Мазкур қоидалар машҳур ўқитувчи Рон Кларк томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бошланғич синф ўқувчилари учун татбиқ этилган.
Рон Кларк АҚШдаги маҳаллий мактаблардан бирида ўзлаштириши қолоқ бўлган синфни қабул қилиб олади ҳамда машаққатли меҳнат эвазига якунда ўша синфдаги ўқувчилар билан кўплаб муваффақиятларга эришади. У бугунги кунда “Рон Кларк академияси”га асос солган. Ушбу академия талабалари ноодатий, лекин замонавий ўқув режалари асосида дарс ўтишади.
У ўзининг ўқитувчилик фаолияти давомида ишлаб чиққан қоидаларни китоб шаклига келтириб, нашр қилган. Айтиш жоизки, Рок Кларкнинг “The Essential 55” номли китоби ўз вақтида мислсиз машҳурликка эришади ва миллионлаб нусхада сотилади, ўнлаб тилларга таржима қилиниб, 25 та давлатда чоп этилади.
Рон Кларк 2000 йилда “Дисней” компаниясининг “Йил ўқитувчиси” мукофотига сазовор бўлади. Шунингдек, унга ўз вақтида “Феноменал инсон” мукофоти ҳам топширилган.
Кейинчалик ушбу ўқитувчи ҳақида Голливуд киноижодкорлари томонидан “Рон Кларк тарихи” (“The Ron Clark Story”) номли фильм ҳам суратга олинади. Фильм премьераси 2006 йил 13 январь куни бўлиб ўтган эди. Фильм ҳам худди Рон Кларкнинг китоби каби машҳурлик чўққисига эриша олган. У “Олтин глобус”, АҚШ киноактёрлар Гильдияси мукофотларига сазовор бўлган. Мазкур фильм ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, телеканалларимизда намойиш этилган. Агар томоша қилмаган бўлсангиз, унда кўришни маслаҳат берар эдим.
Анчадан буён менда Рон Кларкнинг “The Essential 55” китобини илк марта ўзбек тилига таржима қилиш иштиёқи бор эди. Ниҳоят мазкур ниятимни амалга оширдим. Гарчи қуйидаги таржима профессионалликка даъво қилмаса ҳам, аммо имкон қадар содда ва равон тилда бўлишига ҳаракат қилдим. Асосийси, 55 қоидадан иборат китобнинг ушбу таржимаси сиз учун фойдали бўлади деган умиддаман.
Таржима ишларини 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар кунигача тугата олганимдан бағоятда хурсандман. Шу фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча устоз ва мураббийларни касб байрами билан чин қалбдан табриклайман!
«55 асосий қоидалар»
«The Essential 55»
Муаллиф: Рон Кларк
Инглиз тилидан Хушнуд Худайбердиев таржимаси.
Менинг рухсатимсиз, мазкур таржималарни босма ёки электрон нашрларда тўлиқлигича босиб чиқариш тақиқланади. Нашрларга фақатгина қисқа парчалар (10 тадан кўп бўлмаган қоида) беришга рухсат берилади. Муаллифлик ҳуқуқини ҳурмат қиласизлар деган умиддаман! |
1-қоида.
Катта ёшли кишиларга жавоб бераётганингизда, албатта “Ҳа, хоним” ёки “Йўқ, жаноб” дейишингиз керак. Шунчаки бош қимирлатган ҳолда ёхуд тасдиқ ва инкорнинг бошқача кўринишларида жавоб бериш мақсадга мувофиқ эмас.
2-қоида.
Суҳбат чоғида нигоҳлар орқали алоқа ўрнатинг. Агар кимдир гапираётган бўлса (дарс вақтида), бутун нутқ давомида ундан (ёки суҳбатдошингиздан) нигоҳингизни узманг. Агар кимдир фикр билдирса, унда ўша инсон томонга юзланинг.
3-қоида.
Агар синфда кимдир бирон ўйинда ғалаба қозонса ёки қандайдир муваффақиятга эришса, биз уни табриклаймиз. Қарсакнинг овози баландроқ ва давомийлиги 3 сониядан кам бўлмаслиги керак.
4-қоида.
