Yangi hujjatlar

Жиноят Кодексининг “Ўғрилик” жинояти билан боғлиқ моддасига ўзгартиш киритилди

2013 йил 7 октябрь куни Президент Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, хусусан, 8 та Кодекс, 20 та Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда 1 та Олий Мажлис Қарорига ўзгартиш киритилди.

Жумладан, Жиноят кодекси махсус қисмининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисмига янги “г” банди қўшилди. Мазкур бандга кўра, эндиликда ўғрилик жинояти нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса, оғирлаштирувчи ҳолат сифатида квалификация қилинади ҳамда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, ЖКнинг 185(2)-модда биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларининг диспозицияларидаги «Электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига» деган сўзлар «Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Бундан ташқари Жиноят Кодексига янги, 255 (2)-модда қўшилди. Мазкур модда “Нефть қувурларини, газ қувурларини, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларини яроқсиз ҳолатга келтириш” деб номланиб, 4 қисмдан ташкил топган.
1-қисмида нефть қувурларини, газ қувурларини, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларини, шунингдек технологик жиҳатдан улар билан боғлиқ бўлган объектларни, иншоотларни, алоқа, автоматика, сигнализация воситаларини қасддан бузиш, уларга шикаст етказиш ёки бошқа усул билан уларни фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келтириш, агар ушбу ҳаракатлар уларнинг нормал ишлаши бузилишига олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши қайд этилган.
2-қисмида ўша ҳаракатлар такроран (а); бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб (б); магистраль қувурларга нисбатан содир этилган бўлса (в); кўп миқдорда зарар етказилишига (г); баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса (д), энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўрсатилган.
3-қисмида ўша ҳаракатлар одам ўлишига (а); жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса (б), беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади дейилган.
4-қисмида ўша ҳаракатлар одамлар ўлимига (а); бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса (б), саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши қайд этилган.
 

 

download Юклаб олиш учун ҳужжатлар:

1. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида” ЎзР Қонунининг Жиноят Кодекси билан боғлиқ қисмидан КЎЧИРМА

2. Жиноят Кодекси (энг сўнги ўзгаришлар билан)

3. Жиноят Кодексининг “Ўғрилик” жинояти билан боғлиқ моддасига ўзгартиш киритилди

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (30)
  • Йўқ (10)
  • Бироз (3)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига