Yangi hujjatlar

Президент ва бошқа номли давлат стипендияларини олиш тартиби қандай?

Ҳуқуқий асос

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ҳамда номли давлат стипендияларини ва уларни тайинлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорига асосан белгиланган.

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ДАВЛАТ СТИПЕНДИЯЛАРИ ҲАҚИДА

Президент стипендиялари кимларга берилади?

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган давлат олий таълим муассасалари (бакалавриат ва магистратура бўйича алоҳида) талабаларига.

Қайси йўналишлар бўйича берилади?

Президент стипендияси квотаси (ўн битта) қуйидаги таълим йўналишларидан ҳар бири бўйича биттадан стипендия ҳисобидан бакалавриат ва магистратура учун алоҳида-алоҳида тақсимланади:

  • қишлоқ ва сув хўжалиги;
  • техника ва информатика;
  • соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот;
  • ижтимоий-гуманитар ва ижтимоий фанлар;
  • табиий фанлар;
  • бизнес ва бошқарув;
  • педагогика;
  • маданият, санъат ва спорт;
  • хорижий тиллар;
  • ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар;
  • журналистика.

 Талабага стипендия беришда қайси мезонларга қаралади?

Талабаларга Президент стипендиясини тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:

  • умумтаълим тайёргарлигини илмий-тадқиқот (ижодий ишлар) ишлари билан уйғунлаштириш;
  • йўналишлар бўйича конференция (танлов)ларда қатнашиш;
  • камида иккита эълон қилинган ишлар (асарлар)нинг мавжудлиги;
  • тилларни – давлат тилини ва битта хорижий чет тилини билиш (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари), бакалавриатдаги таълим йўналиши ёки магистратурадаги мутахассислик хорижий тил бўлган тақдирда эса қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш талаб қилинади;
  • Ўзбекистон тарихини билиш.

Мазкур мезонларни билиш қандай ўлчанади?

Тилларни, ахборот технологияларини, Ўзбекистон тарихини билиш бўйича талаб даражаларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги белгилайди.

Талабгорлар ушбу фанлар бўйича ўз билим даражасини аниқлаш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида (минтақалар бўйича) махсус тест синовлари топширадилар.

Тартиби қандай бўлади?

  1.  Талаба ОТМ илмий кенгашига тегишли ҳужжатларни топширади;
  2. ОТМ илмий кенгашлари яширин овоз бериш орқали, оддий кўпчилик овоз билан номзодларни кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилади;
  3. ОТМ маъмурияти илмий кенгаш қарори асосида стипендия тайинлаш ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тавсиянома жўнатади;
  4. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинланишидан аввал талабгорларнинг белгиланган мезонларга мувофиқ билим ва илмий (ижодий) тайёргарлик даражасини пухта экспертизадан ўтказади;
  5. Вазирликда тузилган танлов комиссияси талабгорларнинг якуний танловини яширин овоз бериш йўли билан ўтказади ҳамда талабгор ва унинг иши учун овоз беришда иштирок этган комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми овоз берганда талабалар номзодини Президент стипендиясини тайинлаш учун тавсия қилади;
  6. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати танлов комиссиясининг қарорини тасдиқлайди.
  7. ОТМ маъмурияти талабага стипендияни тайинлаш ва тўлаш ҳақида буйруқ тайёрлайди.
  8. Стипендияга сазовор бўлган талабаларга “Президент стипендиясининг соҳиби” гувоҳномаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати мажлисида тантанали равишда топширилади.

Қандай ҳужжатлар топшириш керак?

Талаба дастлабки кўриб чиқиш учун ОТМ илмий кенгашига қуйидагиларни топширади:

  • синов дафтарчасидан кўчирма;
  • деканат, кафедра тавсияномаси;
  • илмий (ижодий) иш аннотацияси;
  • раҳбарнинг фикр-мулоҳазалари;
  • илмий (ижодий) ишга тақриз;
  • илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари.

Барча ҳужжатлар икки нусхада тақдим қилинади. Ҳужжатларнинг ҳар бир тўплами жилдга жойланади, ҳар бир жилд муқовасида ишни тақдим қилган муассасанинг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ишнинг номи кўрсатилади.

Қачон кўриб чиқилади?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта кўриб чиқади. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати – 1 – 15 август, кўриб чиқиш муддати – 10 – 25 сентябрь.

Қандай имтиёз бор?

Президент стипендияси соҳиблари бўлган талабалар ОТМни битиргач, икки йил давомида грант асосида магистратурага (бакалавр-стипендиатлар) кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.