Мунозара вақтида бошқа ўқувчиларнинг мулоҳазаларини, фикрларини ва ғояларини ҳурмат қилинг. Вазиятга қараб қуйидаги тарзда фикр билдирганингиз мақсадга мувофиқ: “Джоннинг фикрларига қўшиламан, мен ҳам худди шундай ўйлаяпман” ёки “Саранинг фикрларига қаршиман. Унинг нуқтайи назари жуда ажойиб, аммо…” ёхуд “Менимча, Виктор аъло даражада кузатув олиб борган ва бу мени қуйидагича фикрлашга ундади…”.
5-қоида.
Агар бирон муваффақиятга эришсангиз, ҳаволаниб кетманг. Агар мағлуб бўлсангиз, жаҳл қилманг. Мағлуб бўлган вақтингизда қуйидагича фикр билдирганингиз маъқул: “Ростини айтсам, мазкур беллашув менга жуда манзур бўлди ва яна сиз билан беллашишни интиқлик билан кутаман” ёки “Ажойиб ўйин” ёхуд умуман ҳеч нарса демаслик керак. Ютқазган вақтда жаҳлингизни кўрсатиб ёки “Мен жиддий ўйнамагандим” ёхуд “Сиз аслида унақа кучли эмассиз” каби пичинг қилишингиз, аслида сизнинг ожизлигингизни кўрсатади холос.
6-қоида.
Агар суҳбат давомида сизга савол билан мурожаат қилишса, сиз ҳам жавоб бергандан сўнг, ўша саволни қайта сўранг. Масалан:
Мен: “Дам олиш кунингиз яхши ўтдими?”
Сиз: “Ҳа, дам олиш кунини ажойиб ўтказдим. Оилам билан бирга харид қилиш учун дўконларни айландик. Ўзингизда-чи? Дам олиш кунини яхши ўтказдингизми?”
Мулойим бўлинг. Сизга эътибор қилган инсонларга, сиз ҳам қизиқиш билдираётганингизни кўрсатинг.
7-қоида.
Агар йўталсангиз, аксирсангиз ёки кекирсангиз, у ҳолда ўз вақтида бошингизни ёнингиздагилардан бошқа тарафга ўгиринг ҳамда оғзингизни кафтингиз билан беркитинг. Мушт билан оғизни беркитиш хунук кўринади. Ва албатта охирида “Маъзур тутасиз” дейиш ёдингиздан чиқмасин.
8-қоида.
Лабингизни чаппиллатманг, кўзингизни ўйнатманг ёки шу каби хатти-ҳаракатлар билан ҳурматсизлик қилманг.
9-қоида.
Сизга нимадир берганимда доим раҳмат айтинг. Агар олганингиздан сўнг 3 сония ичида раҳмат айтмасангиз, унда уни қайтариб оламан. Бундай ҳолда ўзингизни оқлаш учун баҳона қидиришга уринманг.
10-қоида.
Агар кимдандир нимадир олсангиз, ҳеч қачон ўша инсонга совғаси ҳақида салбий фикр билдирманг ёки совға сиз учун қадрли эмаслигига шаъма қилманг.
11-қоида.
Атрофдагиларни кутилмаган яхшиликлар билан ҳайрон қолдиринг. Ҳеч бўлмаса ойда бир марта ким учундир эзгулик ва мурувват кўрсатишга ҳаракат қилинг-ки, бу уларни ҳайратга солсин.
12-қоида.
Баъзан синфда бир-биримизнинг ишларимизни баҳолашимиз ҳам мумкин. Бошқа ўқувчининг ишига атайин паст ёки баланд баҳо қўйишга ҳаракат қилманг. Аслида ўзганинг ишига қай даражада адолатли баҳо қўйишингиз, бу ўзингизга берилган баҳодир.
13-қоида.
Синфда биргаликда матн ўқиётган вақтимизда диққат билан кузатиб боринг. Агар мен ўқиш навбатини сизга берсам, у ҳолда матннинг қаерига келиб қолганимизни аниқ билишингиз ва келган жойимиздан тезда давом эттиришингиз керак.
14-қоида.
Барча саволларга тўлиқ жавоб қайтаришга ўрганинг. Масалан, сиздан “Россиянинг пойтахти қайси шаҳар?” деб сўрашса, ёзма жавоб бераётганда албатта “Россиянинг пойтахти Москва шаҳри ҳисобланади” дейишингиз керак.
