Yangi hujjatlar

“Ўзкимёсаноат” ваъдасини бажарди ва имловий хатосини тўғрилаб қўйди

Куни кеча “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниясининг Республика биноси кираверишидаги компания номи ёзилган лавҳаларда мавжуд бўлган имловий хатоларни тўғрилаш бўйича қилган мурожаатим ҳақида аввалроқ хабар берган эдим.
Ёдингизда бўлса, компания биноси кираверишидаги тошлавҳаларнинг ҳам ўзбекча, ҳам инглизча вариантида “kimyo” сўзи “kimiyo” шаклида ёзилганди.

uzkimyo2

Имловий хатоси бор ўзбек тилидаги тошлавҳа

uzkimyo1

Имловий хатоси бор инглиз тилидаги тошлавҳа

Компаниядан олган жавобимга кўра, “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компаниясининг янги расмий рамзи тез орада тасдиқланиши ва қабул қилиниши ҳамда мазкур имловий хатоларни ўша расмий рамз қабул қилинганидан сўнгина ўзгартириш имконияти пайдо бўлиши маълум қилинганди.

Мурожаатни юборганимдан 50 кун ўтган бўлса-да, лекин ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.

Шу ҳақида 14 ноябрь куни сайтимга хабар киритдим. Ушбу хабар кейинчалик, кўпчилик ўқувчиларга эга бўлган Daryo.uz ҳамда Kun.uz сайтларида ҳам эълон қилинди.

Мана, орадан 1 ҳафта ўтишига ҳам улгурмай юқоридаги имловий хатолар тўғрилаб қўйилибди. Буни кеча кечки пайт компания биноси томонга йўлим тушганда гувоҳи бўлдим ва суратга туширдим (кечки пайт бўлгани учун сифати бироз пастроқ).

uzkimyo_1

Тўғриланган тошлавҳа – ўзбек тилида

uzkimyo_2

Тўғриланган тошлавҳа – инглиз тилида

Умуман олганда, айтишим мумкинки, Интернет ОАВнинг бугунги кунда жамиятда тутган ўрни ва аҳамияти ошиб бормоқда. Бунинг яққол мисолини мана шу воқеада ҳам кўриш мумкин. Чунки оддий бир фуқаронинг мурожаатидан кейин, биз “тез орада” янги рамзни тасдиқлаймиз ҳамда шундан сўнгина ўзгартирамиз деб 50 кун давомида ҳеч нарса қилмаган компания, Интернетда бу хабар чиққандан сўнг, янги рамз қабул қилинишини ҳам кутмасдан имловий хатоларни тўғрилаб қўйибди.

Мана, бўларкан-у! Тўғрилаш мумкин экан-ку! Битта “i” ҳарфини юлиб олиб, “K” ҳарфини сал суриб қўйиш қийин иш эмас экан-ку! Сабаби тошлавҳадаги ёзувлар махсус ёпиштирилган ҳарфлардан ташкил топган, алоҳида яхлит қилиб тайёрланмаган. Суратга эътибор берсангиз, “O’Z” дан кейин озгина оралиқ очилиб қолганига гувоҳ бўласиз.

Хўш, энди савол туғилади. Нега фуқаро мурожаат қилса, “кутиб туринг, бўлиб қолар” дейилади-ю, Интернетда чиқса, шоша-пиша бажарилади? Бу саволга жавоблар жуда кўп, ўзингизга маъқулини танлаб олаверасиз. Ҳозир бу ҳақида гапираман десам, роса чўзилиб кетади.

P/S: Ҳа, айтганча, “Ўзкимёсаноат” компаниясининг юқоридаги тошлавҳаси ўзбекча вариантида яна битта хатолик қолиб кетибди. «Ў» ҳарфи махсус апостроф – ‘ – билан ёзилиши керак, лекин тошлавҳада тутуқ белгиси ( ’ ) ишлатилган. Нима қилай, яна хат ёзсаммикин? Додлаб юборишса керак? )))

Эҳ, қачон ҳеч қандай мурожаатларсиз имловий бехато ёзишга ўтар эканмиз-а?

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (3)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Битта фикр

  1. Buni ustiga endi “O’z” va “Uz” qo’shimchalari “Kimyosanoat” so’zidan ajralib qolibdi. )) Endi kompaniyani nomi “O’zkimyosanoat” emas, “O’z Kimyosanoat” bo’ladimi? )) qiziq, shu haqda ham xat bilan murojaat qilsangiz, aniq baqirib yig’lab yuborishadi 🙂