Yangi hujjatlar

Жиззах политехника институти маъмурияти институт қачон ташкил қилинганлигини билмайдими?

Аввалроқ, сайтим орқали Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида Жиззах политехника институтида янги факультет очилганлиги тўғрисида хабар берган эдим.

Кези келганда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу хабарни тайёрлаш чоғида қизиқ ҳолатга дуч келдим. Хабарга қўшимча маълумотлар олиш мақсадида Жиззах политехника институтининг расмий веб-сайтига (http://www.djizpi.uz/) ташриф буюрдим.

Гап шундаки, сайтнинг бош саҳифасида институт ташкил этилган сана ҳақида маълумот турибди. Унда қуйидагича ёзилган:

O’zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 1992 yil 11-martdagi qaroriga asosan Jizzax politexnika instituti tashkil etildi.

http://djizpi.uz/ сайтидан скрин

http://djizpi.uz/ сайтидан скрин

Имловий хатолар ҳақида ҳам майли, индамадим. Лекин наҳотки, институт ўзининг қачон ва қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида ташкил этилганини билмаса?

Келинг, батафсил тушунтирай. Аслида Жиззах политехника институти расман Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 28 февралдаги “Республиканинг янги олий ўқув юртларини ташкил қилиш тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил қилинган. Ушбу фармон матни билан қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин.

Президент Фармони матнидан скрин | Lex.uz

Президент Фармони матнидан скрин | Lex.uz

Институт веб-сайтида келтирилган ВМ Қарорида эса (расмий матни), Жиззах политехника институти ҳақида аниқ кўрсатма берилмаган, ҳатто қарор матнида институт номи тилга ҳам олинмаган. Шунчаки, мазкур ВМ Қарори “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги олий ўқув юртларини ташкил қилиш тўғрисида» 1992 йил 28 февралдаги фармонини бажариш чоралари тўғрисида” бўлиб, умумий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилган.

Умуман олганда, гарчи ўша Вазирлар Маҳкамаси қарорида институт номи тилга олинган тақдирда ҳам, институт ташкил этилиши ҳақида гап кетар экан, энг аввало Президент Фармони қайд этилиши шарт ва зарур!

Умид қиламанки, институт раҳбарияти мазкур тушунмовчиликни тўғрилаб қўйишади ва институтнинг қачон ва қандай ҳужжат асосида ташкил этилганлигини ёддан чиқаришмайди.

Ҳа, айтганча, институт сайтидаги имловий хатоларни тўғрилаб чиқишса ҳам ёмон бўлмасди, ҳар ҳолда олий таълим муассасаси расмий веб-сайтида бундай хатолар бўлиши… Билмадим.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (6)
  • Йўқ (4)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига