Yangi hujjatlar

Чет тиллар ўқитувчиларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартибига қандай ўзгаришлар киритилди?

2015 йил 19 январь куни Давлат тест маркази директорининг “Чет тиллар ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги буйруғи қабул қилинди. Унга кўра, Низомга бир қатор ўзгаришлар киритилди.

Қандай ўзгаришлар киритилганлигини бирма-бир кўриб чиқамиз:

1-ўзгариш: Низомнинг 1-банди қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилди:

«Тест синовларида иштирок этиш ихтиёрий бўлиб, ўқитувчининг истагига кўра амалга оширилади.
Давлат тест маркази томонидан бериладиган Чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги малака сертификати бўйича С1 даражасига, IELTS (International English Language Testing System) сертификати бўйича 7,0 балл ва ундан юқори баллга, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) (IBT) сертификати бўйича 110 балл ва ундан юқори баллга, Test DaF (Test Deutsch als Fremdsprache für ausländische Studienbewerber), GOETНE-ZERTIFIKAT, DALF (Diplôme approfondi de langue française), DELE (Diplomas de Español como Lengua Extranjera) сертификатлари бўйича С1 даражасига эга бўлган ўқитувчилар мазкур ҳужжатларнинг амал қилиш муддати давомида тест синовидан ўтишлари талаб этилмайди.».

2-ўзгариш: Тест синовлари давомида ўқиш бўлими учун эндиликда 60 дақиқа бериладиган бўлди. Илгари ушбу бўлимга 75 дақиқа вақт берилган. Эслатиб ўтаман, ўқиш бўлимида ўқитувчининг ярим-аутентик ва аутентик матнларнинг асосий мазмунини ҳамда сўралган махсус маълумотларни англаб олиш даражасини аниқлашга йўналтирилади, 30 та саволдан иборат бўлади.

3-ўзгариш: Тест синовларидан чет тилини ўқитиш методикаси бўлими чиқариб ташланди. Эслатиб ўтаман, илгари мазкур бўлим ўқитувчининг таълим муассасасида чет тилидан педагогик фаолият юритиш учун зарур назарий билимларга эгалигини аниқлашга йўналтирилган бўлим эди.

4-ўзгариш: Тест синовлари давомида ёзиш бўлими учун эндиликда 60 дақиқа бериладиган бўлди. Илгари 45 дақиқа эди. Эслатиб ўтаман, ёзиш бўлими — ўқитувчининг грамматик тузилмалар ва сўзларни тўғри ишлатган ҳолда берилган мавзулар бўйича яхлит матнлар ёза олиш даражасини аниқлашга йўналтирилади, камида 150 та ва 250 та сўздан иборат жавоблар талаб қилинадиган 2 та мавзудан иборат бўлади.

5-ўзгариш: Ариза бериш муддатига ўзгартириш киритилди. Яъни эндиликда аризалар почта алоқаси ёки Давлат тест марказининг интернетдаги расмий сайти орқали ҳар йили апрель ва ноябрь ойларида қабул қилинадиган бўлди. Илгари муддат кўрсатилмаган эди.

6-ўзгариш: Илгари тест синовларини ўтказишда таълим муассасаларининг ходимлари шартнома асосида аудитория раҳбари ва кузатувчиси сифатида жалб этилар эди. Ҳозирда “шартнома асосида” деган қисми чиқариб ташланди, шунингдек таълим тизимидан мутахассислар нафақат аудитория раҳбари ва кузатувчиси, балки Давлат тест маркази вакили сифатида ҳам иштирок этиши мумкинлиги белгиланди.

7-ўзгариш: Тест синовларига келмаган ўқитувчилар бўйича кенгроқ тушунтириш берилди. Илгари келмаган ўқитувчилар тест синовларини топшириш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари лозим дея белгиланган эди. Эндиликда ушбу банд таҳрирланиб, тест синовларига узрли сабабларга кўра (касаллиги, хизмат сафарида бўлганлиги ва ҳ.к.) келмаган ўқитувчилар узрли сабаб юз берганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган тақдирда, тест синовларини топшириш учун тўлов ундирилмаган ҳолда умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари мумкин дея белгиланди.

