2014 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Республика олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-2170-сонли Қарорга имзо чекди. Бу ҳақида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Жахонгир Исмаилов ЎзА мухбирига берган интервьюсида хабар қилди.
Шунингдек, суҳбат чоғида Жахонгир Исмаилов Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ўқишга кириш имтиҳонларини ўтказиш бўйича бир хил тизимни жорий этишда етакчилик қилаётганини таъкидлаган.
– Мамлакатимизда ёшларнинг олий маълумотли бўлишга интилиши йил сайин ортиб бораётганини алоҳида таъкидлаш керак. Масалан, 2012 йилда олий таълим муассасаларига 432 минг, 2013 йилда 480 минг нафардан зиёд абитуриент ҳужжат топширган, – деди Ж.Исмаилов.
Бундан ташқари ДТМ директори жорий йилда тест синовларида юз берадиган янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, 2014 йил 30 апрелдаги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида, 2014 йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига қабул қилиш давлат комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтган. Унда бир қатор тегишли масалалар муҳокама қилинган.
ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТ: Абитуриент-2013 мавзусидаги мақолаларни ўқишДТМ директорининг берган маълумотлари бўйича хулоса қиладиган бўлсак, 2014 йилда бўлиб ўтадиган тест синовларида қуйидагича янгиликлар амалга киритилади:
- 2014/2015 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда математика фани бўйича тест синовларига информатика ва ахборот технологияларига тааллуқли савол ҳамда топшириқлар киритилмоқда. Мисол учун, математика бўйича 30 савол, информатика ва ахборот технологиялари бўйича 6 савол киритилди.
- Тест синовларига математика фани ҳам киритиладиган 168 таълим йўналишининг 108 таси бўйича имтиҳонларга юқорида қайд этилган масалаларни жорий этиш кутилмоқда. Чунончи, “Математика фанини ўқитиш услуби”, “Физика ва астрономия фанини ўқитиш услуби”, “Кимё фанини ўқитиш услуби”, “Физика”, “Иқтисодиёт”, “Солиқ ва солиққа тортиш”, “Электроника ва асбобсозлик” ва бошқа таълим йўналишлари шулар жумласидандир.
- Абитуриентларнинг билим даражасини аниқлашда мутахассислик бўйича фанлар (3,1 балл даражасида баҳоланади) ролини тубдан ошириш мақсадида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилишда тест синовларига киритилган фанлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда янгилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.
- Юқоридагилардан келиб чиқиб, 43 таълим йўналиши бўйича тест синовлари ўтказиладиган фанлар, жумладан, 22 йўналиш бўйича мутахассисликка оид фанлар қайта кўриб чиқилди.
- Масалан, “Геофизика”, “Кончилик иши”, “Нефть ва газ конларини ишга тушириш ва улардан фойдаланиш”, “Электр техникаси, электр механикаси ва электр технологиялари (тармоқлар бўйича)” ва бошқа йўналишларда фан блоклари ўзгартирилди. Маълумот учун айтишим мумкинки, бунгача юқоридаги йўналишларда Математик (3,1), Физика (2,1) ҳамда Она тили ва адабиёти (1,1) фанларидан саволлар берилар эди.
- 2014 йилдан бошлаб, яна қўшимча 24 та таълим йўналишида ўтказиладиган тест синовларига чет тилидан саволлар киритилади. Шундай қилиб, чет тилидан тест синовлари ўтказиладиган таълим йўналишлари сони 35 тадан 59 тага ошади. Жорий йилдан чет тили қўшиладиган таълим йўналишларига мисол қилиб, “Ташишни ташкил этиш ва транспорт логистикаси (транспорт турлари бўйича)”, “Радиоэлектрон қурилмалар ва тизимлар (тармоқлар бўйича)”, “Телекоммуникация”, “Информатика ва ахборот технологиялари (тармоқлар бўйича)”, “Ахборот хавфсизлиги”, “Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти (тармоқлар бўйича)”, “Энергетика”, “Автомобилсозлик ва тракторсозлик” ва бошқа йўналишларни келтириш мумкин.
- Жорий йилдан физика асосий мутахассислик фани бўлган таълим йўналишлари сони бештадан йигирматага кўпайтирилди. Булар, масалан, “Механика”, “Геофизика”, “Кончилик иши”, “Нефть, газ ва кимё саноати технологияси”, “Электротехника, электромеханика, электр технологиялари” йўналишларидир. Бунгача, мазкур йўналишларда математика фани мутахассислик фани эди.
- Биология асосий фан сифатида ўқитиладиган таълим йўналишлари сони 18 тадан 21 тага кўпайди. “Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилик”, “Зоотехния” (турлар бўйича), “Ветеринария” ва бошқалар шулар жумласидандир. Бунгача, мазкур йўналишларда кимё фани мутахассислик фани эди.
- 2014 йилда олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кирадиган абитуриентлар тест синовидан ўтказиладиган фанлар бўйича савол ҳамда топшириқлар рўйхати ҳам қайта кўриб чиқилди. Бунинг учун тест саволларини тузиш бўйича экспертлар гуруҳи таркибига олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг икки юзга яқин тажрибали ўқитувчиси, юқори малакали мутахассислар, илмий кадрлар жалб этилди. Улар барча фанлар бўйича тест синовларига киритилган саволларни ўрганиб чиқди. Бунда абитуриентларнинг мантиқий фикрлаш қобилияти, дунёқараши, тест синовлари ўтказиладиган фанларни қанчалик чуқур билишини аниқлашга қаратилган тест саволларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Суҳбат сўнгида Жахонгир Исмаилов Олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибига киритилаётган ўзгартишлар ҳақидаги ахборот, информатика ва ахборот технологиялари бўйича тест саволлари ҳамда вазифалари дастурлари, таълим йўналишлари бўйича тест ўтказиладиган фанлар рўйхати ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, оммавий ахборот воситалари, ваколатли давлат органлари сайтлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг сайти орқали абитуриентлар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига етказилишини таъкидлади.
МАВЗУ ДОИРАСИДАГИ ХАБАРЛАР (Абитуриент-2013):