Шунингдек, ўзгалар билан суҳбатда уларнинг саволига ҳурмат юзасидан тўлиқ жавоб беринг. Масалан, сиздан “Ишларинг қалай?”дея сўрашса, сиз “Менда ҳаммаси яхши, раҳмат. Ўзингизда-чи?” деб жавоб беринг. Шунчаки “Яхши” деб жавоб бериш ҳурматсизлик саналади.
15-қоида.
Вақти-вақти билан сизларни яхши хулқ-атворингиз, ўзлаштириш натижаларингиз ва бошқа мақтовга арзигулик хатти-ҳаракатларингиз учун тақдирлаб бораман. Агар мендан ўзингиз мукофот сўрасангиз, унда билингки, сиз уни ҳеч қачон қўлга киритмайсиз. Яхши хулқ-атворингиз учун нимадир умидвор бўлишингиз, бу – беадаблик. Сиз мукофот олиш учун эмас, балки шунчаки яхши бўлишга ҳаракат қилишингиз керак.
16-қоида.
Берилган уйга вазифалар ҳар бир ўқувчи томонидан барча фанлардан ҳар куни бажарилиши шарт.
17-қоида.
Дарс давомида бир фандан бошқа бир фанга ўтиш вақтида тезда, шовқинсиз ва тартибли тарзда ҳаракат қилишимиз керак. Дарслик китобларни, уйга вазифалар бажарилган дафтарларни ҳамда керакли материалларни тезда алмаштиришга тайёр бўлинг. Буларнинг барчасини бажариш учун 10 сония вақт етади. Вақт ўтиши билан биз бу вақтни 7 сониягача туширишга ҳаракат қиламиз.
18-қоида.
Синфдагилар ўзаро ҳамжиҳат бўлиш учун астойидил ҳаракат қилишингиз керак.
19-қоида.
Уйга вазифалар берган вақтимда ҳеч қандай шикоят ва норозилик билдирманг. Акс ҳолда вазифаларни икки баравар ошираман.
20-қоида.
Агарда дарсни бошқа ўқитувчи ўтаётган бўлса ҳам, мен бор вақтимда амал қиладиган қоидаларни бажаришингиз керак. (Биламан, бу қийин иш, аммо шундай қилиш зарур)
21-қоида.
Синфда одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қиламиз. Ҳар қандай топшириқни бажаришда баҳамжиҳат ва самарали ҳаракат қиламиз. Буларга эришиш учун қуйидаги қоидаларга амал қилишимиз керак:
1. Берухсат ўрнингиздан турманг. Истисно: агар тобингиз қочса, дарҳол чиқиб кетинг.
2. Қуйидаги ҳолатлардагина гапиришингизга рухсат берилади:
Қўлингизни кўтарганингиздан сўнг, сизга мурожаат қилсам;
Сизга савол берган вақтимда, унга жавоб қайтариш учун;
Тушлик вақтида;
Сизга бирон топшириқ берсам (масалан, гуруҳ бўлиб ишлаш вақтида).
22-қоида.
Ўзингиз билан идишда сув олиб келишингиз ва уни партангиз остига қўйишингиз мумкин. Дарс ўтаётган вақтимда сув ичиш учун мендан рухсат сўрашингиз шарт эмас. Шунингдек, ўзгаларга кўрсатмасдан ва менга эшиттирмасдан бирон нарса тановвул қилишингиз ҳам мумкин.
23-қоида.
Мактабдаги бошқа ўқитувчиларнинг исмини билиб олинг ва уларга исмлари билан мурожаат қилинг. Масалан, “Хайрли тонг, жаноб Греҳем” ёки “Хайрли кун, Отиз ҳоним”. (Эслатма: агар синфхонада бўлсангиз, унда ўқитувчилар билан бемалол гаплаша олмайсиз, сабаби бу вақтда “гапирмаслик” қоидаси ишга тушади (21-қоида). Ўқитувчилар билан мактаб ичида ва ташқарисида фақат дарсдан ҳоли вақтда, таътил вақтида, топшириққа биноан ва синфларни алмаштириш вақтида гаплашишингиз мумкин)
24-қоида.
Ҳожатхонадан фойдаланганингиздан сўнг, унитаз сувини тортишни ва қўлингизни ювишни унутманг. Қўлингизни ювгандан сўнг, сувни ўчириш учун жўмракни бурашда ҳожатхона қоғозидан фойдаланинг (жўмракни қўлингиз билан ушламаслик мақсадида). Имкон қадар ювилган қўлларингиз билан кир жойларни ушламасликка ҳаракат қилинг.
25-қоида.
Мактабимизга тез-тез меҳмонлар келиб туришади. Агарда меҳмонлардан биронтаси бизнинг синфни кўришни ихтиёр этса, унда икки нафар ўқувчини меҳмонни кутиб олиш учун кириш эшиги олдига юбораман. Меҳмонимиз келгач, у билан кўришиб, уни ичкарига таклиф қиласиз. Меҳмонни синфга олиб киришдан аввал, мактаб бўйлаб кичик экскурсия ўтказганингиз ҳам маъқул.
26-қоида.
Ошхонада (буфет) жойларни бутунлай банд қилманг. Агарда кимдир ёнингизга ўтиришни сўраса, уни бажонудил таклиф қилинг. Ҳеч кимнинг раъйини қайтаришга ҳаракат қилманг. Биз – бир оиламиз ҳамда бир-биримизга ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлишимиз зарур.
27-қоида.
Агар мен ёки бошқа ўқитувчи бирон ўқувчи билан гаплашаётган ёки унга танбеҳ бераётган бўлсак, ўша ўқувчига қараманг. Чунки ўзингизда ҳам бирон муваффақиятсизлик бўлса ёки сизга танбеҳ беришса, ўзгаларнинг сизга қарашларини хоҳламаган бўлардингиз. Шу сабабли, бундай вазиятда сиз ҳам бошқаларга қараманг. Агар сизга танбеҳ бераётган бўлсам, унда ўзгаларнинг қараб тургани учун жаҳл қилманг ва бу ҳолатдан безовта бўлманг. Ҳаммасини менга қўйиб беринг ва бу вазиятга ечим топа оламан.
28-қоида.
Агар уйга вазифа масаласида бирон саволингиз бўлса, унда менга қўнғироқ қилишингиз мумкин. Қўнғироғингизга жавоб бера олмасам, унда тахминан қуйидаги кўринишда хабар қолдиринг:
“Салом, мистер Кларк. Мен ___________________. Менга уй вазифаси билан боғлиқ қуйидагича ёрдам керак: ___________________________. Менга соат ___гача қўнғироқ қилишингиз мумкин. Раҳмат”.
Ва асосийси, ушбу хабарни 14 марта қолдиришингиз шарт эмас.
29-қоида.
Амал қилишингиз лозим бўлган овқат билан боғлиқ бир қатор этикет қоидалари мавжуд бўлиб, мен уларни “Менинг этикет алифбом” (My ABC’s of etiquitte) деб номлаганман.
A) Овқатланиш учун стол атрофига ўтиришингиз билан, энг аввало тиззангизга салфетка қўйишни (ёйишни) эсдан чиқарманг. Агар ошхона жиҳозлари салфеткага ўралган бўлса, унда уларни олиб, салфеткани тиззангизга қўйинг.
B) Овқатланишни тугатгач, салфеткани столга, тарелканинг чап томонига қўйинг. Ўзингизни бетартиб қилиб кўрсатишни хоҳламасангиз, унда салфеткани ғижимламанг. Аммо салфеткани тахлаб қўйиш ҳам тўғри келмайди. Бу сизни яна ўша салфеткадан қайта фойдаланиш истагингиз борлигини кўрсатади. Салфеткани ҳеч қачон стулда қолдирманг. Бу билан салфетка столга қўйишга арзимайдиган жаражада ифлос эканлигини кўрсатасиз. Яна баъзи жойларда, стулга қўйилган салфетка, ушбу ресторанга (овқатланиш жойига) бошқа қайтиб келмаслик ишорасини ҳам беради.
C) Ҳеч қачон тирсагингизни столга қўйманг.