8-ўзгариш: Тест синовлари жараёнида олинган видеотасвирларнинг сақланиш муддати қисқартирилди. Илгари видеотасвир тест синовлари жараёни бўйича эътирозлар бўлганда фойдаланиш учун Давлат тест марказида 3 йил давомида сақланарди. Эндиликда ушбу муддат 1 йилга ўзгартирилди.

9-ўзгариш: Тест синовларидан олинадиган минимум ўтиш балли камайтирилди. Илгари тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар бўлимларидан ихтиёрий бири бўйича белгиланган максимал баллнинг 50 фоизидан кам балл тўплаган ўқитувчининг ёзма иши текширилмас, натижада ўқитувчи тест синовининг 2-босқичига қўйилмас эди. Ҳозир ушбу банд ўзгартирилиб, 40 фоизга туширилди. Яъни максимал маллнинг 40 фоизидан кам тўплаган ўқитувчининг ёзма иши текширилмайди.

10-ўзгариш: Тест синовлари натижалари Давлат тест марказининг расмий сайтида эълон қилиниши белгиланди. Бунга кўра, гапириш бўлими бўйича тест синовлари ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ичида барча бўлимлар бўйича тест синови натижалари интернетда эълон қилинади.

11-ўзгариш: Тест синовидан муваффақиятли ўтган ўқитувчиларга маълумотнома бериш тартиби бироз ўзгартирилди. Бунга кўра, илгари маълумотномалар ўқитувчининг ўзига берилиши назарда тутилган эди. Эндиликда ушбу маълумотномалар таълимни бошқариш бўйича махсус ваколат берилган давлат органларига ҳам берилиши мумкинлиги қайд этилди.

12-ўзгариш: Чет тилидан малака ва уни билиш даражаси бўйича тест синовидан ўтганлик ҳақида маълумотнома барча турдаги таълим муассасалари учун бир хил кучга эга деган янги банд киритилди.

13-ўзгартириш: Апелляция шикояти бўйича янги қоидалар киритилди. Унга кўра, апелляция шикоятини ёзиш учун ўқитувчига тест материаллари (саволлар китобининг асли, жавоблар варақасининг нусхаси, ўқитувчи томонидан белгиланган нотўғри жавоблар рўйхати, ёзма ишнинг нусхаси, гапириш бўлими бўйича берилган саволлар) берилади. Апелляция шикоятида ўқитувчи аниқ асосланган эътирозларини кўрсатиши лозим.
Тест синовларини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича Низомда белгиланган тартибни бузиш ҳолатлари юзасидан апелляция шикояти тест синовининг тегишли босқичи ўтказилган куни берилиши лозим.

14-ўзгартириш: Тест синовларидан муваффақиятли ўтиш учун тўплаш лозим бўлган баллар миқдори камайтирилди. Илгари тест синовларининг барча бўлимлари бўйича белгиланган максимал баллнинг 60 фоизи ва ундан ортиқ балл тўплаган ўқитувчилар тест синовларидан муваффақиятли ўтган деб ҳисобланар эди. Эндиликда тест синовларининг тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар бўлимларининг ҳар биридан белгиланган максимал баллнинг камида 40 фоизини, гапириш ва ёзиш бўлимларининг ҳар биридан белгиланган максимал баллнинг камида 50 фоизини тўплаган ўқитувчилар тест синовларидан муваффақиятли ўтган деб ҳисобланади.

15-ўзгартириш: Кўпчиликда нотўғри тушунча уйғотмаслиги учун, ўқитувчининг тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаслиги у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун асос бўлмайди дея белгиланган эди. Янги ўзгартиришларга кўра, ушбу банд таҳрирланди ва тест синовларидан ўта олмаслик ўқитувчиларни нафақат ишдан бўшатиш, балки уларга бошқа интизомий жазо чораси қўллаш учун ҳам асос бўлмайди дея қайд этилди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (39)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (4)

Битта фикр

  1. Chet tilii o’qituvchilari uchun kerakli maqola