20 июль куни республикадаги барча ОТМларда ҳужжат топшириш жараёнлари ўз ниҳоясига етди.
Аввалроқ абитуриентлар сони бўйича ўтган йилги рекорд янгилангани ҳақида хабар берган эдим. Ҳақиқатдан мазкур йилда рекорд натижа қайд этилиб, жами 543 131 нафар абитуриент ҳужжат топширди.
2013 йилда олий таълим муассасаларига абитуриентлардан тушган аризалар сони жами 480407 та бўлиб, шу жумладан, кундузги бўлимга 480163 та, сиртқи бўлимга 244 та ҳужжат қабул қилиниб, республика бўйича ўртача танлов 8,5 ни ташкил этган эди.
Республика бўйича энг кўп ҳужжат Термиз давлат университетига топширилди. Мазкур олийгоҳнинг талабаси бўлиш истагини 27552 нафар абитуриент билдирган. Кейинги ўринлардан Жиззах давлат педагогика институти (22059 нафар), Андижон давлат университети (20803 нафар), Қарши давлат университети (20656 нафар), Тошкент давлат педагогика университети (19720 нафар) жой эгаллаган.
Энг кам абитуриент Миллий рақс ва хореография олий мактабида қайд этилган бўлиб, мазкур ОТМга 138 киши ҳужжат топширган.
Энг катта ўртача танлов эса, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалига бўлди. Мазкур ОТМга ажратилган битта ўринга ўртача 20,77 киши даъвогарлик қилмоқда.
Маълумот учун, жорий йилда бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги бўлимларга умумий қабул квотаси 57907, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 19120 ва тўлов-контракт асосида 38787 нафар миқдорида белгиланган.
Тест синовлари 1 август куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.