Нотариат. Мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида, Президент Ислом Каримовнинг 2010 йил 5 майда имзолаган “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Фармони, нотариат институтлари фаолиятида ўзига хос бурилиш ясади. Айнан мазкур Фармон билан ўзини оқлай олмаган хусусий нотариуслар фаолиятига чек қўйилиб, республика ҳудудидаги барча хусусий нотариал органларга “давлат нотариал идораси” мақоми берилган бўлса, иккинчидан, нотариусларга қўйиладиган талаблар кучайтирилди ва ёш (25 беш ёшдан кичик бўлмаган) цензи белгиланди.
Юқоридаги Фармон ижроси юзасидан 24 та, шу жумладан, 1 та қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори ва Адлия вазирлигининг 18 та норматив ҳужжати ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 июндаги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида нотариал архивлар ҳамда қўшимча равишда 220 та давлат нотариал идораси ташкил этилди.
Умуман олганда, бугунги кунда юртимиздаги давлат нотариал идораларининг сони 540 та, нотариуслар сони эса, 738 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, 1308 нафар нотариус ёрдамчиси, котиби ва архивариус лавозимлари жорий этилган.
Адвокатура. Президент Ислом Каримовнинг 2008 йил 1 майда имзолаган “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи билан боғлиқ конституциявий нормани тўлдириши билан бирга, адвокатура институтлари фаолияти ва ташкилий тузилишининг янада самаралироқ бўлишлигини ҳам таъминлаб берди. Мазкур Фармон ижроси юзасидан 3 та қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори ва 9 та идоравий-меъёрий ҳужжат қабул қилинди.
Юқоридаги чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, бугунги кунда юртимизда 3634 нафар адвокат 1241 та адвокатлик тузилмаси (767 та адвокатлик бюроси, 410 та адвокатлик фирмаси ва 64 та адвокатлар ҳайъати)да фаолият кўрсатмоқда.
ФҲДЁ. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 30 декабрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан, ФҲДЁ органларида қўшимча равишда 219 та штат бирлиги ва олис аҳоли пунктларида 9 та ФҲДЁ бўлими ташкил этилди. Бугунги кунда республикамизда жами 244 та ФҲДЁ органи фаолият кўрсатаяпти, уларнинг 189 таси туман, 33 таси шаҳар ФҲДЁ бўлимлари ва 8 та никоҳ уйи ҳамда 14 та ФҲДЁ органлари арҳивидан иборатдир.
Манба: “Ҳуқуқ ва бурч” журнали, №08(92)/2013
Юклаб олиш учун мавзуга доир ҳужжатлар:
1. “Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги Президент Фармони
2. “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони
3. “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси Қарори
4. Ўзбекистонда нечта нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари мавжуд?