Yangi hujjatlar

Ўзбекистонда фуқаролик ишлари бўйича 12 та янги туманлараро (туман) судлари тузилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил 4 октябрь куни “Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.

Мазкур Фармонда умумий юрисдикция судларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш, туманлараро, туман (шаҳар) судлари одил судловни сифатли амалга оширишларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишларини таъминлаш учун туманлараро туман (шаҳар) судларида тегишли тартиб ўрнатиш ҳамда уларнинг иш билан бандлигини мақбуллаштиришга доир чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Фармонда таъкидланадики, Суд муҳокамаси ҳамда суд текширувлари тўлалигини таъминламай, шунингдек процессуал қонун ҳужжатларининг нормалари суд томонидан нотўғри қўлланилиши натижасида чиқарилган суд ҳукми ва қарорларининг даражаси юқорилигича қолмоқда. Ўтган йили суд ҳужжатларининг умумий миқдоридан фуқаролик ишлари бўйича суд қарорларининг 0,5 фоизи ҳамда жиноят ишлари бўйича суд ҳукми ва ажримининг 1,2 фоизи юқори инстанция судлари томонидан бекор қилинди ёки ўзгартирилди.

Туман судлари тузилмасида, ҳудудий жойлашувида, судьялар сонидаги мавжуд жиддий номутаносибликлар ишларни қараб чиқиш сифатига салбий таъсирини ўтказмоқда. Туман ва туманлараро судларнинг амалда иш билан бандлик даражасини аниқловчи мезонлар тасдиқланмаган, мазкур масалаларни ҳал этилишига сийқаси чиққан, юзаки тарзда ёндашиш ҳамон учраб турибди. Сўнгги беш йил ичида фақатгина фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилган ишлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари 3,4 баробар кўпайди ва 2012 йилда 2 миллиондан зиёд ҳужжатни ташкил этди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, қўшимча равишда фуқаролик ишлари бўйича 12 та туманлараро (туман) суди тузилиб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларининг янгиланган тузилмаси (юрисдикция ҳудуди) тасдиқланди.

Шунингдек, янги тузилаётган фуқаролик ишлари бўйича туманлараро (туман) судларини тўлдириш ҳамда иши энг кўп бўлган амалдаги туманлараро (туман) судлари ходимларининг сонини кўпайтириш учун фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларининг сони 71 тага кўпайтирилди.

Иши нисбатан камроқ бўлган судлардан 23 та судья лавозимларини иш ҳажми кўпроқ бўлган туман судларига ўтказиш орқали жиноят ишлари бўйича вилоят ва уларга тенглаштирилган судларнинг, шунингдек туман (шаҳар) судлари ходимларининг сони қайта тақсимланди.

Фуқаролик ҳамда жиноят ишлари бўйича вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда Суд амалиёти ва статистикаси таҳлили бўлимлари тузилиб, улар таркибига суд статистикаси бўйича амалдаги мутахассис лавозимлари киритилсин, шунингдек уларни тўлдириш учун қўшимча 28 нафар бошқарув ходими ажратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тузилмаси янгиланди ҳамда фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ходимларининг умумий сони тасдиқланди. Бунга кўра, фуқаролик ишлари бўйича жами 1046 нафар ходим, шундан 362 нафар судья, жиноят ишлари бўйича эса 1565 нафар ходим, шундан 476 нафар судьялик лавозими штати тасдиқланди.

Фармонга кўра, фуқаролик ишлари бўйича қуйидаги 12 та янги туманлараро (туман) судлари тузилди:
1. Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман суди
2. Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро суди
3. Қашқадарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро суди
4. Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туманлараро суди
5. Сурхондарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди
6. Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туманлараро суди
7. Бухоро вилояти фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди
8. Қашқадарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди
9. Самарқанд вилояти фуқаролик ишлари бўйича Нуробод туман суди
10. Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди
11. Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди
12. Навоий вилояти фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди

Фармоннинг расмий матни билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари Миллий базасида танишишингиз мумкин.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (8)
  • Йўқ (2)
  • Бироз (2)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига