Yangi hujjatlar

Никоҳдан ажрашаётганда эр-хотин мулки қандай бўлинади?

Савол: Турмуш ўртоғим билан судга ажралиш ҳақида ариза бердик. Сўрамоқчи бўлганим, ажралиш масаласи ҳал қилинаётганда умумий мол-мулкимизни бўлиш қандай тартибда амалга оширилади? Мол-мулкдаги улушимизни белгилашда нималар эътиборга олинади?
 
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасига асосан, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олиниши мумкин.
Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади.
Оилавий муносабатлар тугатилганда, суд эр ва хотин алоҳида яшаган даврда орттирган мол-мулкни улардан ҳар бирининг ўз мулки деб топиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 28-моддасига асосан, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади.
Суд вояга етмаган болалар манфаатларидан ва(ёки) эр ва хотиндан бирининг эътиборга лойиқ манфаатини ҳисобга олиб, жумладан, агар эр ёки хотин узрсиз сабабларга кўра даромад олмаган бўлса ёхуд эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини оила манфаатларига зарар етказган ҳолда сарфлаган бўлса, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушлари тенглигидан чекинишга ҳақлидир.
Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда эр ва хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда ҳар иккаласи ўртасида тақсимланади.
Агар эр ва хотиндан бири умумий мол-мулкни эр ёки хотиннинг эркига зид равишда ва оила манфаатига мос бўлмаган ҳолда ўз хоҳишига кўра сарфлаган ёки бошқа шахсга ўтказган бўлса, уни бўлишда бу мол-мулк ёки унинг қиймати ҳисобга олинади.
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (158)
  • Йўқ (111)
  • Бироз (48)

3 фикр

  1. Никохдан ажрашганига 4 йилча булди, энди мол-мулкни булиб олиш хукуки кандай?