Yangi hujjatlar

2012: Ютуқлар, қувончлар, нохушликлар…

Йил тугамоқда. Умримизнинг бир қисми якунланмоқда.
Йил ҳам автобус бекатларига ўхшайди. Умримиздаги бекатлар… Биз бир бекатдан иккинчи бекатга қараб йўл оламиз. Қайсидир бекатда кимларнидир қолдирамиз, яъни ҳаётимиздан кимлардир чиқиб кетади. Бекатдан кимларнидир оламиз, яъни ҳаётимизда янги инсонлар, дўстлар, қадрдонлар, оила аъзолари пайдо бўлади ва ҳ.к.
Мана хозир ҳам биз янги бекатга етай деб қолдик. Оз қолди. Аммо энг муҳими, биз бир нарсани билмаймиз: охирги манзилгача яна қанча қолганини. Бу охирги бекат бўлсачи? Балким ҳали яна узоқйўл юрармиз? Яна нечта бекат бор? Бу саволлар жавоби тақдири азал измида, бунга илмимиз етмайди.
Қандайдир маюсроқ чиқаяпди-я гапларим? Майли, бу ҳақида кўп гапирмай қўя қолай. Фақат бир маслаҳатим, худди шу мавзудаги Қаҳрамон Аслановнинг “Ғанимат” номли мақоласини ўқинг. Кўп нарса оласиз.
Энди асл иддаога ўтсам. Ўзи бу мақолани ёзишимдан мақсад, ўтган йилни ўзим учун сарҳисоб қилиш эди. Кўпчилик инсонлар кун, ҳафта, ой, йил якунида мана шундай сарҳисоб қилишади ўзлари учун. Улар орасида Сиз ҳам бўлсангиз керак-а?
Хуллас, 2012 йил менинг ҳаётимда қандай ўтди деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Энг эсда қоларли воқеаларни ёдга оламан. Гарчи бу мақолам менга яна бир бор мақтанчоқлик тамғасини қўйса-да, аммо бошланаётган янги йил олдидан ўзимнинг кайфиятимни ўзим кўтармоқчиман 🙂
Мундарижа:
2012: Энг муҳим воқеа
2012: Йил ҳордиқлари
2012: Заковат
2012: Харидлар хир-паради – ТОП-3
2012: Тадбирлар хит-паради – ТОП-5
2012: Телефон ёмғири меники 🙂
2012: Тўйлар муборак
2012: Нохушликлар
2013: Режалар
2012: Энг муҳим воқеа
Ушбу йилда шахсан мен учун энг муҳим воқеа, бу – магистратура босқичини тугатиб, “ҳуқуқмагистри” даражасини олганим бўлди. Ҳар ҳолда янги поғона, янги даража, янги диплом 🙂 Ўз олдимга қўйган мақсадлар йўлида яна битта зинапоя босиб ўтилди. Ишқилиб, яхши кунларга хизмат қилсин, илоҳим.
 
 
2012: Йил ҳордиқлари
1.         Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, дейишади. Худди шу нақлга амал қилган ҳолда, бу йил бироз ҳордиқчиқаришга ҳам улгурдим. Йил бошида, январ ойидаги таътилда курсдошлар билан учрашдик. Қашқадарё, Касбиликкурсдошимиз бизни овга таклиф қилди. Бухородан, Навоийдан курсдошлар келишди. Институтни тугатгач, ҳамма ҳар қаёққа тарқаб, бир-биримизни анча соғинган эканмиз, “дўстлар дийдоридан” баҳра олдик. Чўлда, совуқда, қорда ов қилиш, ерга қазилган ўчоқда овқат қилиб, гулҳандаги човгунда қайнаган чойни ичиб, дўстларинг билан хушчақчақлик қилишга нима етсин-а?! Оҳ, оҳ, оҳ
 
 
2.             2012 йилда биринчи марта ишдан меҳнат таътилига чиқдим. Тасодифий тасодиф туфайли, ёзги таътил вақтида Зомин тоғларида дам олиш имконияти пайдо бўлиб қолди (Мурод акага раҳмат!) ва бундан унумли фойдаландим!
Лекин-чи, сизга ҳам маслаҳатим, агар мабодо қаердадир ҳордиқ чиқармоқчи бўлсангиз, ўйланмасдан “Зомин” санаториясига боринг, маааазза қиласиз! Ажойиб манзара, гўзал тоғлар, инсон баҳри дилини очадиган тоза ҳаво. Арча ҳидини айтмайсизми, арча ҳидини! Эээээрта саҳардан тоғ тепасига чиқиб, қайноққина эчки сутини ичиб, қозонда пиширилган иссиққина патирни устига ёғқуйиб есангиз, бай, бай, бай
Умуман олганда санатория шарт-шароитлари, муолажалари ҳам жуда яхши. Боринг, кўрасиз. Борганлар эса, фикримни тасдиқлашади деган умиддаман.
 
