Yangi hujjatlar

Талабалар ўқишини кўчириш (перевод) ва қайта тиклаш (восстановление) ҳақида батафсил

Мақола 2017 йил 6 июнь куни таҳрирланди ва янги Низомга мослаб ўзгаришлар киритилди

Ёз ойлари абитуриентлар учун нақадар қизғин бўлса, баъзи талабалар учун ҳам муҳим вақт ҳисобланади. Сабаби июль-август ойларида ОТМ қабул комиссиялари нафақат янги талабаларни ўқишга қабул қилиш билан, балки талабалар ўқишини кўчириш (перевод) ҳамда талабалар сафидан четлатилган талабаларни қайта тиклаш (восстановление) жараёнлари билан ҳам машғул бўлишади. Бугунги кунда мазкур мавзуга алоқадор кўплаб саволлар юзага келаётганлиги сабабли ушбу масалага имкон қадар ойдинлик киритишга ёрдам берадиган мақолани эътиборингизга ҳавола қилишни лозим деб топдим.

ҲУҚУҚИЙ АСОС

Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан белгиланади.

ҚАЧОН?

Талабалар ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилади.

Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра (бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан кўчиб ўтганда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда) баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар давом этади.

Талабалар ўқишини қайта тиклаш бўйича аризаларни топшириш ва кўриб чиқиш бир йилда икки марта амалга оширилади:

ўқишини кузги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар;

ўқишини баҳорги семестрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар давом этади.

 

КИМ ТОМОНИДАН?

Бир ОТМ доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш (қайта тиклаш — талабалар сафидан четлаштирилганлигига 5 йилгача бўлган муддатда) шу ОТМ ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш талабани қабул қилаётган ОТМ бўйсунадиган вазирлик (идора) қарори асосида амалга оширилади:

1) олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа ОТМга;

2) олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа ОТМга;

3) талабалар сафидан четлаштирилганлигига 5 йилдан 10 йилгача муддат ўтганда.

Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади:

1) хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган ОТМлардан Ўзбекистон Республикаси ОТМларига;

2) талабалар сафидан четлаштирилганлигига 10 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса;

3) бир ОТМ доирасида ёки бир вазирлик (идора) ва турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги ОТМларга олий таълимнинг турдош бўлмаган йўналишларига (мутахассисликларига).

ҚАНДАЙ ҲОЛДА РАД ЖАВОБИ БЕРИЛИШИ МУМКИН?

Қуйидаги ҳолатлар фуқаронинг ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш ҳақидаги аризасига рад жавобини берилишига асос бўлади:

  • хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган ОТМларда ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;
  • республика ОТМлардаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга;
  • ОТМларнинг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;
  • биринчи курснинг биринчи семестрига биринчи семестр тугалланмаган ҳолатда (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар бундан истисно);
  • ОТМда мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;
  • намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;
  • тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;
  • талабанинг шахсий йиғма жилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда тақдим этилмаганда;
  • ОТМга давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклаш давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул квоталари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;
  • қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатларда.

ЮРИДИК УНИВЕРСИТЕТ УЧУН АЛОҲИДА ҚОИДА

Тошкент давлат юридик университетида таҳсил олаётган талабалар иккинчи курсдан бошлаб ўқишнинг бир ўқув йилигача бўлган муддатни хорижий ОТМнинг юриспруденция йўналишида ўқиш ҳуқуқига эга. Талабанинг хорижий олий таълим муассасасида ўқиган даври ва ўзлаштирган фанлари хорижий ОТМ маълумотномаси асосида университет Кенгаши томонидан университет ўқув режаси ва дастурларининг тегишли қисмларини ўзлаштирганлиги сифатида қабул қилиниши ва талабага ўқишини тегишли ўқув семестридан давом эттириш ҳуқуқи берилиши мумкин.

ҚАНЧА?

 Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.

ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТОПШИРИЛАДИ?

Ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш истагини билдирган фуқаро қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  1. кўчириш (қайта тиклаш)ни истаган таълим йўналиши (мутахассислиги), ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза (аризада ўқиган олий таълим муассасаси ва таълим йўналиши (мутахассислиги), кўчириш (қайта тиклаш) сабаблари, кўчириш (қайта тиклаш) қоидалари билан танишганлиги кўрсатилади);
  2. талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари;
  3. паспортнинг нусхаси.

ХОРИЖИЙ ОТМДАН ЎҚИШНИ КЎЧИРИШ ҲАҚИДА

Хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш ва кўчириб қайта тиклаш истагини билдирган фуқаролар тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларда ташкил қилинган комиссияларда ўзлари таълим олган хорижий олий таълим муассасасидаги ўқитиш тили бўйича муайян таълим йўналишидаги ўқишга кириш фанлари бўйича махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш шаклида) топширади.

Турмуш ўртоғи ёки ота-онаси хорижий давлатдаги давлат хизматини ўташ жойи Ташқи ишлар вазирлиги (ваколатли идоралар) томонидан Ўзбекистон Республикасига ўтказилган, Ҳукумат қарорлари ва топшириқлари ҳамда ОТМларга эга вазирлик ва идоралар томонидан давлат буюртмаси билан хорижга ўқишга юборилганлар ўқишни кўчираётганда махсус синов топширмайди.

Фуқаронинг махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш шаклида) натижаси Идоралараро комиссияга тақдим этилади. Махсус синов (комиссия томонидан белгиланган тест ёки ёзма иш шаклида) натижасидан келиб чиқиб, фуқаро Идоралараро комиссия қарори билан кўрсатилган ўқув шаклидаги гуруҳларга кўчирилади.

Кўчирилаётган олий таълим муассасасида тегишли ўқитиш тили мавжуд бўлмаса, ўқитиш тилини танлаш фуқаронинг аризасига мувофиқ амалга оширилади.

ФАНЛАРДАН ФАРҚЛАР БЎЛГАНДА

Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш вақтида ўқув режалардаги фанлари бўйича фарқлар аниқланганда талаба академик қарздор сифатида ўқишга қабул қилинади.

Жорий семестр давомида академик қарздорлик (фарқлар) бартараф этилган муддатдан бошлаб, олий таълим муассасаси ректорининг талабага ўрнатилган тартибда стипендия бериш ҳақидаги буйруғи чиқарилади. Стипендия миқдорини белгилашда фанлар бўйича фарқларни топшириш кўрсаткичлари ҳам ҳисобга олинади.

ЎҚИШНИ КЎЧИРИШДА РОЗИЛИК ОЛИШ

Ўқишни кўчириш чоғида талаба илгари таълим олган ОТМ розилиги талаб этилмайди.

ОТМда юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш ушбу юридик шахснинг розилиги билан амалга оширилади.

Талабани бошқа ОТМга ўқишини кўчириб қайта тиклашда унинг илгари таълим олган ОТМ розилиги талаб этилмайди.

ГРАНТ ЁКИ КОНТРАКТ?

Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассислиги) бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра ОТМларда тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.

Бошқа ҳолларда ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), академик таътилдан белгиланган муддатда қайтган шахслар истисно тариқасида, ўқишга давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.

ЎҚИШНИ ҚАЙТА ТИКЛАШНИНГ АЛОҲИДА ҚОИДАЛАРИ

 

  • Ўқишдан четлаштирилган (курсдан қолдирилган) ўқув йилида курсига талабани ўқишга қайта тиклашга (кўчириб тиклашга) йўл қўйилмайди.
  • Ўқишдан четлатилганлигига 5 йилдан 10 йилгача муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) бўлган ҳолларда талабалар ўқишини қайта тиклаш олий таълим муассасаси бўйсунувидаги вазирлик ва идоралар рухсати билан амалга оширилади.

Низомнинг расмий матнини ўқиш:

Низомнинг расмий матнини ўқиш:

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1332)
  • Йўқ (75)
  • Бироз (114)

85 фикр

  1. ajoyib sizga rahmat