Yangi hujjatlar

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод сифатида рўйхатга олиндим

Ассалому алайкум, ҳурматли дўстлар!

Бугун Сиз азиз муштарийларга бир хабарни мамнуният билан етказишга қарор қилдим.

2014 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақида elections.uz сайтида хабар берилган.

Ушбу мажлисда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олди.

Эътиборли томони, мен ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 119-Чироқчи сайлов округидан номзод сифатида рўйхатдан ўтдим. Менинг номзодим “Адолат” социал-демократик партияси томонидан кўрсатилган.

Қачонлардир менга кимдир 25 ёшингда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат сифатида номзодингни қўясан, деганда ишонмасдим, албатта. Аммо замонлар ўзгариб, кечаги орзулар бугунги ҳақиқатга айланиб бормоқда. Бундай масъулиятни елкага олиш, осон иш эмас, бироқ уриниб кўришга арзийди.

Энди рақиблар ҳақида. Айтиш жоизки, 119-Чироқчи сайлов округидан номзод сифатида рўйхатдан ўтган қолган номзодлар – жуда кучли! Йўқ, буни ҳеч бир муболағасиз айтяпман.

Улар билан танишинг:

Марказий сайлов комиссияси қароридан скриншот

Марказий сайлов комиссияси қароридан скриншот

Қулматов Фозил Тулаганович – 1975 йил.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатилган.
Лавозими: Ўзбекистон Фермерлари Кенгаши ижроия этувчи аппарати бошқарувчиси
Яшаш жойи: Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани

Рахматов Саттор Неъматович – 1973 йил.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатилган.
Лавозими: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати.
Яшаш жойи: Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани
С.Рахматов 2009 йилда бўлган аввалги сайловларда 119-Чироқчи сайлов округидан сайланган депутат. Қонунчилик палатаси расмий сайтидаги маълумотларга кўра, Китоб туманида туғилган. Мутахассислиги – врач-педиатр.

Эшмаматов Зафар Қабулович – 1979 йил.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Қашқадарё вилоят филиали бошқарувчиси
Яшаш жойи: Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани.

Бундай рақиблар билан курашиш, уларга муносиб қаршилик қилиш осон иш эмаслигини ҳозирдан ҳис қилиб турибман. Аммо энди ортга йўл йўқ. “Шу жойгача етиб келишнинг ўзи катта ютуқ” дея жимгина ортга қайтиш менинг принципларимга тўғри келмайди.

— Эмас осон бу майдон ичра турмоқ.
Алишер Навоий.

Сайловолди кампанияси давомида Чироқчи халқининг ишончини қозонишга, ўзимнинг салоҳиятим ва билимларим депутатликка муносиб эканлигини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, бу қўлимдан келади. Умуман олганда, бунга бошидан ишонмаганимда номзодимни кўрсатмаган ҳам бўлар эдим.

Энди овоз масаласида. 119-Чироқчи сайлов округида 165 минг саккиз юз нафар сайлов ёшига етган аҳоли бор. Округ ҳудуди қуйидагича:

119-Чироқчи сайлов округи
(Маркази — Чироқчи шаҳри, туман давлат санитария-эпидемиология назорат маркази биноси)

Чироқчи туманининг Чироқчи шаҳри, Жар, Уймовут, Кўкдала, Айритом шаҳарчалари; “Қалқама”, “Кўкдала”, “Ҳумо” (“Коммуна”), “Лангар”, “Жар”, “Уйшун”, “Қумдарё”, “Шўрқудуқ”, “Эски Анҳор”, “Янги ҳаёт”, “Додиқ”, “Қаҳрамон”, “Уймовут”, “Мирзатўп”, “Торжилға” қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудлари чегараларида (165,8).

Амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, камида 50 фоиздан битта кўп овоз олган номзод депутатликка сайланади. Бу дегани 119-Чироқчи сайлов округидан сайланадиган депутат салкам 83 минг овоз олиши керак. Агар биринчи босқичда биронта номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаса, унда иккинчи босқич ўтказилади. Ушбу босқичда биринчи босқичда энг кўп овоз олган икки нафар номзод танлаб олинади ва улардан қайси бири иккинчи босқичда кўпроқ овоз олса, ўша номзод ғолиб бўлади.

Хуллас, олдимда турган вазифа қанчалар улканлигини ҳис қилиб улгурдингиз, менимча.

Энди ёш ҳақида.
Сайлов қонунчилигига кўра, сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган фуқаролар Қонунчилик палатасига сайланиш ҳуқуқига эга.

Мен 1989 йил Чироқчи туманида таваллуд топганман ҳамда жорий йилнинг июнь ойида роппа-роса 25 ёшга тўлдим.

Агар тарихга эътибор берсак, 25 ёшида депутатликка номзоди қўйилган шахслар аввал ҳам бўлган. Масалан, 2009 йил Парламент сайловларида ягона 25 ёшли номзод бўлган. Ўша сайловларда 42-Косонсой сайлов округидан 1984 йилда таваллуд топган Мадатов Сардор Абдухошимовичнинг номзоди қўйилган. Ушбу номзод ҳам “Адолат” социал-демократик партияси номидан кўрсатилган.

Жорий йилдаги сайловларда эса энди икки нафар 25 ёшли номзод рўйхатдан ўтди. Мендан ташқари, 46-Учқўрғон сайлов округидан Ходжиев Иброхим Икрамович ҳам 1989 йилда туғилган. У бугунги кунда Наманган вилояти «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати раиси бўлиб, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзоди кўрсатилган.

Хуллас, шунақа гаплар, азиз дўстлар.

Энди сайловолди ташвиқотини бошлаймиз. Қонунга кўра, сайловолди ташвиқоти омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари тарзида ва бошқа кўринишларда ўтказилади.

Шу ўринда айтишим лозимки, сайловолди ташвиқоти вақтида турли тушунмовчиликлар пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида, ижтимоий тармоқларда расман мен томонидан юритиладиган аккаунтлар қуйидагилар:

Facebook – https://www.facebook.com/xushnudjohn
Twitter – @xushnudbek

Буёғига омад тилаб, қўллаб-қувватлаб турасиз деган умиддаман. Сизнинг ҳар қандай қўллашингиз менга янада куч ва умид бағишлайди.

Саломат бўлинг.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (5)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (0)

10 фикр

  1. Omadingizni bersin Xushnudbek Qashqadaryo Dehqnoboddan