2014 йил 1 июль куни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув муассасалари ўқувчилари ўртасида «Баркамол авлод-2014» спорт мусобақалари ўтказилиши якунлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига имзо чекди.
Қарорда қайд этилишича, 29-31 май кунлари Наманган шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида «Баркамол авлод-2014» спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
Мусобақаларнинг якунловчи босқичида спортнинг 16 тури бўйича 996 нафар спортчи қатнашди. Тошкент шаҳри, Наманган ва Самарқанд вилоятлари жамоалари мусобақаларда энг яхши натижаларга эришди.
Шу билан бирга, орқада қолган жамоалар (Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси) натижаларининг таҳлили ушбу минтақаларда ёшларни спорт билан шуғулланишга жалб этиш ишлари зарур даражада ташкил этилмаганлигини кўрсатди.
Қарорда спорт объектларининг бандлиги республика бўйича бир кунда 9,5 соат бўлгани ҳолда ушбу кўрсаткич Сирдарё вилоятида бир кунда 8,8 соатни, Жиззах вилоятида 9,0 соатни, Қорақалпоғистон Республикасида 9,3 соатни ташкил этаётганлиги таъкидланган.
Шунингдек, яна бир камчилик сифатида болалар спорт объектларини тренерлар, айниқса аёл тренерлар билан бутлаш ишлари етарлича олиб борилмаётганлиги кўрсатилган. Аёл тренерларнинг улуши республика бўйича ўртача 25,4 фоиз бўлгани ҳолда ушбу кўрсаткич Жиззах вилоятида 18,4 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида 23,5 фоизни ташкил этади. Олий маълумотли тренерларнинг республика ўртача кўрсаткичи 46,6 фоиз бўлгани ҳолда улар улуши Сирдарё вилоятида 25,2 фоизни, Жиззах вилоятида 41,3 фоизни ташкил этади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Тошкент шаҳри ҳокими Р.Ж.Усмановга, Наманган вилояти ҳокими Б.Т.Юсуповга ва Самарқанд вилояти ҳокими З.Т.Мирзаевга ташаккурнома билдирилди.
Ўз навбатида Спорт объектларидан фойдаланишнинг етарлича самарадорлиги таъминланмаганлиги ва жамоаларнинг қониқарсиз якуний натижалари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Б.Я.Янгибоевга, Сирдарё вилояти ҳокими О.Ш.Ашурматовга ва Жиззах вилояти ҳокими С.У.Исмаиловга ҳайфсан эълон қилинди.
Шунингдек, «Баркамол авлод-2014» ёшлар ўйинларининг бошланғич босқичларига тайёргарлик кўриш ва ўтказишдаги нуқсонлар ва камчиликлар учун Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори У.З. Салимов огоҳлантирилди, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари Х.Ф. Зикриллаевга эса ҳайфсан эълон қилинди.
Ишда йўл қўйилган камчиликлар учун қуйидаги раҳбарлар лавозимидан озод қилинди:
Сирдарё (Б. Исматов) ва Жиззах (М. Юсупов) вилоятлари маданият ва спорт ишлари бошқармалари бошлиқлари;
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари (Д. Калхурозов);
Қорақалпоғистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи (Д. Иззатуллаев).
Сирдарё (Н. Эгамбердиев) ва Жиззах (Ш. Турдиев) вилоятлари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқларига ҳайфсан эълон қилинди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб жойлардаги мутасадди шахслар зимасига қуйидаги вазифалар ҳам юкланди:
болаларни жисмоний тарбия ва спорт билан тизимли шуғулланишга жалб этишни янада кенгайтириш (60 фоизгача), айниқса қишлоқ жойларда ва қизларнинг шуғулланишини кенгайтириш (камида 45 фоизгача);
республиканинг етакчи спортчилари, жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ва Осиё ўйинлари, халқаро турнирларнинг ғолиблари ва совриндорларининг республика минтақаларида маҳорат дарсларини доимий асосда ташкил этиш;
мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари ва инвентарь билан жиҳозлаш, тренерлар, тарбиячилар таркиби, юқори малакали мутахассислар билан (аёл тренерлар улушини камида 30 фоизгача етказган ҳолда) бутлаш.
Barkamol avllod bayrog’idagi xatolikni qilganlarga ham hayfsan e’lon qilish kerak)