Yangi hujjatlar

Қайси бири тўғри: «sentabr» ёки «sentyabr»?

Ушбу мақола “Тилга эътибор – элга эътибор” лойиҳаси доирасида чоп этилган. Лойиҳа ҳақида батафсил қуйидаги манзилда ўқинг.

Юртимизда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганига ҳам 21 йил вақт бўлди.

Лотин ёзуви биз учун бегона эмас аслида. 1929 йилда араб графикасига асосланган ўзбек алифбосидан лотин графикасига асосланган алифбога ўтган эдик ва бу алифбо 11 йил давомида, 1940 йилгача амал қилган.

Гарчи янги Қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлсада, лотин ёзувига асосланган алифбо борасида ҳали-ҳануз баҳс-мунозаралар тўхтамайди. Баҳс мавзусининг асосини кўпчилик лотинча ноқулай, катта авлод учун ўрганиш қийин деган фикрда эканлиги ташкил этади.

Баъзилар лотин ёзувига асосланган алифбода ў, ғ ҳарфларини ёзиш қийинлигини таъкидлашади. Яъни махсус белгини, тутуқ белгисининг тескарисини, ёзиш муаммоси баҳсларнинг диққат марказида туради.

Ҳақиқатдан жуда кўп жойларда «o’» ёзилади, аслида эса «o‘» бўлиши керак. «‘» белгиси ў, ғ ҳарфларида ишлатиладиган белги, «’» белгиси эса – кирилл ёзувидаги ъ ҳарфини билдиради.

Агар бирон жойда «O’zbekiston» деб ёзилган бўлса, бу кириллчадаги «Оъзбекистон» сўзига тўғри келади.

Хуллас, шунақа муаммо бор. Баъзилар мазкур ҳарфларни тўғри ёзиш компьютерда ҳам, мобил қурилмаларда ҳам қийинчилик туғдиришини таъкидлаб, ҳатто яна кириллчага қайтиш кераклигини ҳам уқтиришади. Аммо мен юқоридаги муаммони алифбони ўзгартириш даражасидаги жуда жиддий асос деб ҳисобламайман. Агар гап фақат тўғри ёзишда кетса, унда аслида компьютер ва мобил қурилмаларда кириллчадаги қ, ғ, ҳ, ў ҳарфларини ёзиш битта апостроф қўйишдан кўпроқ машаққат ва муаммо туғдириши аниқ.

Менимча, мавзудан анча четлашиб кетдим. Бугунги муҳокама мавзуси аслида бу эмасди.

Бунданда жиддийроқ гап чиқиб қолди.

Эсимда, бошланғич синфдалигимизда бизга “Лотин тили” деган дарс ўқитиларди. Йўқ, бу шифокорларга ўқитиладиган лотин тили эмас, балки лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўргатадиган фан эди. 1998 йилда эса, яъни 4-синфдалигимизда биз тўлиқ лотин ёзувига ўтган эдик. Таълим тизимида лотин ёзувига тўлиқ ўтган дастлабки авлод биз бўлганмиз.

Ўша вақтларда телевиденияда лотин ёзуви ҳақида кўрсатувлар бериларди. Ўша кўрсатувларда кириллчадан фарқли равишда лотинчада алоҳида ёзиладиган сўзларга кўпроқ урғу бериларди. Аниқ эсимда ўша кўрсатувлар орқали фамилиям Xudayberdiev эмас, балки Xudayberdiyev ёзилишини билиб олганман. Tsirk эмас, sirk ёзилиши эсимда қолган. Sentyabr эмас, sentabr ёзилиши ҳам айнан ўша дастурлар орқали таъкидланган.

Бунга ҳам 15-16 йиллар бўлиб қолди. Умуман олганда шунча давр ичида ҳар доим тилшуносларимиз sentabr, oktabr, budjet каби ёзилишини таъкидлаб келишган. Анча йиллар бунга ўрганиш, кўникиш қийин бўлди. Лекин таъкидлаш лозимки, сўнги йилларда деярли барча sentabr ёзилиши кераклигини тушунди, шунга амал қила бошлашди. Буни айнан мана шундай имловий хатоларнинг камайганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин.

Лекин яқинда ОАВларда кўп тилга олинган, энг янги чиққан имло луғати ушбу мақолани ёзишга туртки берди.

2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти томонидан филология фанлари доктори, профессор Н.М.Маҳмудов таҳрири остида “Академнашр” нашриётида чоп этилган 85 мингдан ортиқ сўзни ўзида мужассам этган “O‘zbek tilining imlo lug‘ati” кенг жамоатчиликда катта қизиқиш билан кутиб олингани бор гап.

imlo-2013

Мазкур луғат икки хил ёзувда: ҳам лотин, ҳам кирилл ёзувида алоҳида луғат шаклида чоп этилган.

Бизни қизиқтирган савол лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг имло луғатидан жой олган.

imlo-2013-2

Мазкур луғатнинг кириш қисмида тилшунос тузувчилар томонидан тавсиялар ҳам берилган бўлиб, унда шу бугунги кунгача тилшунослар томонидан илгари суриб келинган айрим имло қоидалари танқид остига олинади (тавсияларнинг тўлиқ матни).

