Yangi hujjatlar

Блогерлар ҳақидаги қонун нима учун керак?

Бироз аввал Ўзбекистонда қонунчиликка блогерлар тўғрисидаги норма киритилгани ҳақида хабар бергандим.

Мазкур Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида маъқуллангандан кейин, кенг жамоатчилик томонидан турли хил фикрлар билдирилганининг гувоҳи бўлдик. Хусусан, Gazeta.uz нашри Олий Мажлис Сенаторининг “Ахборот” дастурига берган интервьюсига асосланиб, “Обязанности блогеров закрепят законодательно” номли хабар берган эди. Ушбу хабар асосида билдирилган мулоҳазаларда кўпчилик “Ана энди блогерларни назорат қилиш бошланар экан”, “Блогерларнинг “қора рўйхати” тузилар экан”, “Энди ҳеч нарса ёзмаган маъқул” деган фикрларни билдиришди. Мазкур фикр муаллифларини ҳурмат қилган ҳолда айтишим мумкинки, юқоридаги каби мулоҳазалар асоссиз. Нега бундай хулосага келганимни қуйида тушунтиришга ҳаракат қиламан.

ЭНДИ БЛОГЕРЛАРНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ БОШЛАНАДИМИ?

Аввал келишиб олайлик. Назорат сўзининг маъноси турлича. Аслида назорат турли давлат ва нодавлат органлари, ҳаттоки якка жисмоний шахслар томонидан ҳам олиб борилиши мумкин. Аммо ҳуқуқшуносликда том маънода “назорат қилиш” функцияси ваколатли орган ёки мансабдор шахс томонидан олиб борилади ва қонунчиликни таъминлашга оид фаолияти шаклларидан бири ҳисобланади. Масалан, прокурор назорати, суд назорати, маъмурий назорат.

Энди мавзуга қайтсак. Қонунда блогер мақоми берилиши мумкин бўлган шахсларни назорат қилиб бориш вазифаси биронта давлат органига юклатилмаган. Ва бундай назорат айнан блогерлар учун олиб борилмайди ҳам.

Кўпчилик мамлакат хавфсизлиги, тинчлиги йўлида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жамоатчилик фикрини ўрганиш, интернет саҳифаларида чоп этилаётган ғайриқонуний маълумотлар ва манбаларни аниқлаш учун олиб борилиши мумкин бўлган мониторинг ишларини айнан мана шу қонун билан адаштирмоқда. Илтимос (таклиф, тавсия), мазкур қонунни бунга боғламанг. Улар турлича тушунчалар.

БЛОГЕРЛАРНИНГ “ҚОРА РЎЙХАТИ” ТУЗИЛАДИМИ?

Нега мазкур савол ҳам кўпчилик ўйлантириб қўйганига, рости ҳайронман. Қонун матни билан танишган вақтда эътибор берган бўлсангиз, блогерлар рўйхати тузилиши ҳақида гап-сўз йўқ. Қонуннинг мақсади бу эмас. Ўзи умуман, блогерлар рўйхатини тузишдан бирон мақсад ва фойда ҳам йўқ. Барибир блогерларга бирон ҳужжат тақдим этилмаса, блогерлардан ҳар ойда бирон ҳисобот талаб қилинмаса, блогерлардан бирон солиқ ёки давлат божи ундирилмаса, уларнинг рўйхатини тузишдан ва шакллантиришдан нима наф?

Россия Федерациясида блогерлар билан боғлиқ қонун биздан бироз олдинроқ қабул қилинди. Ўша қонунда агар қайсидир блогернинг шахсий блогига бир кунда 3 минг нафардан кўпроқ киши ташриф буюрса, ўша блогга расмий ОАВ мақоми берилиши қайд этилганди. ОАВ ва блог ўртасида фарқ катта. ОАВнинг мажбуриятлари блогга қараганда 10 чандон, балки ундан ҳам кўпроқдир. Бирон муаммо чиққанда ОАВга бериладиган жазо, блогга нисбатан юқори бўлиши ҳам табиий.

Шу сабабли Россия Федерациясидаги кўплаб блогерлар мазкур қонунни хавотир билан қарши олишди. Муҳокамалар чоғида кескин фикрлар, танқидий мулоҳазалар билдирилди. Бир қатор блогерларнинг хавотирлана бошлагани, юрагига ғулғула тушгани ҳам рост.