D) Бир қўллаб овқатланинг. Фақатгина бирон нарса кесаётганда ёки нонга бирон нарса суртаётгандагина икки қўлингизни ишлатсангиз бўлади. Ҳеч қачон бир қўлингизда вилка, иккинчи қўлингизда стаканни бир вақтда тутманг.
E) Ҳеч қачон қўлингизни яламанг. Агар қўлни тозалаш ниятида бўлсангиз, бунинг учун салфетка бор.
F) Лабингизни чапиллатманг ва қаттиқ (овоз чиқариб) чайнаманг.
G) Оғзингизни очган ҳолда чайнаманг.
H) Оғзингизни тўлдириб, овқат еманг. Баъзи одамлар оғзига овқат солиб, бир вақтда гапиришади ҳам. Сиз бундай қилманг. Аввал еб олиб, кейин гапиринг.
I) Агар тишингизга бирон нарса кириб қолса, ўша жойнинг ўзида олиб ташлашга уринманг. Аввал алоҳида хонага чиқиб, кейин олиб ташланг.
J) Хўриллатиб ичманг.
K) Овқатингизни ўйнаманг.
L) Агар вилка, салфетка ёки шу каби бирон нарсангиз тушиб кетса, уларни ердан олиб, стол устига қўйманг. Бу жуда қўпол ва гигиенага тўғри келмайдиган иш. Агар ердаги нарсани олсангиз, унда уни официантга беринг ва ўтирганлардан узр сўраб, овқатланишни давом эттиришдан аввал албатта қўлингизни совун билан ювиб келинг. Яхшиси бирон жиҳоз ерга тушганда официантдан ўша жиҳозни янгилаб беришни илтимос қилинг ва ердаги нарсага тегманг.
M) Деярли барча овқатларни тановул қилаётганда ошхона жиҳозларидан фойдаланинг. Қуйидаги 10 та овқатни истеъмол қилиш учун қўлингизни ишлатсангиз бўлади:
1. Пицца
2. Бекон
3. Печенье
4. Нон (ҳар доим ея олишингиз мумкин бўлган кичкина бўлакча кесиб (синдириб) олинг. Агар нонга бирон нарса суртмоқчи бўлсангиз, унда ноннинг барча бўлагига суртманг. Аввал биттада тишлай оладиган қисмингизга суртинг. Еб бўлгач, навбатдагисини суртасиз).
5. Сўтали маккажўхори (уни узунлиги бўйлаб ейиш керак, кўндаланг айлантириб эмас)
6. Хот-дог, гамбургер, сэндвич, шунингдек, бисквитларни ҳам.
7. Картофель фри ва чипслар.
8. Қовурилган жўжа.
9. Сарсабил (ҳа, ўша сиз овқатга қўшиб ейдиган узунчоқ, яшил кўкат)
10. Майда мевалар (масалан, узум), олма, апельсин, сабзи ва ҳ.к.
N) Ҳеч қачон узоқроқдаги бирон нарсани олиш учун кимнингдир олдидан қўл узатманг. Яхшиси, керакли нарсани олиб беришларини сўранг. Масалан: “Илтимос, менга тузни узатиб юбора олмайсизми?”.
O) Жойингизга ўтирмасдан туриб, ҳеч қачон овқатланишни бошламанг.
P) Агар биз ресторанда овқатланаётган бўлсак, унда стол атрофидаги барча инсонларга овқатлари олиб келинмагунгача, тановул қилишни бошламай туринг.
Q) Йўлнинг узоқлигидан, овқатнинг бемазалигидан ёки кўп кутишга тўғри келган вазиятларда шикоят қилманг ёхуд нолиманг. Ўзингизнинг салбий фикрларингиз билан ўзгалар кайфиятига таъсир қилманг.
R) Агар сиз овқат учун қайси ошхона жиҳозини ишлатишни билмаётган бўлсангиз, унда энг аввал тарелкангиздан узоқроқда жойлашган вилка, қошиқ ва пичоқлардан фойдаланинг. Чап томонингизда салатлар учун вилка ташқи томони билан туради, унинг ёнида эса овқатга ишлатиш учун вилка ички томони билан туради. Ўнг томонда суюқ овқатларда фойдаланиш учун қошиқ, унинг ёнида эса чой ёки кофени аралаштиришга мўлжалланган қошиқча туради. Улардан кейин салат учун пичоқ, унинг ёнида овқатда ишлатиш учун пичоқ жойлашган бўлади. Тарелканинг юқори қисмидаги жиҳозлар десертда ишлатиш учун мўлжалланган.