Бунда асосан иккита тушунмовчилик ҳақида сўз юритилган:

1. ё, ю, я, е (сўз ўртасида унлидан ҳамда айириш ва юмшатиш белгиларидан кейин) ҳарфлари иштирок этган сўзларни;

2. ц ҳарфлари иштирок этган сўзларни ўзбек лотин ёзувида қандай ёзиш масаласи.

Луғатда таъкидланишича, Тил ва адабиёт институтининг етакчи тилшунослари рус тили орқали кириб келган ва таркибида ё, ю, я ҳарфлари бўлган русча ва байналминал сўзларни янги имлода барча ўринларда бир хил, яъни yo, yu, ya ҳарфлари билан ёзишни ва шу орқали бу соҳадаги ҳархилликни бартараф этишни мақбул йўл деб ҳисоблашган.

Бунга асос сифатида луғат тузувчилари юқоридаги ҳарфларнинг ёзилиши билан боғлиқ чалкашлик, англашилмовчиликларни ҳамда мазкур тавсияларга имло амалиётида нечоғлик риоя қилинаётганлигини (тўғрироғи, у қадар амал қилинмаётганлигини) ҳисобга олишганлигини (буни ўзбек лотин алифбосида чоп этилган бир қатор нашрларни кўздан кечириб ишонч ҳосил қилиш мумкин) таъкидлашган.

Луғатни варақлар экансиз, сентябрь – sentyabr, октябрь – oktyabr сўзларига дуч келасиз.

oktabr

Хўш, шунга нима бўпди, аксинча, қулайроқ бўлибди, ягона қолипга туширилибди-ку дейишингиз мумкин.

Ҳа, рост. Барча сўзлар бир қолипга келтирилган бўлса, бу шубҳасиз фойдали иш. Аммо мени бошқа нарса ўйлантирмоқда. Мазкур ўзгартиришларнинг ҳуқуқий асоси борми? Ўзи умуман олганда, ўзбек тилининг имлосидаги қатъий қоидаларни давлат даражасида ишлаб чиқадиган ҳамда эълон қиладиган бирон ташкилот борми?

Ахир ўзбек тили шахсий томорқа эмас-ку, хоҳлаган тилшунослар гуруҳи уни ўзгартиравергани. Истагани буғдой экса-ю, истагани пахта. Яна бир гуруҳи балки сабзовот экишни хоҳлар?! Мен тушунаман, тил қоидалари бўйича олимларнинг фикри турлича бўлиши табиий ҳол. Ахир бу фан, фанда бир хиллик бўлмайди. Лекин гап давлат тилининг имло қоидаси ҳақида кетаётганда турфа хилликка ўрин бормикин? Мана шу саволни ўзингизга ҳам бир бериб кўрингчи, ҳурматли тилшунослар.

15-16 йил sentabr дейишди, оммавий эълон қилишди. Ўша пайтда sentyabr ёзиш қулай-ку, нима кераги бор буни деган эътирозлар жуда кўп бора айтилди. Лекин барибир sentabr деб қабул қилинди. Халқ энди ушбу қоидага кўниккан, шу қоидага амал қила бошлаган пайтда, бир гуруҳ тилшунослар sentyabr хулосасига келишиб, катта ҳажмда ва кўп босмада имло луғати чоп этишди. Хўш, бундан 10 йиллар аввал ушбу тилшунослар қаерда эди? Нега ўша вақтда бу қоидани илгари суришмаганди?

Балким бундан 5-6 йил ўтиб Тил ва адабиёт институтига янги тилшунослар гуруҳи ишга кирса, яна sentabr вариантини қўллаб-қувватлашса нима қиламиз?

Ўртада ўзбек тили сарсон, ўртада халқ овора. Тағин телеэкранларда саводсизлик ҳақида соатлаб гапирамиз, муҳокама қиламиз. Аммо аслида мана шундай имло қоидаларининг ўзгартирилиши, тилшунослар ва филологлар ўртасида якдил ва умумий қоиданинг йўқлиги ҳам савод масаласига салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Гапимнинг исботи сифатида, 2012 йилда Т.Тоғаев, Г.Тавалдиева ва М.Акромовалар томонидан тузилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг Илмий кенгаши қарори билан нашрга тавсия қилиниб, “Шарқ” нашриётида чоп этилган “Ўзбек тилининг кирилл ва лотин алифболаридаги имло луғати”га эътибор қилайлик.

imlo-2012

Луғатнинг кириш қисмида қуйидагича дейилган:

imlo-2012-kirish

Кўриб турганингиздек, мазкур луғатда октябрь – oktabr шаклида ёзилган. Шунингдек, сентябрь ҳам sentabr шаклида қайд этилган.

Аммо мазкур луғат бироз ишончсиздек туюлади. Сабаби луғатнинг кириш қисмидаги суратга яна бир бор эътибор қилсангиз, буғдой ранг сўзи bugdoyrang тарзида ёзилганига гувоҳ бўласиз. Имло луғатининг ўзида имло хатоси борлиги ушбу луғатга нисбатан ишончсизлик руҳини уйғотиши табиий.