Ҳозирги кунни олиб қарайдиган бўлсак, Россиядаги махсус қўмитада махсус бўлим очилиб, улар расман блогерларни назорат қилиш билан шуғулланмоқда. Сабаби оддий, кимнинг блогига қанча одам кирганини билиш, кузатиш, қайд этиб бориш керак-ку.

Мана шуни “расмий назорат” деб қабул қилишингизни сўрар эдим. Бизнинг юртимизда бундай назорат юритилмайди, сабаби бизда қабул қилинган Қонун нормасига кўра, бунга эҳтиёж ҳам, зарурият ҳам ва асосийси бундан фойда ҳам йўқ.

УНДА БУ ҚОНУН НИМАГА КЕРАК?

Яхши савол. Қонун қабул қилиндими, демак, у жамиятдаги бирон бир ижтимоий (иқтисодий, маданий ва ҳ.к.) муаммони ҳал қилиш, унга ечим топиш ёки юзага келиши мумкин бўлган муаммони олдини олиш вазифасини ҳам ўз ичига олади.

Хўш, блогерлар ҳақида қонун қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад нима эди?

Энг аввало шуни алоҳида қайд этиш жоизки, “блогер” деган тушунча илгари миллий қонунчилигимизда бўлмаган. Лекин блог юритиш билан боғлиқ тажриба юртимизда бир неча йиллардан буён шаклланиб келган ва сўнги йилларда жадал ривожланиб бормоқда десак ҳам муболаға бўлмайди.

Мазкур қонун биринчи навбатда “блогер” ким эканлигига расмий тушунча берди.

Иккинчидан блогерлик фаолияти билан шуғулланишни бошлаган шахсларга баъзи бир мажбуриятларни юклади. Асосий тушунмовчиликларнинг ўчоғи мана шу ерда, аслида. Кўпчилик Қонунга кўра, блогерларга янгидан-янги мажбуриятлар юкланди дея жар солмоқда. Аммо бу хато фикр.

Келинг мажбуриятларни бир кўриб чиқайлик. Блогер ўз блогида Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этмаслиги керак. Хўш, Сизларга савол: Нима, мазкур Қонун қабул қилингунгача, блогерлар бемалол ўз блогида конституциявий тузумга қарши даъват этиши мумкинмиди? Йўқ, албатта! Мумкин эмасди аввал ҳам.

Блогер ўз блогида уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилмаслиги керак. Хўш, яна ўша савол: Қонун қабул қилингунгача, урушни тарғиб қилиш мумкинмиди?

Блогер ўз блогида давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этмаслиги керак. Қонун қабул қилингунгача, давлат сирини ошкор этса бўлармиди?

Блогер ўз блогида миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатмаслиги керак. Қонун қабул қилингунгача, блогда миллий адоват қўзғатиш мумкинмиди?

Блогер ўз блогида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилмаслиги керак. Қонун қабул қилингунгача, тарғиб қилса бўлармиди?

Ёки Қонун қабул қилингунгача, блогда порнографияни тарғиб қилиш мумкинмиди?

Ҳаммасига жавоб битта: йўқ, илгари ҳам мумкин эмасди!

Юқоридаги хатти-ҳаракатлар содир этилганда блогерлар Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларнинг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилар эди.

Демак, хулоса қилиш мумкинки, мазкур Қонун блогерлар елкасига янги чеклов ва мажбуриятлар юклаб қўйгани йўқ. Шунчаки, аввал бор ва мавжуд бўлган қоидалар такрорланган. Фақат ўзини на ОАВ, на оддий фуқаролар сирасига қўша олмай, боши қотиб юрган блогерларга расмий ном, расмий мақом берди, холос.

ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?

Ҳеч нарса! Ҳаёт аввалгидек давом этаверади. Агарда Сиз блогер бўлсангиз ва блогингизда жамият учун фойдали, Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ахборотлар тарқатсангиз, унда ҳеч иккиланмай, ҳеч хавотир тушмай, яна ёзишда давом этаверинг.

Унутманг, Сизнинг ўз муштарийларингиз ва мухлисларингиз бор, ҳурматли блогерлар!

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (19)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Битта фикр

  1. Raxmat to’liq tushuntirganingiz uchun!