S) Овқатланиб бўлгач, ўзингиздан тарелкани суриб қўйманг. Яхшиси у турган жойида қолаверсин. Агар овқатланиб бўлганингизни кўрсатмоқчи бўлсангиз, унда вилка ва пичоқни тарелка устига эни бўйлаб диагонал тарзда қўйинг. Вилкани тишларини пастга, шунингдек, пичоқни ҳам ўткир қисмини пастга қаратиб қўйинг. Сизга яқин тарафда вилка туриши керак.
T) Ҳеч қачон ишлатилган ошхона жиҳозларини қайтиб столга қўйманг. Уни тарелка устида ёки овқат идишининг ўзида қолдиринг.
U) Агар бирон ошхона жиҳозини ишлатмаган бўлсангиз, унда уни тарелка устига ёки овқатга солманг. Уларни турган жойида қолдиринг.
V) Официантга буюртма бераётганда, савол сўраётганда ёки раҳмат айтаётганда ҳар доим унга қараган ҳолда мурожаат қилинг.
W) Официант сиздан буюртма қабул қилаётганда, унинг исмини сўранг. Имкон борича унга тез-тез исми билан мурожаат қилинг.
X) Агар сиз бирон иш билан ташқарига чиқмоқчи бўлсангиз, унда албатта стол атрофидагилардан узр сўраган ҳолда туринг.
Y) Сизга десерт ёки шунга ўхшаш нарса таклиф қилишаётганда, “Сиз нима деб ўйлайсиз?” ёки “Ўзингиз нимани хоҳлаган бўлардингиз” каби саволлардан кўра, “Қандай вариантлар бор?” деб сўраганингиз маъқул. Натижада ресторанда йўқ маҳсулотларни санашга кетадиган вақтни иқтисод қилиб қоласиз.
Z) Ҳеч қачон официантга хизматкордек муомала қилманг. Уларга ҳурмат ва мулойимлик билан мурожаат қилинг. Унутманг, улар буюртма олиб, сизга овқат олиб келадиган инсонлар. Ахир официантлар томонидан қандайдир ёмонлик қилинишини хоҳламайсиз-ку.
30-қоида.
Овқатланиб бўлгач, стол устини тозалашни унутманг. Полда чиқинди қолмаганига эътибор қилинг. Қаерда бўлишимиздан қатъи назар, ўзингиздан бирон чиқинди қолмаслиги учун жавобгар бўласиз. Ён-атрофни ифлос қилмаётганингизга ишонч ҳосил қилишингиз керак.
31-қоида.
(ушбу қоида ўша мактабда амал қилган. Тарж. изоҳи)
Меҳмонхонага жойлашган пайтимизда, биз кетганимиздан сўнг хонани тозалайдиган ходимлар учун ёстиқ остига чойчақа қўйиб кетиш мақсадга мувофиқ. Кунига 2 ёки 3 доллар бериш тавсия қилинади. Бу албатта хонанинг нархига ҳам боғлиқ.
32-қоида.
Автобусда кетаётганингизда ҳар доим олдинга қараб кетинг. Қолган ўқувчилар билан гаплашиш учун ўгирилманг, ойнадан ҳеч нарса ташламанг, ўрнингиздан турманг. Автобусдан тушиб кетаётганда, албатта ҳар доим ҳайдовчига раҳмат айтинг ва хайрли кун тиланг.
33-қоида.
Экскурсияга чиққан пайтимизда бегона инсонлар билан сизларни таништирсам, уларнинг исмларини эслаб қолишга ҳаракат қилинг. Кетаётган вақтимизда эса уларга исмлари билан мурожаат қилган ҳолда миннатдорлик билдириб, хайрлашинг.
34-қоида.
Сизга шведча стол ёки синфдаги тадбир вақтида овқат таклиф қилишса, ҳеч қачон очкўзлик қилиб, ўзингизга керагидан ортиқ овқат олманг. Бу нарса четдан қараганда нафақат хунук кўринади, балки бошқаларга етарлича егулик қолдирмасдан, ўзгаларга нисбатан ҳурматсизлик ҳам қилган бўласиз.
