Yangi hujjatlar

Абитуриентлар диққатига! Қўшимча контракт нархлари тасдиқланди

2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорда бакалавриат ва магистратура босқичига талабаларни қабул қилишнинг янги тартиблари белгиланган.

Шунингдек, қарорда абитуриентларни тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилинишининг тартибига ойдинлик киритилди ва унга кўра кўпчилик абитуриентларни қизиқтириб келаётган саволларга жавоб олиш мумкин.

Қуйида Сизларга мазкур тартибнинг энг асосий жиҳатлари ҳақида маълумот бермоқчиман:

Қўшимча контракт натижалари қачон аниқ бўлади?

Қўшимча қабулни амалга ошириш таклифлари олий таълим муассасалари томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда 15 октябрга кадар Давлат комиссиясига киритилади;

Давлат комиссияси олий таълим муассасаларининг имконияти, танлов ва тўпланган баллар миқдоридаи келиб чиқиб, оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни кўшимча кабул қилиш кўрсаткичлари юзасидан 20 октябрга қадар қарор қабул қилади.

Қўшимча контракда ўқишни хоҳлаганлар қачон ариза бериш керак?

Етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқиш учун тест натижалари эълон қилингандан бошлаб 1 ой ичида ариза бериши керак. Баллар кетма кетлиги бўйича рўйхатдаги олдинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишни аризаси билан рад этган ҳолда ёки тест синови натижалари эълон қилинган кунидан бошлаб бир ой муддатда ариза бермаганда рўйхатдаги кейинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади.

Кириш балига неча балл етмаган абитуриентлар қўшимча контрактда ўқий олади?

Қўшимча қабулга абитуриентлар 2 хил категория бўйича қабул қилинади:

  1. Тўплаган балли қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар;
  2. 68 баллдан кўп тўплаган барча абитуриентлар.

Булар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?

Энг аввало улар тўлайдиган оширилган контракт нархида кескин фарқ бўлади. Бундан ташқари тўплаган балли қабул чегарасига 4 баллгача етмай қолган абитуриентларда квотага тушиш имконияти кўпроқ бўлади.

Оширилган контрактнинг нархи қанча?

Оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

1-тоифа

Тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир баллгача етмаган абитуриентлар учун – 1,5 баробар;

1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун – 2,0 баробар;

2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун – 2,5 баробар;

3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун – 3,0 баробар.

2-тоифа

Кириш синовларида тўплаган натижалари энг юқори баллнинг 30% (68,0 балл)дан кам бўлмаган, асосий квоталар доирасида ва Давлат комиссияси томонидан белгиланган қўшимча ўринларга (4 баллик ҳудуд) қабул қилинмай қолган ва ўқиш истагини билдирган абитуриентлар амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган тўлов-контракт миқдорида тўлов тўлаш шарти билан ўқишга қабул қилинади.

Бу ерда эътибор берсак, 10 баробар миқдорида дейилмаган, аксинча 10 баробардан ортиқ миқдорда дейилган. Бу дегани айрим ОТМларда 10, айримларида 15, айримларида 20 баробар бўлиши мумкин.

Бунда, қайси ОТМда оширилган тўлов-контракт миқдори қанча бўлишини таълим йўналиши хусусиятидан келиб чиқиб, Давлат комиссияси белгилайди.

Оширилган контракт ҳар йили тўланадими ёки бир марта?

Бир марта тўланади. Қўшимча қабул қилинган талабалар биринчи ўқув йилини тугатгандан сўнг кейинги ўқув йилидан бошлаб амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдори асосида ўқишини давом эттирадилар.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1236)
  • Йўқ (440)
  • Бироз (164)

27 фикр

  1. Кушимча кантракт аник суммасини ракамларда беринг илтимос