Yangi hujjatlar

“Ўзкимёсаноат” компанияси имловий хатосини тез орада тўғрилашга ваъда берди

ХАБАР ЯНГИЛАНДИ: Мазкур имловий хатолик кейинчалик компания томонидан тўғрилаб қўйилган. Шу ҳақида батафсил: “Ўзкимёсаноат” ваъдасини бажарди ва имловий хатони тўғрилаб қўйди

Имловий хатолар ҳақида сўнги вақтларда кўп муҳокамалар, таклифлар, танқидий фикрлар билдирилмоқда. “Бехато ёзамиз” ижтимоий акцияси доирасида навбатдаги мурожаат “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниясига юборилди.

uzkimyo2

Ўзбек тилидаги лавҳа

Гап шундаки, “Ўзкимёсаноат” ДАК Республика биноси кираверишидаги компания номи ёзилган лавҳаларда, минг таассуфки, кичик имловий хатоларга йўл қўйилган. Мени энг ҳайрон қолдирган жиҳати, ушбу имловий хатоликлар айнан компаниянинг расмий номини ёзишда қайд этилганидир. Бундан ташқари ушбу ҳолатни ҳам ўзбек тилида, ҳам инглиз тилида ёзилган лавҳаларда кузатишимиз мумкин. Иккала тошлавҳада ҳам “kimyo” сўзи “kimiyo” шаклида ёзилган.

uzkimyo1

Инглиз тилидаги лавҳа

Бу ҳақида анча аввал Twitter ижтимоий тармоғида Сарвар Жалилов ҳам хабар берганди.

Худди шу масала юзасидан компанияга Ягона интерактив давлат хизматлари портали (http://my.gov.uz) орқали мурожаат қилдим.

mygov

Мурожаат юборилган ҳолат

mygov2

Мурожаат кўриб чиқилаётган ҳолат

24 сентябрь куни қилинган мурожаатга 21 октярбь куни жавоб хати келди.

mygov3

Мурожаатга жавоб берилган ҳолат

 

Хатда Компания фаолияти билан қизиққанлигим ва имиджи ҳақида қайғурганим учун миннатдорчилик изҳор қилинган. Шунингдек, иш фаолиятига турли нуқтаи назар ва дунёқараш билан ёндашиш шу пайтгача очилмаган қирраларни кашф қилиш ҳамда камчиликларни бартараф қилишга кўмаклашиш мумкинлиги таъкидланган.

Тошлавҳадаги хатони тўғрилаш ҳақида эса хатда маълум қилиндики, “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниясининг янги расмий рамзи тасдиқланиш ва қабул қилиниш арафасида турган экан.

Шу боис, Компания рамзи ва номланиши акс этган янги лавҳаларни расмий рамз қабул қилинганидан сўнгина ўзгартириш имконияти пайдо бўлади”, – дейди Компания иш бошқарувчиси Б.К.Тилляев жавоб хатида.

Майли, кутамиз. Асосийси хатолик тўғриланса, катта бир давлат ташкилотининг кириш қисмидаги саводхонлик билан боғлиқ бундайин ҳолат бартараф этилса, биз шунга хурсанд. Бошқа ҳеч нарса керак эмас.

Муаллиф изоҳи:

Аслида бу хабарни анча аввал ёзишим керак эди. Сабаби мурожаатни юборганимга ҳам мана 50 кун бўлди. Кечроқ ёзганимнинг боиси, ўша хато ёзув тўғриланишини кутгандим. Бугун Twitter ижтимоий тармоғи орқали олган маълумотимга кўра, ёзув ҳалигача турибди экан. Шу сабабли, яна кутишни жоиз деб топмадим. Тошлавҳа ўзгартирилиши билан, албатта яна хабар беришга ҳаракат қиламан.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (2)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

6 фикр

  1. Ўзбек тилидаги тошлавҳада бир эмас, иккита имловий хатога йўл қўйилган:
    1) “O’z” тарзидаги ифодаланган бўғин аслида “O‘z” шаклида бўлиши керак;
    2) Сиз айтгандек, “кимиё” аслида “кимё” тарзида ёзилади.
    Алоҳида расмий мурожаат бўлишига қарамай, компания раҳбариятининг бу каби эътиборсизлигини оқлаб бўлмайди. Хато дарҳол тузатилиши керак эди. Компаниянинг янги рамзи бу ерда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Жавоб хати юборилган бланкда тўғри ёзилибди-ку! Хуллас, компаниянинг жавоби ҳам, муносабати ҳам тушунарсиз.