35-қоида.
Қаердалигининг аҳамияти йўқ, мактабдами ёки экскурсиядами, агарда кимдир бирон нарсасини тушириб қўйса, уни олиб, эгасига қайтаринг. Ҳатто ўша нарса, эгасининг ёнгинасига тушган бўлса ҳам, хушмуомалалик билан эгилиб, олиб беринг.
36-қоида.
Эшикка яқинлашган вақтингизда ортингиздан кимдир келаётганини кўрсангиз, унда эшикни очиқ тарзда ушлаб туринг. Агар эшик сиз томонга очиладиган бўлса, унда эшикни очиқ ҳолда ушлаб туриб, сиздан кейинги инсонни биринчи бўлиб ўтказиб юборинг ва ортидан ўзингиз киринг. Агар эшик қарама-қарши томонга очиладиган бўлса, унда аввал ўзингиз ичкарига кириб, сўнг эшикни очиқ тарзда ушлаб туринг.
37-қоида.
Агар сизга кимдир урилиб кетса, гарчи айб сизда бўлмаса ҳам, дарров кечирим сўранг.
38-қоида.
Экскурсияга чиққан вақтимизда, диққатга сазовор жойларга кирган пайтимизда бир-бирингиз билан гаплашманг. Биноларга бизни ҳеч ким пайқамайдиган даражада тинчлик сақлаб киришимиз керак. Ушбу қоида кинотеатр, ибодатхона, театр ва шунга ўхшаш бошқа муассасалар учун ҳам тааллуқли. Мазкур қоидага мактабга қайтганда ҳам амал қилишимиз керак.
39-қоида.
Экскурсия вақтида, борган жойимиз ҳақида бир-икки оғиз мақтов айтсангиз нур устига аъло нур бўлар эди. Масалан, биз кимнингдир уйига кирсак, уй эгасига пардалари чиройли эканлигини айтсангиз ёмон бўлмасди. Меҳмон кутаётган инсонлар одатда хижолат бўлиб туришади, шу сабабли ўзларини эркинроқ ҳис қилишларига имкон яратиб берсангиз зиён қилмайди. Шунингдек, бошқа жойларга борганда ҳам, масалан, музей ёки театрга, ўша иншоотнинг архитектураси чиройли эканлигини ёхуд сизни олиб юрган гидга жуда яхши хизмат кўрсатаётганлигини таъкидласангиз ажойиб иш бўлар эди.
40-қоида.
Мажлис вақтида гаплашманг ва атрофга олазарак бўлманг, синфдаги дўстларингиз диққатини ўзингизга қаратманг. Биз биргаликда баҳамжиҳат бўлиб ишлаётганимиз ҳақида таассурот уйғотишимиз керак.
41-қоида.
Уйда телефон қўнғироғига жавоб бераётган вақтингизда, ўзингизни тутишингиз ахлоқ қоидаларига мос бўлсин.
42-қоида.
Экскурсиядан қайтганимиздан сўнг, менга ёки менинг ўрнимдаги исталган бошқа ўқитувчига раҳмат айтинг. Сиз бизга ушбу экскурсияга вақт ажрата олганимиз учун миннатдорлик билдиринг, шунингдек, бундай имкониятдан фойдаланганингиз учун хурсанд эканлигингизни таъкидланг. Менга раҳматларингиз керак эмас, менга керак вақтда, керакли тарзда миннатдорлик билдира олишни ўрганишингиз муҳим. Бу одат қачондир ишни ўз томонингизга оғдира олишда қўл келади.
43-қоида.
Экскурсияга чиққан вақтимизда эскалатор хизматидан фойдаланиш зарурияти туғилса, эскалаторнинг ўнг томонида туришга одатланинг. Бу шошилаётган инсонлар учун чап томондан эркин ўтиб кетишларига имкон яратади. Агар лифтга, метрога ёки шунчаки бирон эшикка кирмоқчи бўлсак, аввал қолганларнинг ўтиб кетишини кутинг, шундан сўнг ўзингиз киринг.
44-қоида.
