2014 йил 1 апрель – фуқаролар учун 2013 йилги жами даромадлари тўғрисидаги декларацияларни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш муддатининг охирги куни, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси расмий сайти.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан жисмоний шахслар 2013 йилги:
– мулкий даромадлари, шунингдек фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлари (агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса);
– асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлари;
– икки ёки ундан кўп манбадан олинган даромадлари;
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлари ҳамда,
– солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олган даромадлари юзасидан 2014 йилнинг 1 апрелига қадар жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишлари лозим.
Жисмоний шахслар жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига:
– шахсан ташриф буюрган ҳолда;
– почта хизматидан фойдаланиб, буюртма хат орқали;
– Давлат солиқ қўмитасининг махсус интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда электрон шаклида тақдим этишлари мумкин.
Агар, жисмоний шахслар жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаса, ўз вақтида тақдим этмаса ёки унда атайин нотўғри маълумотларни кўрсатган ҳолда тақдим этса, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддаси 3-қисмига асосан энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Солиқ декларацияларини тақдим этмаган фуқароларга нисбатан қўлланилган ушбу маъмурий жазо чоралари, уларни тегишли давлат солиқ хизмати органларига жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияларни тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
Шу билан бирга, агар фуқаро даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаган бўлса, давлат солиқ хизмати органи ўзидаги мавжуд маълумотлар асосида солиқ суммасини энг юқори ставка бўйича ҳисоблаб чиқариб, фуқарога тўланиши лозим бўлган ҳисобланган солиқ суммаси тўғрисида билдиришнома топширишга ҳақлидир.
Шунингдек, Қўмита сайтида жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадларини декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ҳам маълумот берилган бўлиб, унда қайд этилишича, агар жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадидан унинг аризасига кўра солиқ энг юқори ставка асосида ушлаб қолинган бўлса, декларация тақдим этилмайди.
Мол-мулкини ижарага бериш орқали даромад олаётган жисмоний шахслар томонидан, ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки декларация ҳамда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этилиши лозим. Мол-мулкни ижарага беришдан даромад олиш тугаган тақдирда жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органини бу ҳақда ёзма хабардор этиши лозим.
Шу ўринда, солиқ тўловчида «Мол-мулк ижарасидан олинадиган даромадларга энг кам ставкада солиқ солинса, йил якуни билан ҳеч қандай қўшимча даромад солиғи ҳисобланмайди. Нима учун 1 апрелга қадар жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этилиши лозим?», – деган савол туғилиши мумкин.
Жисмоний шахсга даромад солиғидан имтиёз олиш ҳуқуқи айнан ушбу декларация асосида берилади. Бундан кўринадики, жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларациянинг тақдим этилиши фақат жисмоний шахснинг манфаати учун хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 574- ва 603-моддаларига ҳамда Уй-жой кодекси 86-моддасига мувофиқ фуқаролар ўртасида тузилган кўчмас мулкни – уй-жойни ва нотурар жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт. Ижара шартномасининг бўлмаслиги ёхуд унинг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 159¹-моддасига мувофиқ энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.
Жисмоний шахслар даромадлари тўғрисидаги декларация асосида ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлашлари лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 181-моддасига биноан мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг белгиланган энг кам ставкаси бўйича солиқ солинади. 2014 йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси 7,5 % миқдорида белгиланган.
Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, жисмоний шахслар томонидан турар жойларни кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр ичида бир мартадан ортиқ реализация қилишдан олинадиган даромадларга солиқ солиниши белгилаб қўйилган.
Ўн икки ойлик давр – турар жойни биринчи марта реализация қилинган санадан бошлаб ҳисобланади. Кўчмас мулк – турар жой ўн икки ойлик давр ичида иккинчи ва кейинги бор реализация қилинганда солиқ солиниши керак бўлган даромадлар биринчи кўчмас мулк – турар жой фонди объектини реализация қилишни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Кўчмас мулк объектлари – у турар жой бўлса ҳам, нотурар жой фонди бўлса ҳам – реализация қилинишидан олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси бўйича солиқ солинади.
менинг назорат тартибида курилиш даъво аризамга кура сиртдан чикарилган карор вилоят фукоролик судининг 1- инстанция судининг карори билан бекор килинди.кейинги жараён кандай давом этади.Этибор учун олдиндан рахмат.