Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан бўлган учрашувда бундан буён тиббий таълим тизимида жиддий ўзгаришлар бўлиши, хусусан ушбу йилдан бошлаб ҳудудлар бўйича мақсадли қабул бошланиши ҳақида маълум қилган эди.
Кейинчалик 2017 йил 5 май куни “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги Президент қарорига асосан, Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатига давлат грантлари асосида мақсадли қабул квоталари тасдиқланди.
2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомда мақсадли қабул бўйича тартиб белгиланди.
Мақсадли қабул нима дегани ўзи? Мақсадли қабулда тиббиёт ходимларига ҳудудларда бўлган эҳтиёжлар олдиндан белгилаб олинади. 5-6 йилдан сўнг қайси вилоятда қайси тиббиёт ходимига нечта эҳтиёж юзага келиши мумкинлиги тўғрисида маҳаллий ҳокимият органлари (ҳокимликлар) ўз таклифларини беради. Шундан сўнг, мазкур мақсадли квотага давлат гранти асосида ўша ҳудуд вакиллари ўқишга қабул қилинади. Уларни давлат 5-6 йил бепул ўқитади, бунинг эвазига талабалар ўқишни тугатгач, ўз ҳудудида давлат учун мажбурий ишлаб беради. Бундан кўзланган мақсад ҳудудлардаги кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш, чекка туманлардаги тиббиёт бирлашмаларини ҳам олий маълумотли малакали шифокорлар билан тўлдиришдир.
Бугунги кунда тиббиёт олийгоҳлари биринчи бор янги тартибда абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишмоқда. Қабул комиссияси ҳужжат топшириш чоғида абитуриентлардан аризасида мақсадли қабул бўйича топширмоқчими ёки контракт асосидами, шунга аниқлик киритишни сўрашмоқда.
Давлат тест маркази сайтида мақсадли қабул жойларига топширилган ҳужжатлар алоҳида, ҳудудлар кесимида кўрсатиб борилмоқда.
Ўз-ўзидан биринчи марта бўлаётган тартиб бўйича аҳолида кўплаб саволлар, тушунмовчиликлар пайдо бўляпти. Ушбу мақолада энг кўп берилаётган саволларга имкони борича жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Мақсадли қабулга ҳудуд бўйича доимий прописка асосида қабул қилинадими?
Низомнинг 10-бандига асосан, мақсадли қабулда қатнашмоқчи бўлган абитуриентлар тегишли ҳудудда яшаётган бўлиши лозим. Агар доимий пропискаси ўша ҳудудда бўлсаю, лекин мақсадли қабулга тушмайдиган ҳудудда яшаётган бўлса, унда ўша абитуриент мақсадли қабулда қатнаша олмайди.
Мақсадли қабулга ўша ҳудуддаги лицей ёки коллежни тугатган бўлиши шартми?
Энг кўп берилаётган савол айнан мана шу бўлмоқда. Сабаби кўплаб вилоятлик ёшлар ўрта махсус таълимни Тошкент шаҳрида олишган. Айниқса тиббиёт йўналишида. Аммо Тошкент шаҳри учун мақсадли қабул ажратилмаган. Яъни Тошкент шаҳридаги тиббиёт коллежлари ва академик лицейларни тугатган абитуриентлар, гарчи асли доимий яшаш манзили вилоятларда бўлса ҳам, давлат гранти асосида қабул қилинмайди, улар учун фақат тўлов-контракт асосида ўқиш имкони мавжуд.
Низомнинг 10-бандига мувофиқ тегишли ҳудудларга ажратилган мақсадли қабул квоталарига фақат тегишли ҳудудда яшаётган ва ҳудуднинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан берилган дипломга эга бўлган абитуриентлар ҳужжат топшира олади.
Демак, хулоса шундайки, сурхондарёлик ўсмир Тошкент шаҳри ёки бошқа ҳудудда ўқиган бўлса, Сурхондарё вилояти учун ажратилган жойга ҳужжат топшира олмайди.
Агар мақсадли қабулга топширган абитуриентнинг тўплаган балли давлат грантига етмасаю, лекин контрактга кириш учун етса, унда контракт асосида қабул қилинадими?
Ҳа, қабул қилинади. Низомнинг 3-бандига асосан, мақсадли қабул танловида қатнашиб давлат гранти асосида қабул қилинмаган абитуриентлар мазкур таълим йўналишида тўплаган тест баллари билан умумий тўлов-контракт доирасидаги танловда иштирок этади.
Biz o’sha nizomni qayerdan topsak bo’ladi? Shuni topib bera olasizmi?