликка чақириб қолар эдим. Ҳаракатдан, изланишдан, қалам тебратишдан тўхтаманг. Албатта натижаси бўлади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (23)
  • Йўқ (4)
  • Бироз (0)

9 фикр

  1. Қойил, Сизга фақат хавас қилиш керак!