Юртимиздаги мобил алоқа операторлари билан боғлиқ мавзу ўтган йилдан буён энг оммабоп ва кенг муҳокама қилинаётган мавзулар хит-парадида 1-ўринга кўтарилиб олганига анча бўлди.
Алоқа бозорида яққол ҳокимлик қилаётган икки компания бир-бири билан ўзаро рақобати мобайнида турли янгиликлар ўйлаб топишга, шундоқ ҳам кўп абонентини яна кўпайтиришга ҳаракат қилишмоқда. Шу сабабдан иккала компания ҳам абонентлар учун оригинал хизматлар ўйлаб топиш, уларни кенг миқёсда реклама қилиш борасида ишлар олиб бормоқда.
Гапни кўпайтирмасдан, асосий мавзуга ўтаман.
“Билайн” (“Unitel” МЧЖ ва “Buzton” ҚК МЧЖ) алоқа оператори 2013 йилнинг 31 март куни ўзининг янги “Зўр-Зўр МегаБит” тарифини ишга туширганлиги ҳақида расмий сайти орқали маълумот берганди. Компания томонидан тайёрланган ушбу тариф режасининг рекламаларида кунига 5 Мб дан сўнг Интернетдан бепул фойдаланиш имконияти мавжудлиги таъкидланган.
Аммо тариф режасининг шартларига жиддийроқ эътибор берсак, аслида ундай эмаслигини кўриш мумкин. Тариф режаси ҳақидаги маълумотларга илова сифатида кичкина шрифтларда қуйидагича изоҳ берилган:
“Кунига 5 Мбдан сўнг бепул. Биринчи 5 Мб Интернет нархи $0.07/Мб ни ташкил қилади.
Технологик чеклаш кунига 25 бепул Мб ларни ташкил қилади, улар тугагандан сўнг Интернет тариф режасига асосан тарифланади. Бепул Мб лар кейинги кунга ўтказилмайди”.
“Zo’r-zo’r MegaBit” тариф режаси рекламаси |
“Zo’r-zo’r MegaBit” тариф режаси изоҳи || Beeline.uz |
Албатта ушбу ёзув мижозларни чалғитиши табиий. Сабаби реклама қилинаётганда катта қилиб, “Кунига 5 Мб дан сўнг БЕПУЛ ИНТЕРНЕТ”деб ёзиб қўйилган. Хўш, нега рекламани ўзидаёқ “Кунига 5 Мб дан сўнг 25 мб Бепул интернет” деб ёзилмаган?! Алоҳида, кичик шрифтларда ёзишдан мақсад нима? Мақсад, мижозларни чалғитишми?
Интернет тармоғида кўпчиликнинг ушбу масаладаги эътирозларини ўқиб, бу ҳақида қонунчилик нима дейишига қизиқиб кўрдим. Ва у ердан кўплаб ажойиб нарсаларни топдим.
Гап шундаки, “Реклама тўғрисида”ги Қонунга биноан “Билайн” компаниясининг мазкур рекламасини нотўғри реклама деб топиш учун асослар мавжуд. Мазкур Қонуннинг 13-моддасига кўра, ноаниқлиги, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, Қонунда нотўғри реклама тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.
Ушбу Қонун нормасидан келиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра юқорида таъкидлаган “Билайн” рекламасини нотўғри деб топиш мумкин:
1) “Билайн” компаниясининг юқоридаги рекламасида ушбу хизматдан фойдаланувчиларни чалғитувчи маълумот мавжуд. Чунки “Зўр-зўр МегаБит” тариф режасида 5 мегабайтдан сўнг Интернет чексиз текин эмас, у суткасига бор-йўғи бепул 25 мегабайтни тақдим этади холос. Ундан ошган трафиклар учун абонентлар пул тўлашда давом этишади. Демак, рекламани чалғитувчи деб топиш мумкин.
2) Ушбу рекламани бўрттириб юборилган деб ҳисобласак ҳам бўлади. Яъни 5 мб трафикдан сўнг суткасига бор-йўғи 25 мб текин трафик берилади холос, лекин компания кун давомида БЕПУЛ Интернет тақдим этилади деб бўрттириб юборишган. Йўқса, тасаввур қилинг, эртага қайсидир бошқа алоқа компанияси кунига 5-10 дақиқа текин гаплашишни тақдим қиладида, “Бизда кун давомида VIP гаплашинг” дея реклама қилади. Хўш, шу тўғрими?
3) Ушбу рекламани ноаниқ реклама деб топиш учун ҳам асослар мавжуд. Менимча, бунга ортиқча изоҳ шарт эмас.
4) Шунингдек, мазкур реклама натижасида шахсларга, яъни компаниянинг ушбу тариф режасидан фойдаланувчи абонентларига моддий ва маънавий зарар етиши мумкинлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Чунки барча абонентлар ҳам кичкина, кўз илғаши қийин бўлган шрифтларда берган маълумотини ўқишмаган ёки улар компания таъкидлаганидек “технологик чеклаш”ни билишмайди. Бу ҳақида ҳам қонунчиликда махсус қоида мавжуд. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига кўра, истеъмолчининг товар (иш, хизмат) ҳақидаги нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товар (иш, хизмат)нинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилиши кераклиги белгиланган.
Кўриб турганингиздек, “Билайн” компаниясининг “Зўр-зўр МегаБит” тариф режасини тарғиб қилувчи рекламалар нотўғри реклама бўлиб, уларнинг натижасида истеъмолчиларга, компания мижозларига асоссиз зарар етказилиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд.
Мазкур хулосага келганимдан сўнг, бу борада бирон амалий чора кўриш учун ҳаракат қилишга қарор қилдим. “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра, рекламани нотўғри деб топиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат Қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари қабул қилади. Шу сабабли ҳам, ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат Қўмитасига тегишли тартибда хат билан чиқдим. 24 май куни топширилган хатимга Қўмита томонидан 19 июнь куни жавоб олдим. Ушбу жавоб хати Қўмита раисининг ўринбосари У.Турдиев номидан бўлиб, унда қуйидагилар ёзилган эди:
“Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат Қўмитаси Сизнинг мурожаатингини ўрганиб чиқиб қуйидагиларни маълум қилади.
“Реклама тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талабдир.
Қўмита томонидан, “Билайн” савдо маркаси остида реклама қилинган “Зўр-зўр МигаБит” тарифи ўрганиб чиқилиб, ҳақиқатдан ҳам тариф режасидаги технологик чеклов, кичкина шрифтларда берилганлиги ва бу ўз навбатида истеъмолчилар учун асосий ахборотни олишлари учун қийинчилик туғдираётганлиги маълум бўлди.
Шу муносабат билан, ушбу ҳолатлар бўйича уяли алоқа компаниясига нисбатан тегишли кўрсатма бериш юзасидан иш олиб борилаётганлигини маълум қиламиз”.
Демак, Қўмита ҳам реклама кўнгилдагидек эмаслигини қайд этган ва компанияга тегишли кўрсатма бериш юзасидан иш олиб борилаётганлигини таъкидлашган. Жавоб хати Қўмита номидан 10 июнь кунги сана билан чиқиш рўйхатидан ўтказилганлигини ҳисобга олсак (почтамиз хатни 9 кунда Тошкентдан Тошкентга олиб келибди), ўтган давр мобайнида компанияга қандайдир тегишли кўрсатма берилганлигига ва бу борада бирон амалий ҳаракат амалга оширилишига умид қилиб қоламан.
BUni oldinam kutarishgandi. Afsus hozirgacha bilayn reklamalari uzgargani yuq