Ёки луғатнинг мана бу қисмига эътибор қилинг:

imlo-2012-byu

Ушбу расмда б ҳарфидан кейин ю ҳарфи келган вазиятда сўзлар икки хил ёзилган. Бюджет – budjet тарзида, қолган сўзлар эса byu- тарзида берилган. Яъни луғатнинг ўзида икки хил қоида, икки хил стандарт.

Яна асосий мавзуга қайтсак.

Хўш, бундан буён нима қиламиз? Sentabr ёзайликми ёки sentyabr? Шу саволга аниқ РАСМИЙ жавобни ким беради? Бирон масъул давлат ташкилоти борми?

Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти тилшунослари чиқарган луғатга ишонсак – sentyabr, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 августидаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари”га ишонсак – sentabr (қарорнинг иккита жойида sentabr сўзи келтирилган).

Ёки суббота ҳам, шестница ҳам мумкин деган тамойилга амал қилиб кетаверамизми?

Ўзи аслида ҳам шундай бўлиб қолди ҳисоб. Масалан, электрон ОАВлар орасида энг обрўли ва ишончли дея эътироф этиладиган, таъбир жоиз бўлса, қолган барча ОАВлар унга қараб “соатини тўғрилайдиган” Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги – ЎзА сайтига назар ташлаймиз. Ушбу сайтнинг лотин алифбосига мўлжалланган версиясида sentabr сўзи ҳам, sentyabr сўзи ҳам бор. Шунингдек, қидирсангиз oktabr ҳам, oktyabr ҳам чиқади. Энди ушбу сўзлар ишлатилган мақолаларнинг чоп этилиш муддатига разм соламиз.

Хусусан, 11-12-сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган саммитига доир хабарда sentabr ишлатилган (13.09.2014).

uza-sentabr

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларида дастлабки медалларни қўлга киритганлиги ҳақида ёзилган хабарда эса sentyabr ёзилган (20.09.2014).
uza-sentyabr

Бу каби ҳолат октябрь сўзида ҳам бор. Оқсаройда БМТ Тараққиёт дастурининг раҳбари Ҳелен Кларк қабули билан боғлиқ хабарда oktabr сўзидан фойдаланилган (17.10.2014).

uza-oktabr

Марказий сайлов комиссиясининг йиғилиши ҳақидаги хабарда oktyabr варианти ишлатилган (03.10.2014).
uza-oktyabr

Бундай мисоллар бисёр.

Энди марказий, расмий босма нашрларга ҳам бир назар солсак.

“Ўзбекистон овози” газетаси oktabr сўзини тўғри деб ҳисоблайди ҳамда Тил ва адабиёт институти тилшуносларининг oktyabr ёзилиши ҳақидаги тавсияларига амал қилмасликни маъқул кўришади.

“Ўзбекистон овози” газетасининг 16 октябрь сони

“Ўзбекистон овози” газетасининг 16 октябрь сони

Умуман олганда, марказий нашрларни кўришга ҳожат ҳам йўқ. Уларнинг деярли барчаси sentabr, oktabr вариантида қолишган. Хусусан, “Адолат”, “XXI asr”, “Ҳуррият”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Ишонч”, “Туркистон”, “Маърифат”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталари 2013 йилдаги Фанлар академияси тилшуносларининг тавсиясини қабул қилишмаган.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 24 октябрь сони

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 24 октябрь сони

“Адолат” газетасининг 17 октябрь сони

“Адолат” газетасининг 17 октябрь сони

“Ҳуррият” газетасининг 15 октябрь сони

“Ҳуррият” газетасининг 15 октябрь сони

“Ишонч” газетасининг 23 октябрь сони

“Ишонч” газетасининг 23 октябрь сони

“Маърифат” газетасининг 18 октябрь сони

“Маърифат” газетасининг 18 октябрь сони

“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 23 октябрь сони

“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 23 октябрь сони

“Туркистон” газетасининг 22 октябрь сони

“Туркистон” газетасининг 22 октябрь сони

“XXI asr” газетасининг 23 октябрь сони

“XXI asr” газетасининг 23 октябрь сони

Наҳотки, шу сўзларнинг тўғри ёзлиши бўйича якдил фикр бўлмаса?

Тўғриси бошларим оғриб кетди. Адашиб кетдим ўзим ҳам. Шу мавзуни очишга очдиму, кейинчалик ўзимни худди Эркин Аъзамнинг “Атойининг туғилган йили” асаридаги қаҳрамондек ҳис қила бошладим. Боши ва охирини йўқотиб қўйдим бу мавзуда. Афсуски саволларимга аниқ жавоб топа олмадим.

Балки Сизда жавоб бордир?

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (603)
  • Йўқ (35)
  • Бироз (21)

22 фикр

  1. Тугриси узи, мана шу лотин алифбосига утмаслик керак эди. Кирилчада ёзавериш керак эди. Хамма сарсон саргардон. Укийман деган одамга алифбони канака булиши умуман мухим эмас!