Навбатга турган вақтимиз, турнақатор бўлиб тизилишамиз. Бунда олдингиздаги инсон билан орангиз 1 қадам бўлиши керак. Ҳар доим тўғрига қаранг. Ва ҳеч қандай гаплашишлар бўлмасин.
45-қоида.
Ҳеч қачон навбатни бузманг. Агар сиздан олдинги инсон туриб қолса (олдинга юрмасдан), унда ҳеч нарса деманг. Майли, тураверсин, фақат бу ҳақида мени огоҳлантириб қўйинг. Мен вазиятни қўлга оламан. Агар сиз навбатни бузган инсон билан баҳслашсангиз, унда бу яхшиликка олиб келмаслиги мумкин. Бундай қилиш ярамайди, яхшиси менга хабар қилсангиз кифоя. Илтимос, синфдошларингиз билан ўз ўрнида баҳслашинг. Юзага келган муаммони ўзингиз ҳал қилгандан кўра, менга маслаҳат солганингиз маъқул.
46-қоида.
Кинога тушганимизда ҳеч қандай гаплашишлар бўлмаслиги керак.
47-қоида.
Мактабга чипслар (қовурилган картошка) олиб келманг.
48-қоида.
Агар мактабда кимдир сизни безовта қилса, бу ҳақида мен билишим керак. Мен сизларнинг ўқитувчингизман (синф раҳбари), ва менинг вазифам сизларга кўз-қулоқ бўлиш ҳамда ҳимоя қилиш. Мен ушбу мактабда ҳеч кимга сизларни хафа қилиши ёки сизларга ноқулайлик туғдириши учун имкон бермайман. Ўз навбатида ўзбошимчалик билан вазиятни қўлга олишга уринмасдан, менга имкон беришингизни сўрар эдим.
49-қоида.
Ўзингиз ишонган нарсада қатъий туринг! Ақлингиз ва қалбингиз бошлаётган йўлда ўзингизни кучли ҳис қилсангиз, унда бошқа йўлни танламанг.
50-қоида.
Позитив бўлинг ва ҳаётдан завқланинг. Баъзи нарсалар ҳатто хафа бўлишга ҳам арзимайди. Келажакдаги истиқболлар ҳақида ўйланг ва ҳаётингиздаги яхши нарсаларга эътибор қаратинг.
51-қоида.
Шундай яшангки, кейинчалик сира афсусланманг. Агар бирон ишни бажаришни истасангиз, бажаринг! Ҳеч қачон қўрқув, иккиланиш ёки йўлингизга тўғаноқ бўладиган бошқа ҳиссиётларга берилманг. Агар бирон нарсани жуда хоҳласангиз, унда ўша нарса учун бутун вужудингиз билан курашинг. Агар бирон ишни бажаришни жуда ҳам истасангиз, фақат олға боринг ва токи ўз мақсадингизга эришмагунингизгача тўхтаманг. Агар бирон орзуингиз бўлса, унда умрингиз давомида ўша орзу умидида яшаш ва охир-оқибат уни рўёбга чиқариш учун қўлингиздан келганича ҳаракат қилинг.
52-қоида.
Қаердадир барибир хато қилишингизни ҳисобга олинг. Хатолардан тегишли хулоса чиқариб, мақсадингиз сари яна олға интилинг.
53-қоида.
Қандай ҳолатда бўлишингиздан қатъи назар, виждонли бўлинг. Ҳаттоки бирон ножўя хатти-ҳаракат қилиб қўйсангиз ҳам, виждонан буни тан олиб, менга хабар қилинг. Чунки мен бундай инсонларни ҳурмат қиламан ва виждонли эканлигингиз ҳисобига қилган ножўя ишингизни унутаман.
54-қоида.
Carpe Diem (Вазиятлардан роҳатланинг). Одам бир марта дунёга келади, шу сабабли кунларингизни беҳуда ўтказманг.
55-қоида.
Қўлингиздан келганича, энг яхши инсон бўлинг!
Tarjimangiz juda ajoyib chiqibdi. O’zingiz ham shu qoidalarga to’iq rioya qilasizmi? Pedagoglikka juda kirishib ketibsiz. Menimcha, siz pedagog bo’lish uchun yaratilgan bo’lsangiz kerak. Saytingizga kirib juda ko’p narsani o’rgandim. Buning uchun sizga katta rahmat!