 
2012: Заковат
Тугаётган йил “Заковат” Интеллектуал клубидаги 9-йил бўлди мен учун. Янги жамоамиз билан (Жобир Аҳмедов жамоаси) илк марта Олий Лигада ўйнадик. Ярим финалгача бордик.Афсуски ярим финалдаги мағлубият жамоамизга Финалда ўйнашга тўсқинлик қилди.
Лекин мен ва жамоамиздан Жобир Аҳмедов ҳамда Умид Наримовлар Финалда ўйнадик. Саидкамол Абдураззоқов томонидан ташкил этилган “Заковат” терма жамоаси таркибида. Ушбу Финал мен учун кетма-кет олтинчи Финал бўлди. Афсуски ҳал қилувчи баҳсда ҳам мағлуб бўлдик. Ҳа, майли, Финалда ютқазиш бўйича ҳам катта тажрибам бор 🙂
Энг қизиғи, негадир фақат жуфт йилларда ютқазиб, тоқ йилларда чемпион бўлган эканмиз. Яъни, 2007, 2009, 2011 йилларда Бобур Ёқубов жамоаси билан чемпион бўлганмиз. Лекин 2008, 2010 ва ниҳоят 2012 йилларда Финалда ютқазиб қўйганмиз.
2012 йилда экранда ўтказган ўйинларим:
1.              Олий Лига-2012: 1-ўйин. Ҳисоб: 3-6
2.             ОЛ-2012: 2-ўйин. Ҳисоб: 6-2
3.             ОЛ-2012: Чорак финал. Ҳисоб: 6-5
4.             ОЛ-2012: Ярим финал. Ҳисоб: 4-6
5.             ОЛ-2012: ФИНАЛ. Ҳисоб: 4-6
6.             Саралаш. ОЛ-2013. Ҳисоб: 6-4
ЖАМИ Ҳисоб: 29-29!
Демак, ушбу йил мен учун дўстона дуранг билан якунланибди 🙂
2012: Харидлар хир-паради – ТОП-3
2012 йилда бир қанча харидларни ҳам амалга оширдим. Улардан кучли учлик қуйидагича:
3-ўрин: Февраль ойида iPhoneнасиб қилди. Ростини айтсам, шу вақтгача ўзим iPhone’ни ёқтирмасдим. Олаётганда ҳам бироз иккилангандим. Лекин кейинчалик бу телефон менга жуда ёқди. Энди мен ҳам iOSфанатларидан бириман 🙂
2-ўрин:Ниҳоят ушбу йилда, аниқроғи 10 ноябрь куни ноутбук сотиб олдим. Анчадан буён олишни ният қилиб юргандим, ниятим амалга ошди. Хозир ҳам ушбу битикларни Ноутбукда ёздим 🙂
1-ўрин:Худога шукур ушбу йилда оиламиз учун энг катта харид, бу – шубҳасиз уй-жой бўлди. Зангиота туманида қурилаётган намунали уй-жойлардан бири бизга ҳам насиб қилди. Хозирда ҳовлида жадал қурилиш ишлари кетмоқда, айтишларича, насиб қилса, Наврўз арафасида кўчиб киришимиз мумкин бўларкан. Оллоҳга шукур!
 