Қандай чекловлар бор?

Кундалик дарсларни ўзлаштирмайдиган, ўқув интизомини ва илмий одоб-ахлоқни бузган талабаларни ўқув йили мобайнида стипендиядан маҳрум қилиш тасарруфида талаба ўқиётган ОТМ бўлган вазирликлар ва идораларнинг тақдимига биноан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати қарори билан амалга оширилиши мумкин.

 

НОМЛИ ДАВЛАТ СТИПЕНДИЯЛАРИ ҲАҚИДА

Қандай номли давлат стипендиялари бор?

Ўзбекистонда 5 хил номдаги давлат стипендиялари бор. Булар:

  1. Беруний;
  2. Ибн Сино;
  3. Навоий;
  4. Улуғбек;
  5. Имом ал-Бухорий.

Неча нафар талабага стипендия берилади?

2014/2015 ўқув йили бўйича олинган маълумотга кўра, номли давлат стипендиялари жами 127 нафар талабага берилган.

Шундан:

Стипендия номи Ажратилган квота сони
1 Навоий

59

2 Беруний

40

3 Улуғбек

16

4 Ибн Сино

9

5 Имом ал-Бухорий

3

 Қайси курс талабаларига берилади?

Номли давлат стипендиялари бакалавриат бўйича ўқиётган охирги икки курс талабаларига тайинланади. Масалан, 4 йиллик ўқишда 3-4 курслар, 7 йиллик ўқишларда эса 6-7 курс талабаларига тайинланади.

Талабага стипендия беришда қайси мезонларга қаралади?

Стипендияларни тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:

аъло ўқиш ва илмий (ижодий) ишларда иштирок этиш;

тилларни – давлат тилини ва битта хорижий (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) тилни билиш, бакалавриатдаги таълим йўналиши хорижий тил ҳисобланган алоҳида ҳолларда қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш; Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар учун эса ўқиш олиб бориладиган тилни қўшимча равишда билиш талаб қилинади.

Тартиби қандай бўлади?

  1. Талаба ОТМ илмий кенгашига тегишли ҳужжатларни топширади;
  2. ОТМ илмий кенгашлари яширин овоз бериш орқали, оддий кўпчилик овоз билан номзодларни кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилади;
  3. ОТМ маъмурияти илмий кенгаш қарори асосида стипендия тайинлаш ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тавсиянома жўнатади;
  4. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади;
  5. ОТМ маъмурияти талабага стипендияни тайинлаш ва тўлаш ҳақида буйруқ тайёрлайди;
  6. Стипендияга сазовор бўлган талабаларга махсус гувоҳномалар берилади ва талабаларнинг ўқиш жойида тантанали вазиятда топширилади.

 Қандай ҳужжатлар топшириш керак?

Талаба дастлабки кўриб чиқиш учун ОТМ илмий кенгашига қуйидагиларни топширади:

  • синов дафтарчасидан кўчирма;
  • деканат, кафедранинг тавсияномаси;
  • илмий (ижодий) иш раҳбарининг фикр-мулоҳазаси;
  • тиллар кафедрасининг суҳбат натижалари ҳақидаги маълумотномаси.

Барча ҳужжатлар жилдга тикилган ёки папкага жойланган ҳолда тақдим этилади. Муқовада номли давлат стипендиясининг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, факультети, курси, гуруҳи кўрсатилади.

Қачон кўриб чиқилади?

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта кўриб чиқади. Кўриб чиқиш муддати – 10 – 25 сентябрь.

Қандай имтиёз бор?

Номли давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар бакалавриатни тугатганидан сўнг бир йил мобайнида, тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз, грант асосида қабул қилинадилар.

Қандай чекловлар бор?

Талабаларни кундалик дарсларни ўзлаштирмаганлик, ўқув интизомини ва илмий одоб-ахлоқни бузганлик учун ўқув йили мобайнида номли давлат стипендияларидан маҳрум қилиш ОТМ тақдимномаларига биноан тегишли вазирликлар ва идоралар буйруқлари билан амалга оширилиши мумкин.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (845)
  • Йўқ (50)
  • Бироз (61)

28 фикр

  1. salom Xushnud aka menda maqola bo’yicha savol bor edi. savolim prezident stipendiyasi yoki nomli davlat stipendiyalari necha yil to’lanadi yoki magistrlik davrida ham to’lanadimi? 2-savolim hozirgi kunda prezident va har bir nomli stipendiyalar miqdori qancha ekanligini qayerdan bilsam bo’ladi? javob uchun raxmat
    e-mail: hercules@umail.uz