Yangi hujjatlar

Қайта молиялаш ставкаси 14% гача ошди. Кредит тўлаётганлар эски қийматда тўлайдими ёки оширилган ставкада?

Марказий банк Бошқаруви жорий йилнинг 28 июнь кунидан қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилди.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши жорий йилнинг ўтган даврида инфляция суръатларининг тезлашиши ҳамда инфляцион хатарларнинг ортишини чеклаш бўйича чораларни кучайтириш заруриятининг юзага келганлиги билан изоҳланди.

Бунгача қайта молиялаш ставкаси 2015 йил 1 январдан буён 9% қийматда эди.

Шу ўринда кўпчиликда савол туғилмоқда, қайта молиялаш ставкаси билан белгиланган кредитлардан бирини олган ва бугунгача йиллик 9% қийматда кредит тўловларини амалга ошириб келаётганлар энди нима қилади? Эски фоиз бўйича тўлайдими ёки оширилган қайта молиялаш ставкасига кўра, йиллик 14% қийматда тўлашни бошлайдими?

Буни аниқлашнинг йўли оддий.

Қайта молиялаш ставкаси бўйича кредит олган шахслар банк билан тузилган кредит шартномасига кўз югуртиришлари лозим. Шартноманинг “Кредит шартлари” бўлимида кредит бўйича фоиз ставкаси кўрсатилган бўлади.

Агар фоиз ставкаси шартномада аниқ 9% қилиб белгиланган бўлса, унда гарчи қайта молиялаш ставкаси 14% га ошган бўлса ҳам, лекин эски қийматда (9%) тўланаверади.

Агар шартномада фоиз ставкаси “жорий қайта молиялаш ставкаси бўйича” дея кўрсатилган бўлса, унда 28 июндан бошлаб оширилган 14% да тўланади.

Аммо аксарият банклар шартномада аниқ фоизни кўрсатади, шу сабабли кўпчилик хавотир олмаса ҳам бўлади.

Масалан, “Камолот” уйлари учун ажратиладиган кредитлар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сонли қарорига асосан қайта молиялаш ставкасига тенг бўлган фоизли ставка билан 20 йил муддатга берилади.

Мақолани тайёрлаш чоғида ана шундай “Камолот” уйини олганлардан бири билан боғландим ва шартномасидан нусха беришни илтимос қилдим.

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ билан тузилган шартноманинг 2.4-бандида қуйидагича қоида киритилган:

“Кредит бўйича фоиз ставкаси — йиллик 9 (тўққиз) фоиз”.

Демак, ушбу танишим қайта молиялаш ставкаси ошганлигидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Жорий кредитига бу таъсир қилмайди.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (104)
  • Йўқ (13)
  • Бироз (6)

4 фикр

  1. Maqolaga qo’shimcha. 9% dan olingan ta’lim kreditlari Ta’lim krediti tog’risidagi qarorga asosan joriy qayta moliyalashtirish stavkasi bo’yicha o’zgaradi.