“Ҳолва деган билан, оғиз чучимайди”
(“Бу эпиграф”, – муаллиф изоҳи)
Яқинда иш билан “Ўрда” даҳаси томонларга йўлим тушганди. Йўл-йўлакай ўша даҳада жойлашган “Трастбанк” хусусий очиқ акциядорлик биржа банкининг Республика биноси олдига қўйилган тошлавҳага кўзим тушди. Тошлавҳада ёзилган банк номида баъзи имловий хатоликлар мавжудлигини бир қарашда пайқаш унчалик қийин эмасди. Умуман олганда ушбу тошлавҳа суратини илгари интернет орқали ҳам бир неча марта кўргандим.
Тошлавҳани кўрдим-у, хаёлимга бир фикр келди. Одатда имловий хатоларни кўрганда кўпинча кимларнидир саводсизликда айблаймиз, устидан куламиз ёки пичинг ва истеҳзоларимизни изҳор этамиз-у, лекин ўша хатоларни тўғирлаш учун аниқ амалий ҳаракат қилиб кўрмаймиз. Мана шундай кайфиятни ўзгартириш вақти келмадимикин деган ўйда, мазкур тошлавҳани ўзгартириш учун уриниб кўришга аҳд қилдим. Бу ишнинг натижаси қандай бўлиши ҳали ўзимга ҳам қоронғу эди.
Хўш, ишни нимадан бошлаш керак? Аввало банк маъмуриятига хабар қилиш керак. Қандай усулда? Бундай вазиятларда оғзаки ёки телефон орқали хабар бериш кифоя бўлмаслиги мумкин. “Хўп, қиламиз” дейилган билан, аммо натижа бўлиши даргумон. Энг самарали йўли – ёзма мурожаат қилиш!
Хуллас, ё устидан, ё остидан дея, “Трастбанк” бошқарув раисига хат ёздим. Мана ўша хат матни (Эксперт таҳририда):
“Трастбанк” хусусий очиқ акциядорлик биржа банки бошқарув раиси Ш.Р.ХАДЖИЗАДАЕВга
Ҳурматли Шерзод Рафатович! Аввало, шуни алоҳида қайд этиш керакки, “Трастбанк” ХОАББ юртимизда фаолият олиб бораётган 30 дан ортиқ банклар орасида ўз нуфузига эга бўлган, шунингдек, мижозларга сифатли хизмат кўрсатиб келаётган барқарор банкларимиздан бири ҳисобланади. 2013 йилда “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Трастбанк” хусусий очиқ акциядорлик биржа банки фаолиятини баҳолаб, унинг узоқ муддатли дефольт эмитент рейтингларини “Барқарор” прогноз кўрсаткичларида қайта эътироф этгани ҳам ана шундан далолатдир. Шундай бўлса-да, банк фаолиятининг айрим жиҳатлари бўйича ўз таклифимни Сизга юборишни ният қилдим. Гап шундаки, “Трастбанк” ХОАББнинг бош офисига кираверишдаги банк номи ёзилган тошлавҳада банк номининг ўзбек тили лотин алифбосида ёзилган қисмида, минг таасуфки, жиддий имловий хатоларга йўл қўйилган. Ушбу тошлавҳадаги ёзув бир неча йиллардан буён турибди ва мазкур лавҳанинг расми интернетдаги бир қанча ижтимоий тармоқларда (Facebook, Twitter ва ҳ.к.) муҳокама ҳам қилинган. Ачинарлиси, ушбу муҳокамаларда банк номига кўплаб салбий ва танқидий фикрлар баён қилинган. Лекин ҳалигача бу хатолик бартараф этилмагани мени бироз ҳайрон қолдирмоқда. Ўйлайманки, Республикамизда нуфузли банк номига даъвогарлик қилаётган «Трастбанк»дек муассасада саводхонлик билан боғлиқ бундайин яққол хатоликни мавжуд бўлиши, бунинг устига ушбу хатолик мажозий маънода банкнинг юзини белгилаб турган тошлавҳада акс этгани ачинарли ҳолат. Ахир мижозларда банкнинг сифатли ва бехато фаолиятига бўлган ички ишонч, мана шундай ташқи атрибутлар билан ҳам белгиланади. Қолаверса, “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 7-моддасида давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилиши белгилаб қўйилган. Мазкур хатим натижасида тошлавҳадаги имловий хатолар тез фурсатда тўғриланишига умид билдириб, Сизга чексиз ҳурмат билан, фуқаро Худайбердиев Хушнуд Ғайратович. Манзил: ************ Телефон: +998-9****** E-mail: xushnud_x@mail.ru Илова: тошлавҳадаги имловий хатолар матни (1 варақ) ва унинг фотосурати (1та фотосурат). |
Илова
Тошлавҳадаги ёзув: HUSUSIY OCHIK AKTSIYADORLIK BIRJA BANKI TRASTBANK Имловий хатолар билан ёзилган сўзлар:
|
Сўнг 9 апрель куни хатни, иловани ва фотосуратни (чоп этилган ҳолатда) “Трастбанк” биносига олиб бориб, девонхонага топширдим.
