Роппа-роса 1 йил олдин, аниқроғи 2013 йил 14 октябрь – Қурбон ҳайити кунида яхши ниятлар билан Xushnudbek.uz сайтини ишга туширган эдик. Мана ҳаш-паш дегунгача, орадан 1 йил вақт ўтиб қўйибди, қаранг.
Ўтган давр мобайнида сайт орқали қатор янгиликлар, хабарлар, таҳлилий-танқидий мақолалар бериб боришга ҳаракат қилдим. Албатта қилинмаган ишлар ҳам анча-мунча. Баъзан дангасалигим туфайли, баъзан эса асосий иш жойимдан вақт орттира олмаганимдан кўп лойиҳалар фақат ҳаёлдаю, мияда қолиб кетди.
Бугун ўзининг бир ёшлигини нишонлаб турган Xushnudbek.uz сайти гапирар эканман, энг аввало ушбу сайтнинг яратилиш тарихи ҳақида икки оғиз гапириб ўтмасам бўлмас.
2012 йилнинг август-сентябрь ойларида Facebook ижтимоий тармоғи орқали “Қонунчиликдаги янгиликлар” рукни остида бир нечта постлар қолдира бошлаган эдим. Мазкур постларда қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумотлар бериб борар эдим. 27 сентябрь куни Facebookда қолдирган мана бу постим якунда ҳозир Сиз ўқиб турган сайтнинг дунёга келишига тамал тоши бўлган эди. Ўшанда Sanjar Rizayev изоҳ қолдириб, “Siz blog oching bir” деган таклифни илгари сурган эдилар. Бу таклиф Hamza Foziljonov томонидан қўллаб-қувватланганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Хуллас, ўша таклифларни ўйлаб кўриб, блог очишга аҳд қилгандим.
2012 йил 27 сентябрь куни http://xushnudbek.blogspot.com/ манзилида ўзимнинг блогимни очдим.
2013 йилнинг 17 апрелида Xushnudbek.uz доменини олдим ва ўша кундан буён блогимга мазкур манзил орқали ҳам кирса бўладиган бўлди.
Шундай кунларнинг бирида, Muloqot сайтлар тармоғи раҳбари ҳамда Daryo интернет нашри бош муҳаррири Фарҳод Файзуллаев яхши бир таклиф билан чиқдилар. Яъни менга текинга сайт яратиб беришни, барча техник ва дизайн ишлари, хостинг масалалари Muloqot томонидан бажарилишини маълум қилдилар. Бугунги кунда яхши сайт очишнинг дастурий таъминоти анча-мунча моддий маблағ талаб қилишини ҳисобга олсак, бу жуда қувонарли таклиф эди.
Хуллас, ушбу таклифни қабул қилиб, биргаликда ҳаракат қилдик ва Фарход аканинг кўмаги билан Сиз кўриб турган ушбу сайт дунё юзини кўрди.
Кейинчалик бу ҳақида Фарҳод Файзуллаев ўз блогида, шунингдек, Daryo нашрида ҳам ёзиб чиқди.
Сайтимга илк хабарни 2013 йил 14 октябрь куни қолдирдим. Ушбу кун Қурбон ҳайити байрамига тўғри келгани мени янада хурсанд қилган эди, рости.
Ўтган давр мобайнида сайтим орқали жамиятга, муштарийларга фойдаси тегадиган мақолалар бериб боришга интилдим. Кўп бора таъкидлайдиган бир гапим бор:
“Агар сайтим орқали ақалли бир киши фойдали маълумот ололган бўлса, демак мен тўғри йўналишдаман ва меҳнатларим зое кетмабди”
Бир йил ичида Xushnudbek.uz сайти эътироф этишга арзигулик ютуқларни ҳам қўлга киритди. Нокамтарлик бўлса ҳам айтаман, олиш мумкин бўлган деярли ҳамма совринларни олиб бўлди.
2014 йил 28 январь куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ташкиллаштирилган «Жамият ва мен – 2013» танловининг “Интернетдаги энг яхши мақола” номинациясида ғолиб бўлдим.
2014 йил 2 май куни «Олтин қалам» Миллий мукофотининг “Журналистикада ижтимоий масалаларни ёритишда инновацион ечим ва ёндашувлар” номинацияси соҳиби бўлдим.
2014 йил 22 сентябрь куни Миллий “Uz” доменлари Интернет-фестивалининг “Энг яхши шахсий саҳифа” номинациясида 2-ўринни қўлга киритдим.
2014 йил 23 сентябрь куни MIT.uz – Миллий интернет танловида “Энг яхши таҳлилий сайт” номинациясида совриндор дея эътироф этилдим.
Сайт статистикаларига эътибор берадиган бўлсак, ҳозирда сайтимга жами 492 та хабар ва мақолалар киритилган.
Шунингдек, хабарларга муштарийлар томонидан жами 488 та изоҳ (comment) қолдирилган. Бу деярли ҳар бир хабарга биттадан изоҳ қолдирилган дегани.
Сайтим орқали бир қатор лойиҳаларни амалга оширдим. Масалан, футбол бўйича жаҳон чемпионати вақтида Stadion.uz сайти билан ҳамкорликда “ЖЧ-2014 Викторинаси” ташкиллаштирилди.
ОТМларга бўлиб ўтган қабул жараёнлари вақтида Kun.uz сайти билан ҳамкорликда “Абитуриент-2014” лойиҳасини амалга оширдик.
Иккала лойиҳа ҳам муштарийларда катта қизиқиш уйғотгани шубҳасиз.
Масалан, “Абитуриент-2014” лойиҳасини 5 минг нафардан ортиқ киши бевосита сайтим орқали кузатиб борган.
2013 йил 7 декабрь куни сайтимда “Биз билан боғланиш” функцияси ишга тушди. Бугунги кунгача ушбу хизмат орқали қилинган мурожаатлар сони 373 тани ташкил қилмоқда. Уларнинг барчасига жавоб бера олдим дея олмайман, аммо имконим етганича мурожаатларга жавоб беришга ҳаракат қиляпман.
Бир йил давомида сайтимга 104 минг марта ташриф буюрилган.
Агар уникал ташриф буюрувчилар сонига қарасак, 62 минга яқин инсон сайтимга қадам ранжида қилганлигини кўришимиз мумкин.
Энг кўп ташриф 2014 йил 28 май куни бўлди. Ўша куни сайтимга 7 279 марта ташриф буюрилди ва бу ҳозирча рекорд бўлиб турибди.
Ўша куни сайтим ЎзНет тармоғидаги рейтингда рекорд даражада юқорилай олди ва 24-ўринга кўтарилди.
Бир бўп қолди-да шунақа 🙂 Ҳаммасига футбол ва мана бу мақола сабабчи!
Хуллас, шунақа олди-қочди гаплар. Бир йиллик сарҳисобимиз шу. Нолимаймиз албатта, борига шукур қиламиз.
Ва энг асосийси Сиз азизларнинг эътиборингиз учун ташаккур билдираман! Сизлар йўқ, демак Xushnudbek.uz сайти ҳам йўқ.
Раҳмат!
Sayt haqida fikrlarim ijobiy.Doimo shunday dolzarb va muammoli vaziyatlarni yechishda yo’lchiroq bo’lishini tilab qolaman.