ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИШ МУДДАТИ – жиноят қонунига кўра, агар жиноят содир этилган кундан бошлаб қуйидаги муддатлар: а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб – уч й.; б) унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб – беш й.; в) оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб – ўн й.; г) ўта оғир жиноят содир этилган кундан бошлаб (ушбу м.нинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно) – ўн беш й. ўтиб кетган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади. Жавобгарликка тортиш муддати жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳукм қонуний кучга кирган кунгача ҳисобланади. Агар жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахс тергов ёки суддан яширинса, муддатнинг ўтиши тўхтатилади (ЖК 64-м.). Айбдор ушланган ёки айбини бўйнига олиб арз қилган кундан бошлаб муддатнинг ўтиши қайтадан тикланади. Агар оғир ёки ўта оғир жиноят содир этган шахс ушбу м.да назарда тутилган муддатлар ўтмасдан қасддан янги жиноят содир этса, муддатнинг ўтиши узилади. Бундай ҳолда жавобгарликка тортиш муддатлари янги жиноят содир этилган кундан бошлаб ҳисобланади. Қолган ҳолларда, агар шахс жавобгарликка тортиш муддатлари ўтмасдан янги жиноят содир этса, бу муддатлар ҳар бир жиноят учун алоҳида ҳисобланади. Агар жиноят содир этилган кундан бошлаб йигирма беш й. ўтган бўлса, шахс жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Жавобгарликка тортиш муддати тинчлик ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.(муал. – И.Беков)
Шахсни жавобгарликдан озод қилишни судлар томонидан чикариладими ёки тергов жараёнида хам тугатиш мумкинми? Шахс судланган хисобланадими?