Yangi hujjatlar

Апелляция жараёнида абитуриентнинг ота-онаси ҳам қатнашиши мумкинлиги ҳақидаги қоида бекор қилинди

2014 йил 6 август куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор натижасида Тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга бир қатор ўзгаришлар киритилди.

Энг аввало, апелляция бериш муддатига ўзгартириш киритилди. Илгари хабар берганимдек, 2014 йил 27 июнь кунидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар учун апелляция бериш муддати 30 кундан 15 кунга ўзгартирилган эди.

Ўша қоида Тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ҳам киритилди. Аниқроқ айтганда, ДТМ директори қарори билан тасдиқланган Низом Вазирлар Маҳкамасининг Низомига мувофиқлаштирилди.

Шунингдек, апелляция ўтказиш тартибига яна бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Энг асосий ўзгартириш абитуриентларнинг ота-оналари апелляция жараёнларига бевосита иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилингани бўлди.

Низомнинг 96-бандининг аввалги таҳрири қуйидагича эди:

96. Апелляция шикояти уни берган шахс иштирокида кўриб чиқилади. Апелляцияни кўриб чиқишда абитуриентнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилари иштирок этишга ҳақли.

Янги таҳрирда эса, қуйидагича қоида келтирилган:

96. Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.

Демак, хулоса қилиш мумкинки, энди ота-оналар апелляция жараёнларига киритилмайди. Апелляция шикояти фақат абитуриент иштирокида кўриб чиқилади.

Кейинги ўзгариш бу апелляция бериш шаклида бўлиб, унга кўра эндиликда абитуриент апелляция шикояти кўриб чиқилаётган вақтда фақат ёзма тарзда ўз норозилигини баён қилиши керак. Апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест синовида йўл қўйган нотўғри жавоблари рўйхати ҳамда тестда тушган саволлар китоби берилади. Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри чиққан саволига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади.

Навбатдаги ўзгартириш титул варақасини нотўғри тўлдирган абитуриентларга тегишли бўлиб, Низомга киритилган янги қоида биноан, абитуриент томонидан жавоблар варақаси, саволлар китоби ёки титул варақаси ушбу Низомда белгиланган тартибда тўлдирилмаган, шунингдек тест синовидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.

Бундан ташқари апелляциянинг кўриб чиқиш муддати олиб ташланди. Яъни Низомнинг эски таҳрири 94-бандига кўра, апелляция ўн кунлик муддатда кўриб чиқилиши лозим эди. Янги таҳрир бўйича, апелляция кўриб чиқиш учун ҳеч қандай муддат белгиланмаган. Фикримча, апелляция шикояти “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқилади ва 1 ойгача муддатга чўзилиши мумкин.

Шунингдек, Низомга киритилган яна бир ўзгаришга биноан, эндиликда апелляция шикояти кўрилаётган аудиторияга абитуриент уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар (луғат, жадваллар бундан мустасно) олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирса, апелляция жараёнида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса, абитуриентларга ёрдам берса ёки ёрдам олса, аудиторияга халақит берса, саволлар китоби варағини йиртса, абитуриент апелляция шикоятини кўриб чиқиш тартибини бузган ҳисобланади ва апелляция комиссияси аъзолари томонидан далолатнома тузилиб, апелляция жараёнидан четлаштирилади ва унинг эътирози қайта кўриб чиқилмайди. Бундай қоида илгари йўқ эди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (33)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (12)

4 фикр

  1. kirish imtihonida biroz ball yetmay qolganlarni qachondan boshlab qabul qilishadi?