18 апрель куни, яъни орадан 9 кун ўтиб, телефоним жиринглади. Жавоб бердим. Билдимки, қўнғироқ қилган инсон шахсан “Трастбанк” Бошқарув раиси Хаджизадаев Шерзод Рафатович экан.
— Бизга хат юборган экансиз, ушбу масала юзасидан телефон қилаётгандим. Агар имкониятингиз бўлса, Сиз билан кўришмоқчи эдим, – деган гапларини эшитиб, бажонудил ушбу таклифни қабул қилишимни билдирдим. Эртаси куни учрашишга келишдик.
Келишилган вақтда “Трастбанк”га бордим ва у ерда Бошқарув раиси Шерзод Рафатович билан кўришдик. Мени илиқ кутиб олдилар. Анчагина суҳбатлашдик. Суҳбат давомида мени чақиришларидан мақсад, аввало банк номидан ва шахсан ўзларининг номидан миннатдорчилик билдириш, банкнинг имиджини ўйлаб, қимматли вақтини аямасдан хат ёзган инсон, яъни банкнинг дўсти билан (сўзлар аслидан ўзгартирилмади) яқиндан танишиш эканлигини билдирдилар. Шунингдек, ушбу хат юзасидан махсус йиғилиш қилинганлиги ва хатони тезда бартараф этиш лозимлиги ҳақида тегишли кўрсатмалар берилганини таъкидладилар. Шу ва шунга ўхшаш мавзуларда ярим соатга яқин суҳбат қурдик. Эътиборли жиҳати, Шерзод Рафатович миннатдорчилик белгиси сифатида “Трастбанк” номидан эсдалик пакетини совға қилдилар. Пакетда “Трастбанк” белгиси туширилган блокнот, ручка, стол тақвими, банк ҳақидаги маълумотлар жамланган брошюра ва ҳ.к.лар бор эди. Шу билан мазмунли суҳбатимиз ўз ниҳоясига етди. ОАВ тили билан айтганда, суҳбат якунида “самимий ва дўстона қабул учун” миннатдорчилик билдирдим.
Ростини айтсам, воқеалар ривожи бундай бўлишини умуман кутмагандим. Катта бир банкнинг раисини шахсан ўзи телефон қилиб (бирон ўринбосари орқали чақиртирса ҳам бўларди), ўзи кутиб олиб, миннатдорчилик билдириб, ҳурмат бажо келтирганлари таҳсинга сазовор. Гап берилган эсдалик совғасида ҳам эмас. Чунки бошиданоқ мен бирон манфаат кўзламаганман. Гап муносабатда. Гап қилинган эътиборда. Гап самимийликда.
Яна ҳам қувонарли томони ва энг асосийси тез кунларда банк олдидаги ўша тошлавҳа тўғирланди. Бугун атайин бориб, яна суратга олиб келдим. Эсдалик сифатида. Қачонлардир мана шу тошлавҳадаги имловий хатолар менинг ташаббусим билан тўғриланган деб эслаб юраман.
Кўриб турибсиз, “ҳаракат қилса, ғўрадан ҳолва битади”. Ушбу, айтиш жоиз бўлса, дастлабки муваффақиятдан руҳланиб, бундай ҳаракатни яна давом эттиришга қарор қилдим. Асосий мақсадим, ўзбек тилига бўлган эътибор ва ҳурматни янада мустаҳкамлаш. Техник ёки бошқа сабабларга кўра йўл қўйилган имловий хатоларни тўғирлашга ўз ҳиссамни қўшиш.
Хўш, Сиз-чи, Сиз? Сиз ҳам шундай хайрли ишга қўшилмайсизми?
Тез фурсатда, Кун.уз сайти билан ҳамкорликда мазкур йўналишда бир ижтимоий акцияни бошлаш арафасидамиз. Умид қиламанки, юртдошларимиз орасида ушбу акцияда иштирок этиш истагини билдирадиганлар кўплаб топилади.
Қойил, гап йўқ! Бўларкану )))