 
2012: Тадбирлар хит-паради – ТОП-5
5-ўрин:20 декабрь куни “Ёшлар ижодиёти саройи”да йил якунларига бағишлаб “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси”нинг ҳисобот онлайн-конференцияси ўтказилди. Ушбу конференцияда “Келажак овози” ЁТМ активисти сифатида иштирок этиб, интернет орқали келган саволларга жавоб беришда санъатимиз вакилларига ёрдам бердим. Хусусан, Мурод Ражабов, Ҳосила Раҳимова, Муниса Ризаева, Руҳшона, Шахзода, Нилуфар Усмонова шулар жумласидандир. Айниқса, Мурод Ражабов билан саволларга жавоб бериш ўзгача завқ бағишлади 🙂
 
 
4-ўрин:16ноябрькуни “Пойтахт” савдо марказининг конференсиялар залида “Дилемма” Республика дискуссион форумининг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда ўзбек лига эксперти сифатида иштирок этдим. Экспертлар сафида юртимизга таниқли инсонлар, хусусан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Нодир Жумаев, Миллий телерадиокомпания раиси ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо ва ЖИДУ профессори Алишер Файзуллаевлар ҳам бор эди.
 
 
3-ўрин:23апрелькуни “Жар” стадионида “Ҳаёт учун футбол” хайрия футбол шоуси ўтказилди. Ушбу футбол шоусида 3 та жамоа иштирок этди: Хонандалардан ташкил топган “Бирровчилар” жамоаси, актёрлардан ташкил топган “Хижолат” жамоаси ва бизнинг “Келажак овози” жамоаси. Мен ўзимнинг севимли позициям – дарвозани қўриқладим. Менинг рақобатчиларим худди мен каби озғингина инсонлар эди – “Бирровчилар”да Абдулла Тангриев, “Хижолат”да эса Шукрулло Исроилов 🙂
Биз хонандаларга қарши ўйнадик ва 4-1 ҳисобида ғалаба қозондик. Ягона голни ҳам ўзимизникилар уришди менга (автогол), бегона қилмадим 🙂

 

 
2-ўрин:Ушбу йилда иккинчи марта юртимизда ўтказиладиган энг катта давлат тадбирларидан бири бўлган Мустақиллик байрамидастурида иштирок этдим. Миллий боғда кўтаринки руҳда ташкиллаштирилган мазкур байрам дастури, ҳар йилгисиданда шукуҳли ва гўзал тарзда нишонланди.
 
 
1-ўрин:2012 йилда замонавий “Бунёдкор” стадионининг очилиши нафақат футбол ихлосмандлари учун, балки бутун халқимиз учун қувонарли воқеалардан бири бўлди десам адашмаган бўламан. Мазкур арена ҳақида кўп гапирмоқчи эмасман, йўқса, шундоқҳам чўзилган мақола 10 чандон чўзилиб кетади. Нима демоқчи бўлганимни тушундингиз, хуллас, 28сентябрькуни стадионнинг тантанали очилиш маросимида қатнашдим. Юртбошимизнинг шахсан ўзлари иштирок этган мазкур тадбир, футболимизда янги саҳифа очиб берган бўлса ажаб эмас! Шундан сўнг, ўсмирларимиз чемпион бўлишди, ёшларимиз ЖЧга чиқишди, катталаримиз гуруҳда 1-ўринга кўтарилиб олишди. Илоҳим, бундайин зафарли юришлар кейинги йилларда ҳам бардавом бўлсин ва биз мухлислар юртимиз ғалабасидан доим хурсанд бўлиб юраверайлик!
 
 
2012: Телефон ёмғири меники 🙂
Ушбу йил мен учун телефонларга бой йил бўлди 🙂 Йил бошида харид қилганимниайтдим. Ундан ташқари бирой ичида 3 та телефон ютиб олдим ҳам.
Дастлаб, Stadion.uzсайти томонидан ўтказилган “Журналистлар танлови”да Олимпиада-2012 га бағишланган мавзудаги “Хафа бўламан” номли мақолам ғолиб бўлди ва телефон совға қилишди(Қаҳрамон Аслановга беришса гап-сўз бўлади дейишган).
Кейин эса “Beeline” компаниясининг Facebook’даги саҳифасида ўтказилган танловда ғолиб бўлдим ҳамда телефон ва USB-модем ютиб олдим.
Кўп ўтмасдан, “Ucell” компаниясининг худди шундай саҳифасидаги танловда ҳам кучли учликдан ўрин эгаллаб, телефон соҳибига айландим.
 
 
Агар Муҳрим менинг таклифимга хўп деб, Ucell ва Beeline ҳақидаги биргаликда сенсацион катта мақолани ёзишга вақт ажрата олганда эди, яна бир телефон нақд бўларди. Камида Samsung Galaxy SIII 🙂 Аммо насиб қилмаган экан, ҳа, майли.
Э, хуллас, телефон деҳқончилик бўлди 2012 йилда 🙂
2012: Тўйлар муборак
“Мустаҳкам оила йили” деган ном кўпчиликка қаттиқтаъсир қилди шекилли, жуда кўп тўй бўлди ушбу йилда.
Курсдошлардан:
1.       Атоев Фаррух Анварович (Бухоро бордик)
2.      Ашурова Гавҳар Султоновна
3.      Саҳибов Сайфиддин Ибатович
4.      Нуралиев Аброржон Эркинович
5.      Усмонова Маҳлиё Абдуғаниевна
6.      Эргашев Азамат (Денов бордик)
7.      Хатамов Равшан Абдунабиевич (Жиззах бордик)
8.     Муратов Жахонгир Дилшодович
Заковатчилардан:
1.       Умид Наримов
2.     Жобир Аҳмедов (!!!)
3.      Зафар Мадаминов
Қариндошлар ва бошқа дўст-у ёронларда ҳам кўп тўй бўлди. Хусусан, Мулла Чустий жаноблари ва Тўлқин ака Юсуповлар, шулар жумласидандир. Тўйлар кўўўўп бўлаверсин, ўзбекка тўй ярашади…
Зерикмадизми?! Оз қолди.
2012: Нохушликлар
Юқорида фақат яхши нарсалар ҳақида гапирдим. Муаммолар, хатолар, муваффақиятсизликлар ҳам бўлди. Аммо улар ҳақида эслагим йўқ. Муаммолар билан Сизнинг бошингизни қотирмоқчи, кириб келаётган янги йил арафасида кайфиятингизни бузмоқчи эмасман. Ортимизда қолаётган йилдан фақат яхши хотираларни сақлаб қолмоқчиман холос. Сизга ҳам шуни маслаҳат берар эдим.
Тўғри, бу йилда баъзи жудоликлар ҳам бўлди. Дўстим, устозларим, узоққариндошларим. Жойлари жаннатдан бўлсин…
Тўғри, 2012 йилда хатолар қилдим, кўпчиликнинг дилини оғритдим, кўпчиликни хафа қилдим. Балки хозир ушбу мақолани ўқиётганлар орасида ҳам бордир улар. Узр сўрайман…
Тўғри, 2012 йилда қилинмаган ишлар, мағлубиятлар, амалга ошмаган орзулар бўлди. Кейингиларига интиламан…
Лекин бир нарса мени қувонтиради. Беҳисоб шукр-ки, ота-онам ва яқинларим бахтимга соғ-саломат. Айнан хозир муаммоларим йўқ. Борлари ҳам арзимас. Демак, менда ҳаммаси жойида. Янги зафарлар сари қўрқмасдан олға боришим мумкин! Ўзи қўлласин!
Сиз ҳам кириб келаётган 2013 йил арафасида, ўзингизда ҳаммаси яхши эканлигига ишонтиринг. Шукр қилинг. Олға интилинг. Мана кўрасиз, Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади! 🙂
2013: Режалар
Хозирча, бутун йилга режа тузиб чиқмадим. Аммо энг яқин турганларидан, насиб қилса, эртага, яъни 1 январь куни бошланиши билан, янги йил кириши билан дадажонимни туғилган кунлари билан табриклайман. Улар эртага 50 ёшга тўладилар. Илоҳим, бизни бахтимизга соғ-саломат бўлсинлар, умрлари узоқ бўлсин!
Шунингдек, катта эҳтимолки, янги ишга ўтишим мумкин, насиб қилса. Бундан ташқари, яна бир қанча лойиҳаларни амалга оширишга аҳд қилганман, ТВда, интернетда ва ҳ.к.
Энг асосийларидан бири, илмий ишни бошлашни ният қилганман. Хозирча шулар.
Шу билан тамом. 2013 йилда Сизга ва оилангизга бахт-саодат, мустаҳкам соғлик, файзу барака тилайман! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат! Яхши кунларда кўришгунча! 🙂
P/S: Ҳа, айтганча, ушбу йилда мана шу блогни ҳам очдим. Бу ҳам бир янгилик бўлди мен учун.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (6)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

6 фикр

  1. Улуғбек Қулмуродова

    Барча эзгу ниятларингиз амалга ошишига тилакдошман укам, "Янги йил"да соғлик омонлик, қувонч ва омад тилайман, ОТА-ОНАларимиз бахтимизга ОМОН бўлишсин!!!